Ким энди Россияда таксичилик қилолмайди? Rossiya migrantlar

Такси

Сурат манбаси, Getty Images

Россия ҳукумати оғир жиноятларда айбланган шахсларнинг таксида киракашлик билан шуғулланишларини тақиқлайдиган қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди.

Бундан кейин Россия Меҳнат Кодексига шунга алоқадор бандлар киритилади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни Президент Владимир Путин буюрган, унинг матни Россия Траснпорт вазирлиги томонидан тайёрланган.

Лойиҳада қатор жиноий моддалар бўйича судланган инсонларнинг такси ҳайдовчиси ва ер устида юрадиган транспорт воситаларини бошқаришлари тақиқланиши кўзда тутилган.

Бундай жиноий бандларга қотиллик, инсон саломатлигига қасддан оғир шикаст етказиш, одам ўғирлаш, ўғрилик, талон-тарож, жинсий зўрлаш, жинсий тегажоғлик мақсадидаги зўравонлик, терроризм ва бошқалар киради.

Айтилишича, нафақат Россияда, балки Евроосиё Иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларда ҳам ана шундай жиноятлар билан маҳкамага тортилган шахсларнинг Россия ҳудудида таксичилик билан шуғулланишлари тақиқланади.

Евразэс ташкилотига Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади.

Ҳозирнинг ўзидан Россияда такси ёки жамоат транспорти ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган инсонларнинг 2023 йил 1 мартигача иш берувчига судланмагани ҳақидаги справкани топширишлари талаб қилинади.

Қонун лойиҳасига тушунтиришда айтилишича, чекловлар бошқа мамлакатлар, мисол учун, Ўзбекистон фуқароларига татбиқ этилмайди, чунки шундоқ ҳам судланган одамга Россияда патент ёки ишлаш учун рухсат берилмайди.

Кўплаб ўзбекистонликлар пойтахт Москва ёки Россиянинг бошқа ҳудудларида такси киракашлиги билан даромад топадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek