Коронавирус, Москвадаги ўзбеклар: Ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам хавфга қўймаймиз O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, BBC Uzbek
30 мартдан Москвада таътил ва карантин бошланди. Кўчалар ҳувиллади, одам сийраклашди. Одамлар ниқоб ва резина қўлқопларда. Бу ердаги ўзбекистонликлар-чи?
Би-Би-Си ўзбек хизмати карантин олдидан пойтахтдаги ҳолатни кузатди.
Москва ҳали қиш-баҳор орасида. Кўчалар ҳувиллади, одамлар сийрак.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Карантиндаги шаҳарни кезамиз. Аввалига пойтахтда 1 ҳафталик таътил белгиланди, аммо дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда аҳолининг тўпланиб кабобхўрликлар уюштираётганининг суратларию видеолари тарқалгач, якшанба куни кечки пайт шаҳар мэри Сергей Собянин зудлик билан карантин эълон қилди.
Душанбадан шаҳарда сукунат бошланди. Аммо ишга бориб-келишда, бироз сайр қилишда, кундалик эҳтиёж моллари учун дўконларга чиқишда, шахсий ва жамоат транспортларида юришда ва ҳатто Москвага кириш-чиқишда тақиқлар йўқ. Шунга қарамай, ўзини эҳтиёт қилиш учун уйдан чиқмасликка қарор қилганлар кўп. Буни кечаю кундуз ҳаёт қайнайдиган Москванинг бугунги манзараларида кўриш мумкин.
Метро - Москванинг энг қулай транспорт воситаси ҳисобланади. Москва шаҳри ва вилоятини қамраб олувчи ушбу жамоат транспортидан кунига ўртача 9 ярим миллион одам фойдаланар эди. 15 та линия, 275 та бекатга эга пойтахт метросидан ўтган йили 2 ярим миллиард киши фойдаланган.
Йўловчилар вагонларда ўтиришда ҳам масофа сақлашга одатланишди. Кунлик янгиликлар бериб бориладиган экранни коронавирус хавфидан огоҳлантириш, уйда бўлишга чақириқ даъватлари эгаллаган. Бусиз ҳам одамларнинг эҳтиёткор бўлиб қолгани кўринади. Карантинга қадар бу ерда ҳар 5 йўловчининг бири марказий осиёлик бўларди, бугун эса улар кўринмайди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Марказдаги, ҳамиша туристлар билан гавжум бўладиган бекат сари йўналамиз. Ўтган ҳафтада Москва метросида қатновлар 40 фоизга камайгани маълум қилинганди. Расман карантин эълон қилингач, бу кўрсаткич янада кўтарилиши кутилмоқда. Аммо Москва метроси маъмурияти аҳолининг асосий қатнов воситаси бўлган ер ости транспортини тўхтатмасликка қарор қилган.
Қизиғи, ҳар бир бекатда, залларда ва метрога чиқиш-киришда турадиган, марказий осиёлик меҳнат муҳожирларни тўхтатиб, хужжатларини текширадиган полиция ходимлари ҳам кўринмайди.
Чиндан ҳам полиция мигрантларни тинч қўйдими? Бу борада эксперт шундай дейди:
- Сўнгги икки ҳафта давомида полициядан шикоят қилиб қўнғироқлар бўлмади. Телефон қилувчилар асосан фавқулодда вазият муносабати билан миграция қонунчилигига киритилган вақтинчалик ўзгаришларни аниқлаштириш ва ҳужжатлардаги енгилликлар бўйича мурожаат қилишаяпти, - дейди юрист Зарнигор Омониллаева.
Москва метросининг энг узун линияси - Арбатско-Покровская бўлиб, бошидан охиригача 45 км ни ташкил этади. 76 та бронза ҳайкаллар ўрнатилган "Площадь револиции" бекати эса музейга тенглаштирилган.
Ўтган-кетган йўловчилар бу ердаги 2-3 ҳайкални қўли билан силаб кетишарди. Бу иримнинг маъносини омад келтириш билан изоҳлашади. Ҳозир ҳам вирус хавфига қарамай, уларга қўлини теккизаётганлар йўқ эмас.
Ҳамиша пойтахт меҳмонлари ва туристлар энг гавжум бўладиган бу жой бугун бўшаб қолган.
Пойтахтнинг марказий кўчалари ҳам деярли бўш. Сайр тақиқланмагани боис, дам олиш кунларида айланиб юрган кишиларни учратиш мумкин.
Никольская кўчаси дунёнинг турли ерларидан келган минглаб футбол мухлисларининг байрамларига гувоҳ бўлгани билан хотираларда қолган. Йилнинг тўрт фасли бу ер сайру тантаналар макони эди. Ҳозирда у ерда ҳам жим-житлик ҳукмрон.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Қизил Майдон"да ҳам одам сийрак. Ниҳоят, шу ерда ўзбекистонликларни учратдик.
- Бир ҳафта дам олиш куни берилди, айланиб юрибмиз. Коронавирусдан ўзимизни эҳтиёт қилаяпмиз. Қўлимизни ювиб, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам хавфга қўймасдан маскаларни тақиб юрибмиз, - дейишди муҳожир йигитлар.
Кўчалар, майдонларда кенг қамровли тозалаш, зарарсизлантириш ишлари ўтказилаяпти. Барча бинолар ёпилган, ҳатто овқатланиш масканларигача.
Кун кеч бўлиб қолгани учун кўчаларда одамлар кўпая бошлади.
Баъзи ошхоналар тирқишидан егулик олиш мумкин. Қўлингизга тутқазилган менюдан таом танлаб, ташқарида ейишингиз ёки ўзингиз билан олиб кетишингиз мумкин.
Баъзи мигрантлар эса карантиндан ҳам фойда топганини айтишди.
- Авваллари фақат кўчадан овқатланардим, энди уйда ўзим овқат қилаяпман, - дейди кулиб Аббосбек Анорбоев.
Москвада карантин муддати аниқ белгиланмаган. Шаҳар мэрининг расмий сайтида бу муддат 14 апрелгача экани ёзиб, бир муддатдан сўнг ўчирилди.
Ўзини ихоталаш вақтида ишга бориш, дўконга чиқиш, шахсий ва жамоат транспортида юриш каби бандлар кўрсатилган.

- Ўзбекистон: Коронавирус юқтирган 39 ёшли шифокор вафот этди
- Ўзбекистон: Маҳалла вазирлиги карантинда уйма-уй юрибди, мажлислар тўхтамаяпти
- Ўзбекистон, коронавирус: Ўз ҳисобингдан таътилга чиқ дейишлари тўғрими?
- Коронавирус, Ўзбекистон ва Қозоғистонда илк ўлим ҳолатлари
- Ўзбекистон, дунё, коронавирус: Нега айрим давлатларда одамлар ниқоб тақмаяпти?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















