Тошкентда "Ўзбегим" фестивали бошланди

8 сентябрдан Ўзбекистон пойтахти марказидаги кўчалар ёпилиб "Ўзбегим" миллий қадриятлар фестивали доирасидаги тадбирлар бошланди.

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари фестивал тадбирлари ҳақида онлайн трансляциялар бошладилар.

"Ўзбегим" миллий қадриятлар фестивали Ўзбекистон анъаналари, урф-одатлари, ҳунармандчилик ва санъат намуналарини, миллий пазандачилик ранг-баранглигини намойиш этиш мақсадини кўзлаган.

Ўзбекистонлик ошпазлар 8 тонналик палов пиширишга қарор қилганлар.

Бу Гиннеснинг рекордлар китобига киритиладиган ош бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги Milliy.tv ҳамда Guinness World Records ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ўзбек ошпазларининг ош пишириш жараёнини тўғридан-тўғри жонли намойиш этмоқдалар.

"Ўзбегим" доирасида ҳунарманд усталарнинг мастер-класслари ташкил этилиши, шарқий арт-бозор ва Ўзбекистон ноз-неъматларидан ярмаркалар уюштирилиши, "Тандир шоу" деб номланган томоша, фольклор ансамблларининг, дорбозлар чиқишлари, театрлаштирилган томошалар, халқ ўйинлари ва модалар намойишлари режалаштирилган.

Фестивал доирасида "Ўзбегим" китобининг тақдимоти ҳам бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02