Семизлик саратон хавфини кучайтиради

Лансетга кўра семизлик саратон хавфини кучайтирар экан

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сурат тагсўзи, Лансетга кўра семизлик саратон хавфини кучайтирар экан

Семизлик 10 турдаги саратон касаллиги хавфини кучайтиришини Лансет тиббий журнали илмий тадқиқотга асосланиб эълон этди.

Фақат Британиянинг ўзида йилига 12,000 дан ортиқ инсон семизлик туфайли турли саратон касалликларига дучор бўлишар экан.

Агарда семиз инсонлар сони ҳозирги суръатда кўпайса йилига қўшимча 3,700 инсоннинг саратонга чалиниши турган гап.

Бу тадқиқот давомида 5 миллион инсон қатнашган.

Лондоннинг Гигиена ва Тропик касалликлар институти ўтказган ушбу текширув етти йил давом этган.

Тадқиқотга биноан 13-16 кило ортиқча вазн олти турдаги саратон касаллигига дучор бўлиш эҳтимолини кучайтиради.

Бу турлар орасида ўт пуффаги, буйрак, бачадон, қалқонсимон бези ва қон саратонлари кўпроқ қайд этилган.

Вазни нормадан ортиқ бўлган инсонларнинг жигар, йўғон ичак, тухумдон ва кўкрак бези саратонларига йўлиқиш эҳтимоли ҳам ортар экан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02