Татаристон президенти Атамбаевнинг аёлига машина совға қилди

Татаристон президенти Рустам Минниханов Қирғизистоннинг ҳибсдаги собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг аёлига ҳайдовчиси билан машина совға қилган.

Бу ҳақда Атамбаевнинг Фэйсбукдаги расмий саҳифаси ва собиқ президент раҳбари бўлган Социал-демократик партия матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Татаристон президенти Раиса Атамбаеванинг жамоат транспортида юргани акс этган суратларни интернет тармоғида кўриб қолганидан сўнг шундай қарорга келган.

Минниханов модел ва русуми айтилмаётган машинанинг барча харажатлари, жумладан, ҳайдовчининг маоши ва ёнилғи пулини тўлашни ҳам ўз зиммасига олган.

Раиса Атамбаева Татаристон раҳбарига "одамгарчилиги, ҳамдардлиги ва қўллаб-қувватлови учун" миннатдорчилик билдирган.

У халқнинг қўллаб-қувватлови ўзига куч ва умид бағишлаётганини айтган.

Шу йилнинг 24 мартида Раиса Атамбаева Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёеванинг таклифига биноан Тошкентда бўлган.

Атамбаев раҳбари бўлган СДП матбуот котиби Қундуз Жолдубаева Зироатхон Мирзиёева ҳамда Раиса Атамбаевалар ўртасида дўстона муносабатлар қарор топгани, улар доимий алоқада эканликларини айтган.

Рустам Минниханов Россия Федерациясининг 10 нафар энг бой губернаторлари қаторига киради.

Унинг рафиқаси Гулсина "Лучано" меҳмонхона, фитнесс-клуб ва ресторанлар тармоғи эгаси.

Татаристон президентининг расмий веб саҳифасидаги маълумотга кўра, 2018 йилда Рустам Минниханов 8,5 млн рубл ишлаган, рафиқасининг даромади эса 154,9 миллион рублни ташкил этган.

Ҳибсдаги президент

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев жорий йилнинг 8 август куни Қўй-Тошдаги уйига ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинганди.

Унга вазифасини суиистеъмол қилиш ва ноқонуний бойлик орттиришдан то қотилликкача, гаровга олиш ва оммавий тартибсизлик ташкиллаштириш айблари қўйилган.

Прокуратура собиқ президент ва қариндошларининг деярли барча мулкларини мусодара қилган.

У эгалик қилган «Апрель» мухолиф телеканали ва Атамбоев томонидан қурилган масжид ҳам давлат тасарруфига ўтказилган.

Собиқ президентнинг тарафдорлари бўлаётган барча ишларнинг адолатга дахли йўқлиги, балки Атамбоевни сиёсатда иштироки учун ресурслардан маҳрум қилишга уриниш бўлиб хизмат қилади, дея ҳисоблашади.

Собиқ президентнинг ОАВларда тарқалган турли хил мулклари рўйхати - бешта ишлатилган автомобил (уларнинг энг янгиси 18 йиллик) дан тортиб то кўпсонли кўчмас мулклар ва банк ҳисоб рақамларигача - кўплаб гап-сўзлару танқидларга сабаб бўлган.

Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилгача давлат тепасида бўлди. У ўзининг вориси сифатида Сооранбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаб, ихтиёрий равишда ўз тахтини тарк этган биринчи қирғиз президентидир.

Бироқ тез орада Жээнбеков собиқ раҳбари томонидан тайинланган мансабдор шахсларни ишдан бўшатишни бошлади. Бундан ташқари, ҳисбга олишлар бошланди: коррупция ва ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, икки собиқ бош вазир ва собиқ бош прокурор ҳибсга олинди.

2019 йил июнида Қирғизистон парламенти собиқ президентни «ҳукуматда бўлган даври мобайнида мансабни суиистеъмол қилганлик факти» учун дахлсизликдан маҳрум қилди.

Дахлсизликдан маҳрум бўлган Атамбаев Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш пайтида коррупция ва ноқонуний бойиш ҳолатларини текшириш учун ва жиноий авторитет Азиз Батукаевни муддатидан олдин қамоқдан озод қилиниши бўйича гувоҳ тариқасида сўроққа чақирилди.

Батукаев 2013 йилда оғир касал деб эълон қилиниб озод этилган эди, шундан сўнг у дарҳол Россияга учиб кетди ва у ерда бир неча бор қатор жиноий воқеалар хабарларига тушди.

Атамбаев ҳибсга олинишидан қўрқиб, икки марта сўроқ беришдан бош тортди. Охир-оқибатда, у икки кунлик қуролли тўқнашувдан сўнг Қўй-Тош қишлоғидаги ўз қароргоҳида қўлга олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek