Қирғизистон жанубида оммавий заҳарланиш: Сузоқда юздан ортиқ одам заҳарланди - Qirg‘iziston dunyo yangiliklar

Тез ёрдам машинаси

Сурат манбаси, Rasmiy manba/illyustrativ tasvir

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Жанубий Қирғизистон

Жанубий Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида овқатдан заҳарланиб, касалхонага мурожаат қилганлар сони 138 кишига етганлиги айтилмоқда.

Жалолобод Қирғизистоннинг этник ўзбеклар зич яшовчи саноқли вилоятларидан бири бўлади.

Заҳарланганлар орасида бир ҳомиладор аёлнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Туманлараро касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари Рома Ураимовнинг сўзларига кўра, суннат тўйига ташриф буюрган Бек-Обод қишлоғи аҳолиси от гўшти билан заҳарланган.

Бу маълумотни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тасдиқлаган.

"Одамлар от гўштидан заҳарланган деб ўйлаймиз. Чунки беморлар орасида тўйда бўлмаган, лекин уйга олиб келинган от гўштини еганлар бор. 124 кишидан 16 нафари касалхонага ётқизилган, улардан 4 нафари вояга етмаганлар. Қолганларга амбулатория ёрдами кўрсатилди, ҳаммаси шифокор назорати остида. Тегишли ишлар олиб борилмоқда", дейди Рома Ураимов.

Унинг сўзларига кўра, заҳарланган одамлар истъемол қилган от ва қўй гўштларини текшириш учун лабораторияга олиб кетишган. Натижаси яқин кунларда чиқиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Бек-Обод қишлоғида суннат тўйи ўтказилиб, у ерда от сўйилгани айтилмоқда.

Одамлар эса, 11 октябрдан бошлаб Сузоқ касалхонасига соғлигидан шикоят қилиб мурожаат қила бошлашган.

Улардан бири, ҳозирда касалхонада ётган Дурдона ҳам тўйда қатнашиб, фарзандларига гўшт билан ош олиб келиб берган.

"Тўйга бориб от гўштини еб, шўрвасини ичганман ва ундан болаларимга ҳам олиб келганман. Тўрт кундан бери касалхонага қатнаб, игна олаётгандим. Бугун аҳволим ёмонлашиб, касалхонага ётдим. Уч болам ва қайнонам ҳам заҳарланишди. Улар ҳам касалхонада", дейди 29 ёшли келин.

Жалолобод вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, Сузоқ туманининг Бек-Обод қишлоғида яшовчи 1964 йилда туғилган И.Р. исмли шахс 9 октябрда уйида от сўйиб, эртаси куни набирасига суннат тўй ўтказган. 9 октябрь куни меҳмонларни от гўшти билан сийлаган.

Бу факт Сузоқ туман Ички ишлар бўлимида "Заҳарланиш" сифатида рўйхатга олинган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қирғизистонда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари тез -тез учраб туради.

Жорий йилнинг март ойида ҳам Жалолободнинг Ақси туманида олти киши кафеда овқатлангандан сўнг, заҳарланиб вафот этган.

Ўлим сабаби қўлбола ароқ ичилгани айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek