Ўзбекистон ўз дипломатини хоинликда айбдор топди, аммо у ким учун хоинлик қилган?

Сурат манбаси, Bobur Yusupov
Ўзбекистон Ҳарбий суди собиқ дипломат Қодиржон Юсуповни давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топди ва унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бу ҳақида Олий суд матбуот хизмати ўз сайтида хабар чоп қилди.
"Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди. Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи К. Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди", деб ёзилади хабарда.
Қодиржон Юсупов 2018 йил 3 декабрда Тошкент метросининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаганди. Оғир жароҳатлар билан омон қолган ва касалхонага ётқизилган Юсуповнинг оиласига кўра, у охирги ойларда чуқур депрессия ва уйқусизликдан шикоят қилиб келган.
Унинг оиласига кўра, Қодиржон Юсупов касалхонага келган милиционерларга ўзининг хорижий агент эканлигини айтиб алжираши ортидан Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) зобитлари уни ҳибсга олиб кетишган.
Руҳий шифокор Владимир Дьяковнинг тиббий хулосасига кўра, Юсупов қабул қилган "Севпрам" дориси қабул қилиниши тўхтатилганда, беморда галлюцинация, алжираш, ваҳима, ўзини ўлдириш истаги каби асоратлар юзага келиши мумкин.
Қодир Юсупов тергов чоғида илк баёнотларини рад қилган. Унинг иши бўйича юз бераётган процессуал хатолар бўйича қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Human Right Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти танқидий ҳисобот чоп қилган.
Ташкилот Юсуповнинг руҳий аҳволи ҳисобга олиниши ва у зудлик билан озод қилинишига чақирганди.
Human Right Watch ташкилоти, шунингдек, Юсуповга нисбатан ҳибсхонада қилингани даъво қилинган руҳий қийноқлар, хусусан аёли ва қизини жинсий зўрлаш, ўғлини қамаш таҳдидлари билан иқрорномага имзо чекдириш ҳоллари тергов қилиниши лозимлини айтган.
Суд иши
Собиқ дипломатнинг Лондонда яшовчи ўғли Бобур Юсуповнинг Би-би-сига айтишича, 8 январь куни ўтган ҳарбий суд ишига унинг опаси ва укаси киришига рухсат берилган.

"Дадам билан панжара ортида кўришишга 25 дақиқа рухсат беришди. Бу 13 ой деганда оиласи билан унинг биринчи кўришиши. Дадам кўзларида ёш, лекин курашишда давом этишини айтибди. У ўзига сўз берилганида ҳам мутлақо айбсиз эканини айтибди. Лекин, жуда озиб-тўзиб кетган, қариб қолибдилар", - дейди унинг ўғли.
Юсуповнинг оиласига кўра, унинг қайси давлат манфаатига қандай хизмат қилгани, қандай хоинлик қилгани борасида биронта далил-исбот келтирилмаган.
Олий суд баёнотида ҳам Қодиржон Юсупов 157-моддага асосан айбдор топилгани айтилган, аммо айнан қандай хоинлик қилгани борасида тафсилотлар берилмаган.
Юсуповнинг Ҳарбий суддаги иши олти марта кечиктирилган, аммо нега кечиктирилганига изоҳ берилмаган.
"Бизнинг ҳафсаламиз пир бўлди. Октябрдан бери шунча марта ишни кечиктиришганига биз қандайдир ижобий натижа бўлади, деб ўйлагандик. Дадамнинг айби исботланмади. Ўзбекистон қилган процессуал хатолар, адвокат билан кўришиш йўлидаги тўсиқлар, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси қилган даъволар, отамнинг руҳий аҳволи ҳисобга олинмади. Ишда Ўзбекистон Омбудсмани бирон марта ҳатто кўриниш бермади. Қийноқларни қўллагани айтилган шахслар тергов қилинмади. Энди уни қамашди", - дейди Бобур Юсупов.
Унинг айтишича, ўз оиласи ва адвокат 10 кун ичида отасига ўқилган суд ҳукмидан кассация судига шикоят қилишга тайёрланишмоқда.












