Қозоғистонда таъқибчиси томонидан ўлдирилган қиз иши бўйича полиция ходимларига жиноят иши қўзғатилди

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қозоғистон ИИВ Чимкент шаҳрида яшаган 21 ёшли Нурай Серикбайнинг ўлими ортидан бир қатор полиция ходимларига нисбатан жиноий иш очди. Қизни ўлдиришда уни узоқ вақт давомида таъқиб қилган, уни ўғирлаб, мажбурий никоҳга тортишга уринган эркак гумонланмоқда. Нурайнинг оиласи унга нисбатан амалга оширилган аввалги ўғирлаш уриниши ҳақида полиция ва прокуратурага мурожаат қилган, аммо ҳеч қандай ёрдам олмаган.

Жиноят иши полиция ходимларига нисбатан бепарволик моддаси бўйича қўзғатилган. Сабаби - улар ўтган йил октябр ойида Нурай Серикбайни 28 ёшли таниши томонидан ўғирлаш ва никоҳга мажбурлаш ҳолати бўйича иш қўзғатишдан бош тортишган.

Бу ҳақда Қозоғистон парламенти норасмий суҳбатида ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов журналистларга маълум қилди. Гап мамлакатнинг аҳоли сони бўйича учинчи ўринда турадиган шаҳри Чимкен полиция департаменти ходимлари ҳақида бормоқда.

Полиция ходимлари устидан олиб борилаётган терговни ИИВнинг хавфсизлик департаменти амалга оширмоқда. Адиловнинг таъкидлашича, Чимкент полицияси раҳбарияти "қаттиқ жавобгарликка" тортилган.

20 январ куни ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, Чимкент полиция бошлиғи, унинг ўринбосари ва бир нечта бўлим раҳбарлари лавозимларидан озод этилгани маълум бўлди.

Нурай Серикбайнинг таъқибчиси томонидан ўлдирилиши Қозоғистонда катта жамоатчилик резонансига сабаб бўлди. Мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев бу иш бўйича Бош прокуратура "атрофлича" текширув ўтказишини ваъда қилди.

Мажбурий никоҳга уриниш ва ўлдириш

Шимкент шаҳрида истиқомат қилган 21 ёшли Нурай Серикбайнинг ўлдирилгани ҳақида хабар 11 январ куни тарқалди. Қиз пичоқдан олган оғир жароҳатлар туфайли ҳалок бўлган. Орадан икки кун ўтгач, полиция 28 ёшли гумонланувчи - Нурайнинг танишини қўлга олди. Суд уни икки ойга қамоққа ҳукм қилиб, "одам ўлдириш" билан айблади.

Нурайнинг акаси Султон Серикбай Жас Алаш ютуб-каналига интервюда шундай дейди: эркак Нурайни кўп вақт давомида таъқиб қилган ва ўтган йил октябр ойида уни Олматадан куч билан машинага ўтқазиб, Чимкентга олиб келган. Мақсад қизни мажбурий никоҳга рози қилиш бўлган.

Султон воқеадан хабардор бўлиб, синглисини ўғирловчининг уйидан олиб чиққан. Нурай ўша пайтда ўз хоҳишига қарши олиб кетилгани учун полицияга ариза бермоқчи бўлган. Бироқ Султоннинг айтишича, маҳаллий полиция бўлимида қизга босим ўтказиб, ариза ёзмасликка мажбур қилишган.

Унинг сўзларига кўра терговчи ва ўғирловчининг отаси Нурайни "ариза ёзсан, у бир неча йил қамалади, сен қандай яшайсан?" деган гаплар билан қўрқитишган. Охир-оқибат уни "ҳеч қандай даъвоси йўқлиги" ҳақида ёзишга кўндиришган. Эркак эса Нурайни энди безовта қилмасликка ваъда берган.

Ўзлари кутган ҳимояни ололмаганидан кейин оила прокуратурага мурожаат қилган. Аммо прокуратура: "Текширув ўтказиш ва жиноят иши қўзғатиш учун асослар етарли эмас", деган жавоб қайтарган.

"Алип қашу"

"Алип қашу" ("Олиб қочиш") - Қозоғистонда ва айрим қўшни мамлакатларда ҳали ҳам учраб турадиган одатлардан биридир. Бунда қиз ёки аёл мажбурий никоҳ қуриш мақсадида ўғирлаб кетилади. Жабрланувчилар кўп ҳолларда оилавий босим, жамиятнинг муҳокамаси, обрў-эътиборни йўқотишдан қўрқиш каби сабаблар туфайли ўша уйда қолишга ва никоҳга розилик беришга мажбур бўлишади.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, бу удум қатъиян тақиқланган ва Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазоланади. 2025 йил сентябридан бошлаб ушбу жиноят бўйича қуйидаги ўзгаришлар кучга кирди:

у оғир жиноят сифатида қайта таснифланди;

жарима миқдори 8 миллион тенгагача оширилди;

озодликдан маҳрум қилиш муддати узайтирилди.

Эндиликда мажбурий никоҳга мажбурлаш ёки ўғирлаш учун 7 йилгача, oғирлаштирувчи ҳолатларда эса 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Шунингдек, илгари мавжуд бўлган "агар айбдор жабрланувчини ихтиёрий равишда қўйиб юборса, жавобгарликдан озод этилади" деган норма ҳам бекор қилинган.

"Келин" ўғирлаш ишлари бўйича тергов муаммолари

«НеМолчиKZ» ҳуқуқни ҳимоя қилиш фонди раҳбари Динара Смаилованинг айтишича, Қозоғистон полицияси қизларни ўғирлаш ва оилавий зўравонлик ҳолатларини тергов қилишда кўп ҳолларда қатъиятсизлик қилади. Унинг Би-би-сига билдиришича, полицияга бориб ариза бериш, жиноятга тўғри баҳо бериш ва айбдорни жазолатиш жуда қийин, чунки полиция ходимлари жиноят малакасини енгиллаштиришга ҳаракат қилади.

Агар гумонланувчи қизнинг таниши, дўсти ёки қариндоши бўлса, уларни жавобгарликдан қутқариш учун алоҳида уриниш бўлади.

Смаилова қўшимча қилишича, ўтган йили Чимкентдан мажбурий никоҳга олиш мақсадида ўғирлаш бўйича тўртта мурожаат тушган. У ҳолатлардан бирида полиция қизни ариза ёзмасликка кўндирган - чунки ўғирлашда иштирок этганларга қамоқ жазоси таҳдид қилган.

Унинг фикрича, Нурай Серикбай ишида полиция ходимлари "Мансабга совиққонлик билан қараш" моддаси билан жавобгарликка тортилмоқда, лекин бу ўринда "Инсон ўлимига сабаб бўлган хизмат бурчини бажармаслик" моддаси қўлланилиши керак эди.

Ҳозирги модда бўйича полиция ходимларига фақат жарима ёки ишдан бўшатиш таҳдиди бор, бу эса яна уларни жавобгарликдан соқит қилади. Унинг таъкидлашича, полиция ходимларига нисбатан қаттиқ чоралар кўрилмагани учун вазият ўзгармаяпти.

Қозоғистон Кризис марказлари иттифоқи раҳбари Зулфия Байзакова Би-би-сига айтганига кўра, қонунчиликда қиз ўғирловчиларни жазолаш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш нормалари аниқ белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда бу нормалар ишламайди.

Унинг фикрича, полиция жиноят ишини қўзғатиб, барча материалларни тўплаб, гумонланувчини қамоққа олиши керак эди. 2025 йил 30 декабрда президент ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонунни имзолаган бўлса-да, амалиётда ҳали ҳам ўзгариш сезилмаяпти.

Қозоғистонда мажбурий никоҳ учун ўғирлаш билан боғлиқ жиноятлар бўйича расмий статистика эълон қилинмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача мамлакатда мажбурий никоҳ учун ўғирлаш билан боғлиқ 214 та жиноий иши қўзғатилган. Аммо фаол Назим Жангазинованинг ORDA.kzга айтишича, реал ҳолат анча жиддий - бу каби жиноятларнинг катта қисми полициягача етиб бормайди. Шу боис, асл рақамларни аниқлашнинг иложи йўқ.