Ўзбекистон: Европада Тошкент пропискаси ҳақида гапирмоқчи бўлган журналистга хорижга чиқиш тақиқи қўйилди

Сурат манбаси, Malohat Eshonqulova
Инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Малоҳат Эшонқуловага вақтинча Ўзбекистондан хориж чиқиш тақиқи қўйилди. Журналист Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Варшавада ўтадиган йиғилишига Тошкент пропискаси вилоятлик фуқароларга нисбатан дискриминация эканлиги тўғрисида маъруза қилишни режалаганди.
"4 сентябр куни Мирзо Улуғбек туман 1 - сон Ички ишлар бўлими бош тергочисиман деб таништирган Фурқат Лутфиддинов мени чақириб қолди. У менга, Малоҳат опа бизга шошилинч бир хабар келди, четга чиқиб кетиб қолаётган экансиз. Мана қўлимда сизнинг чет элга чиқиш ҳуқуқингизни чеклаш тўғрисидаги қарор. Бу қарорни барча чегара постларига, аэропорт, вокзалларга тарқатиб чиқдим. Энди сиз чет элга чиқиш ҳақидаги хаёлларни унутасиз, деди", дейди Малоҳат Эшонқулова.
Хорижга чиқиш тақиқи қўйилишига Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниевнинг аризаси сабаб бўлган.
У Малоҳат Эшонқуловани туҳмат ва ҳақорат қилишда айблаган.
Терговчи Эшонқуловага суд жараёнлари бир ёқлик бўлмагунча унинг чет элга чиқиш ҳуқуқи чекланишини маълум қилган.
Терговчи Лутфиддинов Малоҳат Эшонқуловага "жиноий иш" билан танишиб чиқиш имкониятини бермаган.
Эшонқулованинг айтишича, Варшавадаги семинарга уни фақат электрон почта орқали таклиф қилишган ва у бу ҳақда ҳеч кимга айтмаган эди.
Терговчи Фурқат Лутфиддинов Малоҳат Эшонқулованинг хорижга чиқишидан қандай бохабар бўлганини маълум қилмаган.
"Бир сўз билан айтганда, менинг хорижга чиқиш ҳуқуқимга чеклов қўйилиши, менга нисбатан жиноий иш очилиши менинг мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаолиятимга қилинаётган таҳдид, таъқиб ва босим деб тушунаман", дейди Эшонқулова.
Журналистнинг ўз адвокатига таяниб айтишича, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида фуқарога туҳмат ва ҳақорат бўйича жиноий иш очилишидан олдин шахс айни шу моддалар билан 1, 2 ҳатто 3 маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши керак эди.
"Ваҳоланки, илгари мен туҳмат ва ҳақорат моддалари билан бирор маротаба ҳам маъмурий жавобгарликка тортилмаганман", дейди у.
Малоҳат Эшонқулова нима учун унга келганида Ўзбекистон қонуни ишламаётгани тўғрисида терговчи Фурқат Лутфиддиновдан сўраган.
"Фурқат ака жиноятингизнинг ижтимоий хавфлилик даражаси катта деди", дейди Эшонқулова.
Би-би-си терговчи Фурқат Лутфиддиновга боғланиб изоҳ олишга ҳаракат қилди.
Бироқ у тергов сирини ошкор қилолмаслини айтиб, гапиришдан бош тортди.
Малоҳат Эшонқулова 2019 йилнинг апрел ойида Зомин туман ҳокимлиги фуқаронинг мулкини ноқонуний бузганлиги тўғрисида видео материал тайёрлаган эди.
Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниев материал юзасидан ўзи бошқариб турган туман ички ишлар бошлиғи ва прокурори номига ариза ёзган.
Зомин ҳокими аризада "Каримов ҳукумати мухолифат фаолининг жонига қасд қилганди, Зомин туман ҳокими унинг молига қасд қиладими" номли лавҳани туҳмат, деб билишини айтган.
"Ушбу лавҳани Зомин туман ҳокимлиги, суд идоралари, шахсан менга нисбатан туҳмат деб ҳисоблайман ва шахсни обрўсизлантирадиган, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилгани учун фуқаролар Худойбердиев Нишонбой, Азимова Санобар, ва уларнинг блогери (исми фамилияси кўрсатилмаган) нисбатан қонуний жазо кўришингизни сўрайман", деб имзо чеккан ҳоким.
Малоҳат Эшонқулова бир гуруҳ фаоллар билан унга очилган жиноий иш ва хорижга чиқишга қўйилган тақиқлардан норози бўлиб, 5 сентябр куни Тошкентдаги Америка элчихонаси олдида пикет ўтказганини айтади.
Эшонқуловага очилган жиноят ишида судяларга нисбатан "илинган исдан арвоҳдек" деган нисбат ҳақорат дея таснифлангани айтилади.
Эшонқулова Президент Шавкат Мирзиёев судя ва ҳокимларни кескин сўзлар билан танқид қилиб турганда, нима учун фақат журналистга нисбатан жиноий иш очилаётганини савол остига олган.
"Президентимиз постига ўтирганларидан буён судяларни ниҳоятда қаттиқ танқид тиғига оладилар. Ҳаммада эркин фикрлаш ҳуқуқи бор. Шоҳда ҳам гадода ҳам. Ўзбекистонда қонун шоҳ ва гадога баробар эмасми? Интернетни Президентнинг танқид қилган сўзлари босиб кетган. Унда Президентни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриш керак", дейди у.
Малоҳат Эшонқулова шу йилнинг 11 июн куни рақамсиз машинада ички ишлар ходими ёрдами билан Тошкентдаги уйидан ўғирлаб кетилгани ҳақида айтган эди.
Фуқаро кийимидаги номаълум шахслар уни Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига олиб боришган.
Терговчи Бобомурод Эркинов уни Зомин тумани ҳокимига туҳмат қилишда сўроқ қилишга уринган ва 1,5 соатдан сўнг қўлига чақирув қоғози бериб чиқариб юборган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












