You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Россиядаги ўзбеклар Ўзбекистонга қайтаришларини сўраяпти - Ўзбекистон, O'zbekiston
Uzbekistan Airways халқаро йўналишлардаги барча қатновларни бекор қиларкан, 16 март куни Россиянинг бир неча шаҳарларига якуний қатновларни амалга оширилганини маълум қилганди. Аммо бугун тонгдан Москванинг "Внуково" аэропортида юзлаб ўзбекистонликлар сарсон қолишмоқда.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси рейслари қатнови тўхтаган, Россия авиакомпанияларидан "Ютэйр" парвоз вақтини кечиктирмоқда.
Би-би-си ўзбек хизматига аэропортдан мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик йўловчилар ватанга қайта олиша олмаётгани ва авиачипталар пули қайтариб берилмаётганидан шикоят қилдилар.
- Ўзбекистон: Коронавирусга чалинганлар сони 6 нафар экани маълум қилинди
- Ўзбекистон, коронавирус: Халқаро ҳаво йўналишларига жиддий чекловлар киритилади, чегараларда назорат кучайтирилади O'zbekiston
- Хитой ичидаги Ўзбекистон фуқаролари коронавирус хавфидан қандай сақланишяпти?
- Россия: Коронавирус мигрантларга қандай таъсир қилади?
- Бу ерда кўпчилик оддий ишчилар, улар қаерга боради ҳозир? Саҳар олдидан бери "Внуково" аэропортида сарсонмиз. "Ўзбекистон ҳаво йўллари"ни вакили билан мулоқот бўлди, лекин ноўрин гаплар. Бизга тўғри келадиган шароит яратилмаяпти: ё уйга кета олмаяпмиз, ёки чипталаримиз пули қайтарилмаяпти, — дейди ўзбекистонлик муҳожирлар.
Бугун тонгда "Внуково" аэропортига Москвада 2 фарзанди билан кўчада қолган муҳожир аёл — Мунира Усмоновани Ўзбекистонга қайтариш учун борган юрист Зарнигор Омониллаева аэропортда ўзбекистонликларнинг қийин вазиятда қолишганини билдирди.
- Чипта сотиб олинганидан кейин ҳар бир одамни телефон рақами ёзиб олинади. Авиакомпаниялар фавқулодда вазиятлар бўлса шу телефон рақамига огоҳлантириш хати — смс ёзиб ёки қўнғироқ қилиб, рейс бекор бўлганини билдириши лозим. Аммо бу ердаги одамларнинг кўпчилиги билан гаплашдим, бу иш қилинмаган. Рейслар бекор бўлганини кўрмаганлар, ёки бекор бўлганига ишонмаганлар аэропортга келишган, — дейди юрист.
Зарнигор Омониллаевага кўра, авиакомпаниялар йўловчиларга ҳеч қандай шароит яратмаган: на жой, на озиқ-овқат масаласида хизмат кўрсатилмаган. Йўловчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошлашгач, овқат учун талонлар берилган.
- Авиакомпания ходимлари бу масалага элчихона масъул, дейишмоқда, "Ютэйр"да учиб кетишни таклиф қилишмоқда. "Ютэйр"нинг 4500 рублли билети ҳозирда 17-25 минг рублгача чиқиб кетди. Темирйўлларда кетиш тавсия қилинмоқда, уни ҳам ҳар бир одам ўзи сотиб олиши керак, чипта пуллари ҳали қайтарилганича йўқ, — дейди Зарнигор Омониллаева.
Аэропортдаги ўзбекистонлик муҳожирлар ёрдам сўраб Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига қўнғироқ қилишаётгани, аммо телефонларга жавоб берилмаётганини билдиришмоқда.
- Биз коронавирусдан қўрқмаймиз, қўрқсак бу ерга келмасдик. Карантин қилишсин, розимиз, фақат бизни ватанга қайтаринг, илтимос, — дейишди йўловчилар.
Мурожаатчиларга кўра, уларнинг аксари миграция ҳужжатларининг муддати тугаганлиги учун ватанига қайтишаётган муҳожирлардир. Уларнинг Москвада қолиши — қоидабузарлик учун жаримага тортилиши ва мамлакатдан чиқариб юборилишига олиб келиши мумкин.
Бугун шу воқеалар манзарасида Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Москвадаги элчихонаси Facebook даги расмий саҳифаларида ўзбекистонлик фуқаролар томонидан мурожаатлар тушаётганини маълум қилиб, уларга коронавирус профилактикаси бўйича бир неча тавсияларни эълон қилди.
Шунингдек, Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси расмий сайтида Ўзбекистонни тарк этмоқчи бўлган ватандошлар учун махсус самолёт ташкил этиш масаласи устида иш олиб бораётганини, хорижий фуқаролар учун ҳам юртига қайтиши учун чартер рейслар ташкил этилишини маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek