You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қорни оч, қилтириқ ва жанг кўрмаган – Шимолий Корея аскарлари қанчалик кучли ва улар Украинага қарши уриша оладими?
Украинага қарши жанг қилиш учун Россияга юборилган Шимолий Корея аскарлари дунёда шов-шув бўлмоқда. Жанубий Кореяга қочиб ўтган собиқ шимоллик аскарлар эса гарчи армияда вазият қанчалик аянчли бўлмасин, бу мамлакат ҳарбийлари салоҳиятини паст баҳолаш нотўғри бўлишдан огоҳлантирмоқда.
Шимолий Корея армиясидан жанубга қочиб ўтган Ҳанеул ўз ҳарбий хизматини ўта оғир шароитларда ўтказганини эслайди.
Хизматнинг биринчи ойида у фақатгина маккажўхори ва моғор босган карам билан озиқланиб, 10 килограмм вазн йўқотган.
Ҳануэл ўзи ва унинг отряди шу даражада тўйиб овқатланмаганидан оғир ҳолатда соғломлаштириш марказига юборилганини хотирлайди.
Бироқ оғир шароитга қарамай, қаттиқ интизом ва мафкуравий тарбия туфайли шимоллик аскарлар ҳамон жиддий кучлигича қолмоқда.
2012 йилда жонини хатарга қўйиб, Жанубий Кореяга қочган Ҳанеул ва бошқа собиқ ҳарбийлар эса шимолий кореялик аскарлар Россия тарафида Украинага қарши жанг қилаётгани ҳақидаги хабарлар айланаётган бир пайтда, бу мамлакат армиясидаги вазият ҳақида Би-би-сига гапириб берди.
Украинага қарши
Аввалроқ Шимолий Корея Россияга, хусусан, Украина бир қисмини босиб олган Курск вилояти ҳудудига тахминан 11 мингга яқин аскар юборгани борасида хабарлар чиққан эди.
Жанубий Корея разведкаси уларнинг асосий қисми "Бўрон корпуси"га тегишли юқори жанговар руҳга эга энг сара аскарлар экани, аммо бу ҳарбийлар "замонавий уруш тажрибасига эга эмас"лигини айтган.
2000 йилларда Шимолий Корея махсус кучларидаги ҳарбий хизматчиларни тайёргарликдан ўтказишга бош-қош бўлган Ли Ҳюн Сеунг эса "Бўрон корпуси" ҳарбийлари салоҳиятига паст назар билан қараш тўғри иш эмаслигини таъкидлайди.
Фақатгина баланд бўйли ва бақувват йигитларгина бу корпусга танлаб олинади, дейди Шимолий Корея армиясида 2014 йил – жанубга қочиб ўтгунга қадар хизмат қилган Ли.
Ли ўз қўл остидаги аскарларга қошиқ-вилка ва бошқа ошхона анжомларидан қурол тайёрлаш, жанг санъатларини ўргатгани ҳақида гапиради.
Аммо қанчалик энг сара куч ҳисобланишига қарамай, ҳатто, бу корпусда ҳам аскарлар тўйиб овқатланмайди, қўшимча қилади у.
"Қилтириқ" аскарлар
Россиядаги шимолий кореялик аскарлар, деб тахмин қилинган кўплаб видеолар тарқалган.
Шундай видеоларни бир қанчасини томоша қилиб чиққан Ҳануэл эса улардаги аскарларни кўпи анчайин ёш ва "қилтириқ" кўринишини айтади.
Бу эса Пхеняннинг темир занжирларни узиб, яланғоч қўллари билан муз бўлакларини парчалаб ташлаётган йигитлар тасвирланган тарғибот видеоларидаги манзарадан кескин фарқ қилади.
Шунингдек, Ҳанеул ўз ҳарбий хизмати давомида атиги учта ўқ отганини эслайди.
Унинг ўз қуролини реал хавф вақтида ишлатишга ягона уриниши эса оч қолган деҳқон билан тўқнашганда юз берганини айтади.
Ҳануэл сабзавотлар излаб, қўриқланадиган ҳудудга кириб қолган деҳқонга қурол ўқталгани, лекин "берухсат кириб келган ҳар қандай шахсни отиб ташлаш" топшириғига бўйсунмай, деҳқонни огоҳлантириш билан қўйиб юборганини ҳикоя қилади.
Замбаракка солинадиган гўшт?
Ҳануэл ва Ли жанубга қочиб ўтганидан бери орадан анчагина вақт ўтган – шу сабаб Шимолий Корея армиясидаги жорий вазият ҳали ҳам шундай ёки йўқлигини мустақил ўрганиш имконсиз.
Аммо нисбатан яқинда – 2019 йилда Жанубий Кореяга қочган Рю Сеонгҳюн ҳикоясидан армиядаги вазият нафақат ўша-ўшалигича қолгани, балки янада оғирлашган бўлган бўлиши мумкинлиги англашилади.
Ҳаво кучларида 7 йил хизмат қилган 28 яшар Рю овқат билан муаммо, ҳатто, энг сара бўлинмаларда ҳам жиддийлашганини айтади.
"Хизмат вақтимда аста-секин овқатимиздан гуруч ғойиб бўла бошлади. Мен қочган пайтда аскарларни озгина гуруч билан тоққа жўнатиб юбориб, бу қийин шароитларда омон қолиш бўйича синов, деб айтишаётган эди", эслайди Рю.
Шу билан бирга собиқ аскарлар асосан Корея ярим оролининг тоғли ҳудудларига мўлжалланган машғулотлардан ўтган шимоллик ҳарбийларнинг Курскдаги текис майдон ва хандақлардаги жангларга мослашиб кетишига ҳам шубҳа кўзи билан қарайди.
Рю "Бўрон корпуси" аскарларининг асосий вазифаси фронтнинг олд қаторларида жанг қилиш эмас, балки саботаж ёрдамида душман орасида хаос келтириб чиқариш эканини тахмин қилади.
Рю, шунингдек, Шимолий Кореяда бошқа сара ҳарбий бўлинмалар йўқлиги, оддий аскарлар эса вақтининг асосий қисмини далаларда меҳнат қилиш, бинолар қуриш ва ўрмонда дарахт кесиш билан ўтказишини қўшимча қилади.
"Ким Жон Ун Россия олдида уялиб қолмаслик учун ҳеч бўлмаганда, базавий жанговар уқув кўрсата оладиган одамларини жўнатди", дейди Рю.
Бундан ташқари, тил тўсиғи жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айтилган хабарлар ҳам тарқалмоқда.
Декабрь ўртасида Украина армиясининг разведка бўлинмаси коммуникациядаги муаммолар сабаб шимоллик аскарлар тасодифан рус ҳарбийларига қарши ўт очгани, оқибатда, саккиз киши ўлганини хабар қилган эди.
Шундай бир вазиятда, Шимолий Корея ҳарбийлари Россия учун нега керак ўзи, деган савол атрофида баҳслар пайдо бўлган.
Айрим экспертлар шимолликларнинг русларга ёрдамга келиши Россия армиясининг қанчалик мушкул вазиятда эканини кўрсатишини айтса, бошқалар эса "замбаракка солинадиган гўшт" фаразини инкор қилмасликка чақиради.
Пхеняннинг собиқ ҳарбийлари эса Шимолий Корея аскарларининг режимга бўлган сўзсиз садоқатини ёддан чиқармаслик, ҳар куни ўтказиладиган мафкуравий машғулотлар уларнинг жанговар руҳиятини мустаҳкамлашини таъкидлайди.
Қатъийлик ва буйруқларга сўзсиз бўйсуниш вақт ўтиши билан бу аскарларни самарали кучга айлантириши мумкин, дейди улар.
Рюнинг тахмин қилишича, бирор танлов берилмагани қарийб аниқ бўлсада, шимоллик аскарларнинг катта қисми Россияга келишни чиндан истаган бўлиши мумкин.
"Армиядаги шароит анчайин оғирлигини ҳисобга олсак, ташқарига биринчи бор чиқиш имконияти кўпларга ёққан бўлиши аниқ. Ўзим ҳам хоҳлаган бўлардим. Ўйлашимча, шимоллик аскарларнинг жанг қилишга иштиёқи русларникидан баланд", дейди у.
Бўлажак дезертирлар?
Жанубий Корея ва Украина Россияга келган Шимолий Корея аскарларини қочишга ундаш мақсадида психологик стратегияларни, жумладан, хабарларни овоз кучайтиргичлар орқали узатиш ёки варақалар тарқатишни аллақачон муҳокама қила бошлаган.
Би-би-си билан гаплашган Рю ҳам, Ҳануэл ҳам Жанубий Корея тарқатган аксил-пропаганда варақасини ўқиш ортидан чегарадан қочиб ўтгани, бироқ Россияга келган ватандошларининг кенг миқёсли қочиш эҳтимоли камлигини таъкидлашмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, аскарлар доимий назорат остида ва таслим бўлишдан кўра ўлимни афзал кўришга ўргатилган.
Собиқ ҳарбийлар, бундан ташқари, Шимолий Корея армиясида кўпинча ишчи оилалар ёки қишлоқлардан чиққан йигитлар хизмат қилиши, юқори мартабали оилаларнинг фарзандлари эса, кўпинча, хизматдан четда қолишга муваффақ бўлиши ҳақида гапиради.
Қочган ёки ҳалок бўлган тақдирда, қашшоқ оилалардан чиққан аскарлар ўрнини бирор ижтимоий тарангликсиз осонгина тўлдириш мумкин, сабаби шимоллик кўплаб оилалар марҳумларни қаҳрамон ўлароқ кўришга ўргатилган, дейди улар.
Айрим экспертлар шимолликларнинг Россияга ёрдамга келиши уруш йўналишининг ўзгаришига сабаб бўла олмаслигига ишонса, бошқа таҳлилчилар Пхенян керак бўлса, яна ўнг минглаб аскар юборишга қодир эканидан огоҳлантиради.
Ҳозирда Жанубий Кореяда яшаётган Ҳанеул эса Россияга юборилган ватандошлари орасида ўзининг қариндошлари ҳам бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди.
"Мен фақат уларнинг омон қолишини ва уйларига соғ-саломат қайтишини истайман", дейди у.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: