Сиёсат: АҚШ Ўзбекистонни Россиядан “рашк қилаяпти”ми?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Расмий хабарларга кўра, Америка Қўшма Штатлари Савдо вазири Тошкентга келмоқда.
Уилбур Луис Росснинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши ҳам кутилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг веб саҳифасида расман хабар берган.
Сўнгги янгилик Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифидан кун ўтиб, бўй кўрсатган.
Минтақавий таҳлилчилар эътиборини тортгани ҳам, бу икки ташрифнинг кетма-кет амалга ошаётгани бўлади.
Путиннинг давлат ташрифи давомида Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда илк атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига расман старт берилган.
Расмий Тошкент ва Москва ўртасида умумий қиймати "$27 АҚШ миллиард долларига тенг" шартномалар имзоланган.
Буларнинг барчаси таҳлилчилар орасида Ўзбекистоннинг қайта Россиянинг таъсир доирасига тушиб қолишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Марказий Осиё эса, дунёнинг бу икки глобал қудрати геосиёсий манфаатлари тўқнашган минтақаларидан бири сифатида кўрилади.
Президент Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи эса, Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқаларга жиддий дарз етган бир манзарада кузатилган.
Стратегик шериклар...

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил май ойида Америка Қўшма Штатларига қилган расмий ташрифи чоғида эса, томонлар "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаб юборишган.
Расмий хабарларда Ўзбекистон ва АҚШ президентлари ўртасидаги тор ва кенг доирадаги музокараларнинг ўзаро ишонтириш ва нисбатан эътирофлар манзарасида кечгани айтилган.
Мулоқотлар чоғида асосий эътибор минтақавий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкорлик, ислоҳотлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби журналистларга берган брифингида, "ташриф давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши"ни маълум қилган.
Томонлар ўртасида умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилганини билдирган. Бу рақамлар, албатта, ташриф давомида ўзгариши ҳам мумкинлигини қўшимча қилганди.
Россия билан қиёсланганда, АҚШ Номинал Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлади.
Истеъмол қобилияти паритети бўйича эса, бу мамлакат жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаб турган давлат саналади.
"Тарихий" илк расмий ташриф чоғида томонларнинг ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий ҳамкорликларини чуқурлаштириш, бу билан янги иш ўринлари яратиш истагида эканликлари маълум бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ компаниялари ва инвесторларига Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини яратиш ва тақдим этишга тайёр эканлигини билдирганди.
"Мувозанатли сиёсат..."

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ янги президентининг Жанубий Осиё бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган бир манзарада АҚШ раҳбари кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этган.
АҚШ маъмуриятининг ўтган йил якунида эълон қилган Жанубий Осиё бўйича янги стратегияси Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро алоқаларни аввал кузатилмаган бир даражада мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Президент Дональд Трампнинг айни мазмундаги баёноти геосиёсий рақиблари бўлган Россиянинг сўнгги йилларда минтақада ўз манфаатлари парваришлаш ҳаракатига тушиб қолган бир манзарада янграган.
Сиёсий таҳлилчилар эса, Россия билан мавжуд геосиёсий танглик манзарасида расмий Вашингтон минтақа давлатлари билан яқинлашиш сиёсатида, асрларки, ўзлари учун муҳим бўлган келган қадрият ва тамойилларга кўз юмишгача бориши мумкинлигини башорат қилишган.
Ўзбекистон ва АҚШ мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истагида эканликлари, бунинг учун беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий режа ижросининг муҳим эканлигини урғулашган.
Сўнгги янгилик эса, расмий Тошкент АҚШ каби дунёдаги яна бир қудратли стратегик шериги Россия билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришга зўр бераётган бир манзарада кузатилганди.
Аммо ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримовнинг "концепциясига содиқ" қолишлари, "қўшилмаслик" йўлини тутишда давом этишларини расман баён қилган.
Айни ўринда, маҳаллий кузатувчиларга кўра, яқинда доимий аҳолиси сони 33 миллиондан ортган Ўзбекистон тўқнаш келиб турган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳам озмунча эмас.
Шундай экан, кетма-кет ташрифлар мисолида воқеаларнинг сўнгги ривожи нималарга далолат қилади?
Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












