Собиқ Қирғизистон президенти Асқар Акаев Бишкекка олиб келинди Qirg'iziston, dunyo, yangiliklar

Асқар Акаев

Сурат манбаси, BBC Kyrgyz

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Қидирувда бўлган Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев 2 август куни Бишкекка олиб келинди.

Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасига кўра, Акаев аввалроқ "Қумтор" иши бўйича тергов доирасида қидирувга берилган.

Хабарда, собиқ давлат раҳбари, бошқа юқори мартабали амалдорлар қаторида, 1992 йилда "Қумтор" лойиҳаси бўйича бош келишувни тузишда, 1994 йилда унга ўзгартиришлар киритишда, шунингдек, 2003 йилда "Камеко" билан тузилган бош шартномани қайта тузишда порахўрлик учун жавобгарликка тортилгани айтилади.

«Тергов Асқар Акаев президентлиги даврида Қумтор лойиҳасини амалга оширишда корруцияга алоқадор барча айбдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берди. Шу билан бирга, тергов давомида Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси Акаевни республика ҳудудига олиб келиш орқали жиноий жавобгарликка тортиш нуқтаи назаридан тарихий адолатни тиклашга қаратилган фаол иш олиб борди ", дейилади Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси хабарида.

Асқар Акаев ҳозирда Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси биносида экани, у Қумтор кони бўйича жиноий иш доирасида зарур тергов ҳаракатларида иштирок этаётганлиги айтилмоқда.

Хавфсизлик қўмитаси тергов ҳаракатлари натижалари ва Асқар Акаевга нисбатан қабул қилинган қарорлар бўйича жамоатчиликка қўшимча хабар берилишини ваъда қилган.

Қирғизистонни 1991 йилдан бошлаб 2005 йилнинг 24 мартигача бошқарган Асқар Акаев, ўша йили юз берган "Лола инқилоби" ортидан Москвага қочишга мажбур бўлган.

У сўнгги 16 йил давомида Россияда оиласи билан яшаб, Москва давлат университетида дарс берган. У физик олим ҳам ҳисобланади.

Асқар Акаев ўзининг интервьюларида имкон берилса, Қирғизистонга қайтишини айтиб келган.

2005 йилнинг 24 мартидаги инқилобдан кейин Қурманбек Бакиев президент этиб сайланган. У ҳам 2010 йилнинг 7 апрелидаги халқ инқилоб ортидан Беларусга оиласи билан қочишга мажбур бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek