Эрон учоқ фожиаси: Ғарб уни Эрон ракетаси уриб туширди деяпти

Тергов давом этмоқда

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Тергов давом этмоқда

Ғарб лидерларига кўра, мавжуд далил-исбот Теҳрон яқинида қулаган Украина учоғини Эрон ракетаси, эҳтимолки билмасдан, уриб туширганига ишора қилмоқда.

Канада ва Британия бортида бўлган 176 кишининг барини ўлдирган учоқ ҳалокатини тубдан тергов қилишга чақиришди.

Аммо, Эрон фуқаролик авиацияси раҳбари Али Обидзода учоқни ракета уриб туширмаганига "ишончи комил" эканини айтди.

"Бу учоқ (ҳаводалигида) 1 ярим дақиқа ёнаётган бўлган, локацияда кўринишича учувчи ортга қайтишга уринаётган бўлган", - деди у.

Эрон ҳукумати воизи Али Рабией ракета зарбаси ҳақидаги хабарларни "руҳий уруш усули" дея тасвирлади.

Фожиа Эрон Ироқдаги АҚШ қўшинларининг иккита ҳаво базасига ракета ҳужумларини амалга оширганидан бир неча соат ўтиб юз берганди.

АҚШ матбуотидаги хабарларга кўра, Эрон ўз ҳужумларига АҚШ ҳарбий учоқлари жавоб қайтармоқда, деб ўйлаб Украина учоғини уриб туширган бўлиши мумкин.

Эронда Россияда ишлаб чиқарилган Тор мудофаа тизимлари борлиги маълум

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Эронда Россияда ишлаб чиқарилган Тор мудофаа тизимлари борлиги маълум

Қурбонлар орасида 82 эронлик, 63 канадалик, 11 украиналик, ҳамда Швеция, Британия, Афғонистон ва Германия фуқаролари бўлишган.

CBS News АҚШ махфий хизматларидаги манбасидан иқтибос келтиришича, ракета ҳужумлари қилинганда сателлит радарида иккита инфрақизил "нуқта" ёниб ўчган, кейин эса портлаш нуқтаси ёниб ўчган.

Айни дамда Newsweek чоп қилган Пентагон ва АҚШ хавфсизлик хизматларидаги манбалар, ҳамда Ироқ махфий кучларидаги расмийнинг сўзларига кўра, Украина халқаро ҳаво йўллари учоғининг PS752 парвозини Россияда ишлаб чиқарилган Тор ракетаси уриб туширган.

New York Times қўлга киритган видеода афтидан тунги Теҳрон узра ракета чизиқ чизиб учаётгани ва сўнгра учоқ билан тўқнашиб портлагани акс этади. 10 сониядан кейин ерда кучли портлаш эшитилади. Ёниб кетган учоқ эса учишда давом этаётгани кўринади.

Украина президенти учоқ ҳалокати қурбонлари оилалари билан кўришди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Украина президенти учоқ ҳалокати қурбонлари оилалари билан кўришди

АҚШ Президенти Доналд Трамп пайшанба куни бу учоққа нима бўлгани ҳақида ўз "шубҳалар"ига эга эканини айтганди.

Украина Президенти Володимир Зеленский Ғарб давлатларини фалокат борасидаги маълумотлари билан бўлашишни сўради.

Канада Бош вазири Жастин Трудо Эрон, балки билмасдан, учоқни ракета билан уриб туширгани ҳақида бир қатор манбалардан махфий маълумот олганини билдирди.

"Бу изчил тергов олиб борилишига зарурат бор эканини тасдиқлаяпти. Канадаликларда савол кўп ва улар жавоб олишга лойиқлар", - деди у.

Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳам жаноб Трудо баёнотини такрорлади, ҳамда Британия фалокатдан жабрланган Канада ва бошқа халқаро шериклар билан яқиндан ишлаётганини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek