Қозоғистонда исломий жангарилар борми ёки сўнгги погромлар ортида ким турибди? Qozog'iston Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, ABDUAZIZ MADYAROV/AFP
- Author, Ольга Ившина
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Президент Тоқаев Қозоғистонда сўнгги кунларда содир бўлган воқеалар "бандитлар ва террорчилар" ҳужуми эканлигини айтди.
"Биз қуролланган, ўқитилган бандитлар билан курашишга мажбур бўлдик. Ҳам маҳаллий, ҳам хорижий. Айнан бандитлар ва террорчилар билан", деди Тоқаев.
Унга кўра, биргина Олмаотага 20 минг "бандит" ҳужум қилган.
Би-би-си Рус хизмати экспертлардан Қозоғистон кўчаларидаги тартибсизликлар ортида ким туриши мумкинлигини баҳолашни сўради.
Алоқадор мавзулар:
"Бандитлар" кимлар?
Президент Тоқаев Қозоғистон кўчаларига чиққан халқни "бузғунчи кучлар", фитначилар ва "халқаро террорчи тўдалар", деб атади.
Аммо Би-би-си гаплашган экспертлар сиёсатчининг сўзларини шубҳа остига олишади.
"Агар сиз расмийлар авваллари "террор ҳужумлари", деб атаган воқеаларга диққат билан қарасангиз, элита ичидаги ҳокимият учун кураш билан боғлиқ анча мураккаб манзарани кўришингиз мумкин", дейди Британия Қироллик Халқаро муносабатлар институти эксперти Кейт Маллинсон.
Британиялик бизнес-таҳлилчи Бенжамин Годвин Маллинсоннинг фикрига қўшилади. Унинг қайд этишича, дастлаб Қозоғистоннинг турли ҳудудларида намойишчилар турли талаблар билан чиққан.
Намойишлар бошланган Мангистау вилоятида одамлар газ нархини пасайтиришни талаб қилишди. Мамлакатнинг нефтли ҳудудлари аҳолиси меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Бошқа баъзи шаҳарларда йиғилганлар Қозоғистон Конституциясини ўзгартиришни хоҳлаётганди.
Кўплаб намойишчилар шунчаки ўзгаришлар зарурлигини айтар, уларда аниқ белгиланган талаблар йўқ эди, чунки уларда раҳбарлар ва ташкилот йўқ эди.
Аммо 5 январга келиб вазият ўзгарди. Кўчаларда қуролланган гуруҳлар пайдо бўлди.
"5 январь куни кечга яқин автомашиналар пайдо бўлди, улар орасидан автомат кўтарган одамлар бор эди. Кўчаларда қандайдир уюшган гуруҳлар, талончилар ҳаракатланаётгани маълум бўлди. Баъзи одамлар банкларни талай бошлади. Бу энди норозилик эмаслиги аниқ. Аввал иқтисодий ва сиёсий талаблар билан кўчага чиққанлар, кейин кўчага чиқишдан қўрқиб уйда ўтиришарди, холос", дейди Годвин.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS
"Биз Олма-ота ва бошқа шаҳарлар кўчаларида кўрган қуролли гуруҳларнинг намойишларга бевосита алоқаси йўқ. Улар Назарбоевлар оиласи ва Тоқаев ўртасидаги ҳозирги ҳокимият кураши билан боғлиқ", дейди эксперт.
Шу билан бирга, Годвин ҳам, бошқа экспертлар ҳам Тоқаев томонидан айтилган 20 минг "бандит" сони муболаға бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Таққослаш учун: Марказий разведка бошқармаси маълумотига кўра, ИШИД террорчи гуруҳи 2014 йилда Сурия ва Ироқдаги энг кўп ҳудудларни назорат қилаётганда унинг жангарилари сони 20-30 минг киши бўлган.
Қозоғистонда экстремистлар кўпми?
Би-би-си билан суҳбатлашган экспертлар ҳозир Қозоғистонда кучли диний экстремизм марказлари йўқ, деган фикрга қўшилади.
2014-2018 йилларда мамлакат фуқароларининг бир қисми ИШИД жангарилари сафига қўшилиб, Сурияга кетган, бироқ уларнинг сони кам эди. Қозоғистонга қайтганлар судга тортилди, уларнинг кўплари ҳозир қамоқда.
"Радикал исломчиларнинг роли ниҳоятда бўрттирилган. Қозоғистон ҳозир ўзида етишган террорчилар учун жой эмас", дейди таҳлилчи Маллинсон.
2010-йилларнинг биринчи ярмида Қозоғистондаги радикал исломчилар бир неча жанговар ҳужумлар уюштирди. Аммо ҳукумат билан очиқ тўқнашувга кирган жангари гуруҳлар кичик эди.
Аммо шунга қарамай, экспертлар Қозоғистон хавфсизлик кучлари қуролли қаршиликни бостириш бўйича самарали ва тезкор чоралар кўришга унчалик тайёр эмаслигини таъкидладилар.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS
А&М Техас университети профессори Эдвард Лемоннинг таъкидлашича, ҳозирда бирор радикал гуруҳнинг погромлар ёки ҳукумат биноларига бостириб киришга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ: "Мен Қозоғистонда ухлаб ётган террор тармоқлар борлиги ва улар бирдан уйғониб, кескин кучайиб, зўравонликларни уюштиришда иштирок этганига шубҳа билан қарайман. Кўчага чиққанларнинг айримлари радикал қарашларга эга бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча уларнинг ҳаракатларини ташқаридан террорчилик ташкилотлари назорат қилмоқда, дейишга асос йўқ".
Лондон университетининг Шарқ ва Африкашунослик факультети профессори Бҳавна Даве Қозоғистон махсус хизматлари аҳолини кузатишнинг бутун тизимини қурганини таъкидлайди. Аммо у дарҳол қўшимча қиладики, бу ҳар доим ҳам улар самарали ишлаяпти дегани эмас.
"Махсус хизматлар ҳаммага қарайди. Ким рўмол ўраган, яна ким нима қилган. Одамлар уйда Қуръон ўқиб, ўрганмоқчи бўлган жойда, одатда, тезда махсус хизматлар ходимлари пайдо бўлади. Лекин махсус хизматлар ичида таъсир гуруҳлари бор. Муайян ҳаракатлар, хавфсизлик кучлари баъзан шахсий ёки гуруҳ манфаатларини кўзлаши мумкин, лекин давлат манфаатларини эмас", дейди Даве.
Қуролли тартибсизликлар ортида ким туриши мумкин?
Мутахассислар қуролли гуруҳлар ортида ким туриши мумкинлиги борасида турлича фикрда.
"Бу одамлар Тоқаевни обрўсизлантириш ва уни истеъфога чиқишга мажбурлаш учун жойлаштирилган муҳим ва яхши ўқитилган куч бўлиб кўринмоқда", дейди Годвин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Вашингтондаги Миллий Мудофаа Университети профессори Эрика Марат дўкон ва биноларга ҳужум қилганлар ўз ташаббуси билан ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини айтади: "Мен тартибсизликлар содир этаётганларнинг айримларини ҳукумат расмийлари ёллаган деган версияни рад этмайман. Шу билан бирга, бу шунчаки норозилик кайфиятининг ривожланиши бўлиши ҳам мумкин.Таъкидлаш жоизки, зўравонлик ва тажовузкорлик кўринишлари айнан расмийлар намойишчиларни тарқатиш учун полицияга кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли граната ва бошқа куч ишлатиш усулларини қўллашни буюрганидан кейин бошланган".
Экспертнинг фикрича, полициянинг тинч намойишчиларга нисбатан қаттиққўл ҳаракатлари кўп ҳолларда намойишнинг зўрайиши ва радикаллашувига олиб келади. Одамлар ўзларига нисбатан зўравонликни ҳокимиятнинг ноқонуний ҳаракати сифатида қабул қиладилар ва ғазабланадилар.
Оломоннинг кўпроқ радикал аъзолари (одатда йигитлар) бу ғазабни хавфсизлик ходимларига ёки ҳукумат биноларига ҳужум қилиш орқали кўрсатишни бошлайдилар. Бундай хатти-ҳаракатларнинг мисолларини бутун дунё бўйлаб намойишлар пайтида кўриш мумкин.
"Аммо эътибор беринг, норозилик намойишлари кўпроқ уюштирилган шаҳарларда деярли погромлар бўлмаган. Намойишчилар касаба уюшмалари (масалан, нефтчилар) ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бошқариладиган жойларда вазият назорат остида қолган. Намойиш қаердаки лидерлар бўлмаса ва давлат ҳаддан ташқари куч ишлатганда радикал кўриниш олган", дейди Марат.

Сурат манбаси, AFP
Профессор Даве 5-6 январь кунлари содир бўлган погромлар махсус хизматлар томонидан қўзғатилган бўлиши мумкинлигини истисно этмайди: "Аэропортнинг эгаллаб олиниши, биноларга, жумладан, ҳарбий объектларга ҳужумлар, талон-тарожлар - буларнинг барчаси махсус хизматлар иштирокисиз ўз-ўзидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Менимча, кимдир атайлаб ўз агентларини намойишчилар сафига киритган. Сиёсий элитанинг баъзи вакиллари вазиятни беқарорлаштириш, Тоқаев ҳокимиятига путур этказиш ва ўз позицияларини мустаҳкамлашни хоҳлайди".
Экспертнинг қайд этишича, Қозоғистонда ўзига хос иқтисодий манфаатларга эга бўлган бир қанча бизнес гуруҳлар, кланлар ва лоббичилар мавжуд.
"Бу жуда мураккаб кўп векторли тизим. Назарбоев қандайдир тарзда уни назорат остида ушлаб туришга муваффақ бўлган. Тизим ичида турли кучлар ўзаро рақобатлашди, лекин унинг позициясига ҳеч ким тажовуз қилмади. Ҳозир бу тизим парчаланиб бормоқда ва аниқ меросхўр йўқ". дейди Даве.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















