Тожикистон Тоғли Бадахшонда нималар бўлмоқда? Tojikiston Markaziy Osiyo

Сурат манбаси, Social media
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида бир ҳафтадан буён вазият нотинч, маҳаллий аҳоли 21 тинч фуқаронинг жасади яқинларига қайтарилганини хабар қилди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятининг Рўшон туманидаги ҳодисаларни "аксилтеррор операцияси" деб атаган, саккиз инсон ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатланганини тасдиқлаган.
Тожикистон расмийлари ҳалок бўлган, яраланган ва қўлга олинган одамларни "террорчилик гуруҳларининг аъзолари" деб атаган, бироқ мустақил матбуот бу инсонларни ўз ҳуқуқларини талаб қилиб норозилик намойишига чиққан тинч фуқаролар, деб айтадилар.
Тоғли Бадахшондаги ҳодисаларнинг сўнгги тафсилотлари ҳақида ахборот олиш қийинлашган, мухтор вилоят билан телефон ва Интернет алоқаси узилган, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳудудга киришлари тақиқланган.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг хабар қилишларича, вилоят маркази Хоруғ шаҳрига элтадиган йўллар бекитилган.
Тожикистонни Хитой билан боғлайдиган Душанбе-Хоруғ йўли ҳам ёпиқ.
Хоруғ устида вертолёт учиб юргани айтилади.
Ҳафта бошидан буён давлат корхона ва ташкилотлари, ўқув муассасалари ва жамоат транспортининг фаолияти тўхтатилган.
Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги кузатилмоқда.
Норозилик нимадан бошланди?
14 май куни бир неча юз киши Хоруғ шаҳрида норозилик намойиши уюштирганлар.
Улар Тоғли Бадахшон Автоном вилояти раҳбари ва Хоруғ шаҳри ҳокимининг истеъфога кетишини талаб қилишган.
Шунингдек, намойишчилар Хоруғ шаҳрида ўрнатилган барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашни сўрашган.
Бундан ташқари, намойишчилар Гулбиддин Зиёбековнинг ўлимида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортишни, Амриддин Аловатшоев, Чоршанбе Чоршанбиев ва 2021 йил ноябридаги намойишлардан кейин ҳибсга олинган инсонларни озод этишни талаб қилганлар.
Ўтган йил ноябрида Гулбиддин Зиёбеков Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган эди.
Расмийлар норозилик намойиши иштирокчиларига нисбатан террорчилик иши қўзғатилиши ҳақида огоҳлантирганлар.
Судлар Амриддин Аловатшоевни 18 йилга, ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилганидан кейин Тоғли Бадахшондаги вазият ёмонлашган.
16 май куни кўп сондаги оломон вилоят ҳокимлиги томон йўл олган.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаганлар, бир неча киши жароҳат олган.
18 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рўшон туманида "аксилтеррор операцияси"ни бошлагани ҳақида хабар қилган ҳамда "200 қуролланган жиноятчи йўлни тўсиб олгани", "халқаро террорчилар мамлакат ҳудудида террорчилик амалларини содир этиш учун уларга қурол-яроғ бергани"ни айтган.
ИИВ қуролланган гуруҳнинг хавфсизлик карвонига ўқотар қуроллар ва Молотов коктейллари билан ҳужум қилгани, бир зобитни ўлдириб, 13 ҳарбийни жароҳатлаганини хабар қилган.
Халқаро таҳлилчилар расмий Душанбенинг Тоғли бадахшонликларнинг "бўлгинчилик" интилишларини савол остига оладилар.
Помирликларнинг ўзлари ҳам ҳокимият юритаётган сиёсатга нисбатан изҳор этилган норозилик бўлгинчилик сифатида талқин этилишини айтадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












