Ўзбекистон: Мирзиёев Қўқонда ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга чақирди

Қўқон шаҳри Худоёрхон ўрдаси майдонида мустақил Ўзбекистон тарихида илк халқаро ҳунармандчилик фестивали очилмоқда. Уни Президент Шавкат Мирзиёев очиб берди.
Фестивал очилиш маросимида қатнашган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Аваз Тоҳировнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев ҳунармандчилик санъати бугун қўллаб-қувватланмаса эртага кеч бўлишини таъкидлаган.
"Халқ амалий санъатига шунчаки, ўтмиш ёдгорлиги сифатида беписанд қараш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Агар бу нодир санъатни давлат ва жамият томонидан кенг қўллаб-қувватламас эканмиз эртага кеч бўлади. Ҳунармандчилик соҳаси даврнинг кескин рақобатига бардош беролмайди", деган Президент Мирзиёев.
Президент нима учун фестивал учун айнан Қўқон шаҳри тнланганига шундай изоҳ берган:
"Қўқон танлангани бежиз эмас. Буюк Ипак йўлида жойлашган бу шаҳар Фарғона водийсининг гавҳаридир".
Шунингдек, фестивалга Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қанча хорижий элчилар ва дипломатлар ҳам келган.
Меҳмонлар Фарғона халқаро аэропортида карнай-сурнай, нон ва туз билан тантаналаи кутиб олинди.
Фестивал муносабати билан шаҳарда ҳунармандлар учун 70 дан зиёд савдо расталари ташкил этилди.

10 - 15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказилувчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 80 га яқин мамлакатнинг ҳунарманд усталари қатнашиши хабар қилинган.
Уларнинг фестиваль билан боғлиқ харажатлари ташкилий қўмита томонидан қопланиши айтилган.
Республика бўйича яна 1000 нафар маҳаллий ҳунарманд ушбу тадбирда қатнашиши кўзда тутилган.
"Фестиваль доирасида ташкил этилган кўргазмаларда бўлиб, унда намойиш қилинаётган буюмларни завқ билан томоша қилдим.
Менга Перулик ҳунарманднинг кумуш тақинчоқлари ва минглаб характер акс этган ўймакорлик буюмлари жуда ёқди. Ўзбек усталари орасида ғиждувонлик Алишер исмли кулолнинг буюмлари эсимда қолди", деган Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича вице президенти Манжари Нирула ЎзАга.
13 сентябрь куни Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши раҳбари Қўқоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилгани тўғрисидаги сертификатни топширди.
Қўқон Марказий Осиё мамлакатлари кесимида ушбу рўйхатга киритилган биринчи шаҳар бўлди.
Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилган.
Telegram каналимиз: @bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












