Турк дунёсини боғлайдиган "Трамп йўлида" Би-би-си нималарни кўрди. Видео

- Author, Григор Атанесиан
- Role, Арманистоннинг Сюник шаҳридаги BBC Рус хизмати янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Арманистон жанубида совет темир йўлидан фақат ташландиқ бекат, бир нечта занглаган вагон ва ўнлаб метр из қолган, холос.
Ғалати туюлиши мумкин, аммо Жанубий Кавказдаги бу ташландиқ йўл АҚШ президенти воситачилигида тинчлик рамзига айлантирилмоқда. У "Трампнинг Халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли" ёки қисқача "Трипп" (Trump Route for International Peace and Prosperity) деб номланди.
Атрофда коммунистик бир қаҳрамон ҳайкали боши бўлаклари сочилиб ётибди. Аёл ҳайкалининг қўли йўқ.
"Биз «Тинчлик чорраҳаси», «Ипак йўли» ва «Зангезур йўлаги» деб ҳам аталадиган Трамп йўналишидамиз, – дейди маҳаллий журналист Марут Ванян. – Лекин ҳозирча бу ерда америкача ҳеч нарса кўзга ташланмайди."
Бу Арманистон ва унинг азалий душмани Озарбайжон ўртасидаги келишувдир. Трамп бу келишувга воситачилик қилиш орқали "туганмас" деб ҳисобланган урушлардан бирини якунлаганини даъво қилди.
Режага кўра, АҚШ компаниялари Арманистон ҳудудида Эрон билан чегара бўйлаб 43 километрлик маршрутни 99 йиллик шартнома асосида ривожлантиради. Бу йўлак Озарбайжонни унинг эксклави Нахичеван билан боғлайди.
Темир йўл, автомобил йўли ва қувурлар қурилиши ваъда қилинмоқда. Трамп компаниялар "учала давлатга иқтисодий фойда келтирадиган катта маблағ сарфлаётгани" ҳақида гапирган.
Бу вазифани бажариш учун талай иш қилиниши кераклиги кўриниб турибди. Бу транспорт алоқасини нолдан қуришга тўғри келади, аммо сиёсий тўсиқлар иқтисодий муаммолардан анча чигалроқ.
Трампнинг аралашуви Россия ўз томорқаси деб қарайдиган минтақа геосиёсатини ўзгартириши мумкин. Теҳрондаги муросасиз кучлар ҳам хавотирда ва лойиҳани тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Кавказда уруш ва тинчлик
"Трипп" таклифи Озарбайжон ҳудудидаги тарихан арманлар яшаб келган Тоғли Қорабоғ туфайли Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бошланган можарони тугатиш калитидир.
2023 йилда Озарбайжон баҳсли ҳудудни қайтариб олди ва деярли бутун арман аҳолиси ўз уйларини тарк этди. Бу можародаги биринчи бундай кўчиришлар эмас – 1990 йилларда 500 мингдан ортиқ озарбайжонлик кўчирилган эди.
Журналист Ванян 2023 йилда ўз уйини тарк этганлар орасида бўлган.
Уруш зонасидан қочиб, у Арманистоннинг жанубий Сюник вилоятига жойлашди. Айни шу пайтда бу вилоят икки қўшни ўртасидаги янги низоли ҳудудга айланди.
Озарбайжон Арманистондан ушбу минтақанинг бир қисмини ўзининг эксклави Нахичеванга "йўлак" сифатида беришни талаб қилди. Минтақа Зангезур номи билан ҳам танилган ва янги таклиф "Зангезур йўлаги" деб номланди.
Аммо Арманистон талабни рад этгач, чегарада тўқнашувлар бошланди ва кўпчилик янги уруш бошланишидан хавотирга тушиб қолди.
2025 йил августида эса Трамп кутилмаганда вазиятни ўзгартирди. У Оқ уйда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянни қабул қилиб, ҳар икки томонни қониқтирадиган ечим таклиф қилди.

Трампнинг келажакдаги йўналиши Озарбайжон учун "тўсиқсиз алоқа" ва Арманистон суверенитетини "тўлиқ ҳурмат қилиш"ни ваъда қилади. Йўналиш АҚШнинг хусусий компанияси томонидан бошқарилади.
Ҳар икки давлат раҳбарлари Вашингтондаги учрашув минтақада тинчликни тиклаганини айтмоқда ва Трампнинг аралашувини вазиятни тубдан ўзгартирган омил сифатида олқишламоқда.
Бироқ улар имзолаган ҳужжат тафсилотларга бой эмас ва "Трипп" қурилиши учун аниқ муддат кўрсатилмаган.
Ғарб, Россия ва Эрон манфаатлари чорраҳаси
Россиянинг Жанубий Кавказдаги мавқеи заифлашгани АҚШ воситачилигига йўл очди.
Кремл йиллар давомида ҳозир Америка президенти номи билан аталаётган йўналишни қайта очиш устида ишлаган эди.
Россиянинг ФСБ чегара қўшинлари келажакда мазкур йўлни қўриқлаши ҳақидаги таклифи рад этилган бўлса-да, улар ҳали ҳам Трамп йўналиши учун танланган Арманистон ва Эрон чегараси бўйлаб патруллик қилмоқда.
Би-би-си жойларда суратга олаётганда, олдимизга Россия ФСБ патрул машинаси келиб тўхтади. Форма кийган йигит биздан чегарани юқоридан суратга олаётган дрон ҳақида сўради. Биз у бизники эмаслигини айтдик ва рус патрули олдинга кетди.
Арманистоннинг Сюник вилояти унинг экспорти учун ҳам муҳим марказ бўлиб, Эрондан келган тадбиркорлар ва юк машиналари бу ерда кўп. Эрон қурилиш компаниялари келажакда "Трипп"ни кесиб ўтадиган янги кўприк қурмоқда.
Ислом Республикаси ва Арманистонни ажратиб турувчи Арас дарёси шу йўналиш бўйлаб оқади.
Яқинда Исроил-Эрон урушига АҚШ ҳам аралашганини ҳисобга олсак, АҚШ ва Эрон компаниялари Арманистонда қандай ҳамкорлик қилиши номаълум.
Эрон олий раҳнамосининг яқин маслаҳатчиси "Трипп"ни "Доналд Трамп ёлланма аскарлари учун қабристон"га айлантириш билан таҳдид қилган бўлса-да, Эрон ҳукумати ўзини анча вазминроқ тутди.
Эрон ҳар иккала Кавказ давлатининг дўсти ва қўшнисидир. Арманистон Теҳронга ушбу лойиҳа унинг манфаатларига хавф туғдирмаслигини айтмоқда.

Арманистон жанубида Европа давлатлари иштироки ҳам кучаймоқда.
Франция яқинда Ереванга қурол-аслаҳа етказиб беришни бошлади ва Сюникда ўз консуллигини очди. Минтақада Европа Иттифоқининг кузатув миссияси фаолият юритмоқда. Иттифоқ Трампнинг келажакдаги бу йўналишини Марказий Осиё ва Хитой билан боғлайдиган ҳамда Россияни четлаб ўтадиган "ўрта йўлак"нинг бир қисми сифатида баҳоламоқда.
Туркия ҳам Россия таъсири сусайиши натижасида юзага келган имкониятдан фойдаланишга интилмоқда.
Анқара муносабатларни нормаллаштириш мақсадида Арманистон билан музокаралар олиб бормоқда ва Туркиядан эксклав орқали Озарбайжонга тўғридан-тўғри алоқа ўрнатадиган "Трипп"ни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Арманистон ҳукумати ҳам рақобатлашаётган турли манфаатларга нисбатан хотиржам муносабат сақламоқда. У барча минтақавий кучлар ҳамкорлик қиладиган "Тинчлик чорраҳаси"га айланишни истайди.
"Улар ҳамма нарса яхши бўлади, миллиардлаб евролик сармоялар киритилади, янги йўллар қурилади, Эрон, Америка, Европа, Туркия ва Озарбайжон билан савдо алоқалари йўлга қўйилади, дейишмоқда," дейди Марут Ванян ишонқирамай жилмайиб.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида расмий тинчлик шартномаси ҳали имзоланмаган, бироқ бир нарса аниқ: Вашингтон учрашувидан буён Арманистон-Озарбайжон чегарасида биронта ҳам ўқ отилмади.
Трампнинг аралашуви йиллар давомида янги тўқнашувлардан қўрқиб яшаганларга вақтинча бўлса-да, хотиржамлик берди.












