Ўзбекистон: Олий таълим қамрови даражасини Мирзиёев 50 фоизгача ошира оладими?

Тест жараёнини кузатаётган ота-оналар
Сурат тагсўзи, Тест жараёнини кузатаётган ота-оналар
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясини имзолади. Унга кўра, 2030 йилда ўрта таълимни битирган абитурентларнинг 50 фоизи олий ўқув юртларига кириши таъминланиши керак.

Ўзбекистон университетлари жаҳондаги энг нуфузли олийгоҳлар рўйхатида бўлмаслиги мумкин, аммо кириш энг қийин бўлган ўқув даргоҳлари рўйхатида, шубҳасиз, биринчилардан.

Президент имзолаган концепцияда, нодавлат олий ўқув муассалари сонини, жумладан давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳисобига 5 тадан 35 тага етказиш, кредит-модул тизими қамровини 2 фоиздан 85 фоизга чиқариш режалаштирилмоқда.

У олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини ташкил қилишни мақсад қилган.

Президент фармонига кўра, мамлакатдаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро рейтинглардаги биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ҳам мақсад қилинган.

Олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилади.

Давлат раҳбари ўқув дастурларини тузишда халқаро тажрибани қўллашни, хусусан назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтилишини буюрди.

Квота ва имтиёзлар

2018 йилда олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитурентлардан бор йўғи 9 фоизи ўқишга қабул қилинган. 660 минг абитурент олий ўқув юртлари бўсағасидан қуруқ қайтган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар беришича, жорий йилда 1 066 092 абитуриент мамлакат олий ўқув юртларига ўқиш истагини билдириб ҳужжат топширган.

2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасаларига йўналишлардаги квоталар сони жами 102 400 ўрин экани эълон қилинди. Демак, ҳужжат топширганларнинг тахминан 10 фоизи ўқишга кира олди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 114 та, жумладан 93 та миллий ва 21 та хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Аҳолиси Ўзбекистондан қарийб икки баравар кам бўлган қўшни Қозоғистонда олийгоҳлар сони 127та.

Ҳатто урушлардан вайрон бўлган Афғонистонда ҳам, 2015 йилги маълумотга кўра, олий таълим ўқиш ёшидаги аҳолининг 15 фоизини қамраб олган.

Бу Ўзбекистондаги бугунги кўрсаткичдан 5% кўп демакдир.

Ватанида олий таълим олиш имконидан мосуво бўлган ёшлар хориж, айниқса Россияда таълим олиш учун мамлакатни тарк этишмоқда.

Ўзбекистоннинг ўзида омади чопмаган абитурентларнинг ҳаммаси ҳам Россияга бориб ўқий олмайди. Иккинчи томондан борадиган жойлари ҳам унчалик кўп эмас. Улар Россияга боришса, асосан талаба бўлиб эмас, меҳнат муҳожири бўлиб борадилар.

Россия миграция хизмати маълумотларига қаралса, Россияда ишлаётган мигрантлар орасида айнан 18-24 ёшдагилар сони салмоқли эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларидаги ўринларнинг камлиги рақобатни кучайтирган. Аммо, бу рақобатни ҳар доим ҳам соғлом деб бўлмайди.

Унинг устига, зулфиячи абитурентлар ва ҳарбийларга берилган имтиёзлар сунъий рақобатни ҳам юзага келтирган. Президент Шавкат Мирзиёев имтиёзли абитурентлар рўйхатига ўтган йил ҳарбийлар фарзандлари ва Намангандаги "Ибрат" мактаби битирувчиларини ҳам қўшди.

Бу потениал абитурент учун яхши янгилик эмасди.

Қатор мутахассислар, хусусан Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов хусусий ўқув юртлар сонини ошириш ечим бўлиши мумкинлигини айтиб чиққан.

Президент фармонида нодавлат олий ўқув юртлар сонини, жумладан давлат-хусусий шерикчили ҳисобига 5 тадан 35 тага етказиш мақсад қилиб белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek