Ўзбекистон: Гулнора Каримова 2028 йилгача қамоқда қолиши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримова "ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари" устидан ҳукм чиқарди, дейилади Ўзбекистон Олий суди тарқатган хабарда.
Суд қарорига биноан, Каримова 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Демак, Каримова 2028 йилда жазо муддатини ўтаб бўлиши кутилади.
"Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди" - дейилади Олий суд баёнотида.
Суд марҳум президентнинг қизи Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва "бошқа жиноятлар"ни содир этганликда айбли деб топди.
Олий суд баёнотида айтилишича, қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар, дейилади баёнотда.
Гулнора Каримованинг ўзи ва оила аъзоларидан ҳозирча муносабат билдирилгани йўқ.
Суд ҳукмидан икки кун аввал унинг қизи Имон Каримова ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида ўз онасига қарши жиноий айбловлар ваъжи билан максимал жазо муддати тайинланиши кутилаётганини маълум қилган.
"Бу каби буюртма шаклидаги суд онамга қарши иш нафақат сиёсий сабабларга эга эканини исботламоқда, балки амалдаги Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага қарши ҳар қандай халқаро судда мағлуб бўлишини кафолатламоқда" деб ёзди Имон Каримова.
Янги айбловлар
2019 йилнинг августида Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши очилганини маълум қилганди.
Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи 2015 йили 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Бош Прокуратура 2017 йили хабар берган.
2017 йил 18 декабрида эса унинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани билдирилган.
Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.
АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.
Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" юкланган.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси Гулнора Каримованинг хориждаги маблағ ва активларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.
Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузганликда айблайди.
2019 йилнинг 10 декабрида Бош прокуратура Гулнора Каримованинг швецариялик адвокати Грегуар Манжени Ўзбекистонга киришини тақиқлаганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












