Путин Россияга Шимолий Корея аскарлари келганини тан олдими?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Президент Владимир Путин Россияга Украинага қарши жанг қилиш учун Шимолий Корея аскарларининг юборилгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.

У корейс харбийларининг Россияда ҳозирлигини рад этмади, бироқ улар қандай мақсадда келганига ҳам аниқлик киритмади.

Шимолий кореялик аскарлар тўғрисидаги саволни Путинга Американинг NBC телекомпанияси мухбири берди.

У Шимолий Корея ҳарбийларининг мавжудлигини сунъий йўлдош тасвирлари кўрсатаётганини айтиб, “Улар бу ерда нима қилаяпти? Бу можаронинг жиддий авж олишини англатадими”, деб савол сўради.

Путин яна можарога Россия ҳаракатлари сабаб бўлмаганини айтди ва Украинадаги 2014 йилги “давлат тўнтариши” ҳақида гапирди. У, шунингдек, Ғарб давлатларини Украина армиясини қуроллантиришда ҳамда урушда ёрдам бераётганликда айблади.

Путин пайшанба куни Россия думаси шу йил ёзда Россия президенти Пхенянда имзолаган Шимолий Корея билан “ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик” шартномасини ратификация қилганини эслатди.

Унда иштирокчилардан бирига “тажовуз содир бўлса, ўзаро ёрдам кўрсатиш” назарда тутилган.

“У ерда 4-модда бор. Пхенян келишувимизга жиддий қарайди”, деди Путин.

Келишувнинг 4-моддасида “агар томонлардан бири бир ёки бир неча давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, бошқа томон дарҳол унга БМТ Низомининг 51-моддаси, шунингдек, КХДР ва Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ барча мавжуд воситалар билан ҳарбий ёрдам кўрсатади”, дейилган.

“Бу модда доирасида нима ва қандай қилишимиз бизнинг ишимиз”, - дея хулоса қилди Путин

У Шимолий Корея ҳарбийларини Россияга юбориш ва уларнинг мақсадлари ҳақида ҳеч қандай тафсилот бермади.

“Бу жараён қандай ривожланишига қараймиз”, — дея қўшимча қилди Путин, кейин Россия ҳарбийлари ҳозирда Украинанинг барча йўналишларида “ишонч билан ҳаракат қилаётганини” таъкидлади.

Путин Америка журналисти ишора қилган сунъий йўлдош суратлари борасида ҳазилломуз: “Суратлар — жиддий нарса. Агар суратлар бор бўлса, демак, улар ниманидир акс эттиради”, деди.

Сунъий йўлдош тасвирлари

Шимолий Корея ҳарбийларини юбориш тўғрисида октябрь ойида Жанубий Корея, Украина ва АҚШ хабар берган эди.

Жанубий Корея разведкаси бир нечта сунъий йўлдош тасвирлари ва расмлар чоп қилди ва уларни Россияга ташланган Шимолий Корея аскарлари деди.

Разведка маълумотларига кўра, Пхенян Россияга 12 минг ҳарбийни юбориши мумкин. Сеулнинг айтишича, ўтган ҳафта уларнинг бир қисми Россиянинг Узоқ Шарқдаги базаларига етиб келган.

Жанубий Кореяга кўра, Москва КХДР ҳарбийларини Украина армиясига қарши жанговар ҳаракатларга ташлашни режалаштирмоқда.

Би-би-сининг Россиядаги муҳаррири Стив Розенберг Путиндан нимани сўради?

Яккалаш. Қанақа яккаланиш? БРИКС саммити столи атрофида кўплаб дунё раҳбарлари тўпланган ва мезбонга эътибор жуда катта бўлди, дейди Розенберг.

Унга кўра, Путин диққат марказида бўлишни хуш кўради.

Сўнг охирги 3 йилдаги илк матбуот анжумани ташкил қилинди.

Кремл раҳбарига Стив Розенберг ҳам савол берди. Бу Украина ишғоли ҳақида сўраш имконияти бўлган.

Стив Розенберг: Саммит глобал хавфсизлик, барқаролик ва дунёдаги адолатга чақирди. Лекин бу чақириқлар сизнинг охирги 2 ярим йилдаги амалларингизга зид келади. Сизнинг Украинага босқинингиз. Бу ерда адолат, барқарорлик ва хавфсизлик қани? Бу Россияга хавфсизлигига ҳам тааллуқли. Шаҳарларингиз дрон ва ракета ҳужумларига дуч келаяпти. Бу нарсалар сизнинг Украинага махсус ҳарбий амалиётингиздан олдин бўлмаган.

Владимир Путин: Сиз дрон зарбалари ва бошқалар ҳақида гапирдингиз. Йўқ, бу нарсалар олдин бўлмаган. Лекин вазият бундан бадтар эди. Бизнинг Ғарб билан алоқаларни янада ривожлантириш ҳаракатларимизга жавобан доим бизни “жойимизга ўтирғизмоқчи” бўлдилар. Россияни фақат хомашё билан таъминлайдиган иккинчи даражали мамлакатлар қаторига суриб бордилар”.

Россия Украинага бостириб кирди, лекин Путин НАТОни айблайди.

Владимир Путин: “Биз уларга “НАТОни кенгайтирманг, бу бизнинг хавфсизлигимизни бузаяпти”, дедик. Лекин кенгайтиравердилар. Бу адолатданми? Йўқ, адолатдан эмас ва биз буни ўзгартирмоқчимиз. Ва ўзгартирамиз ҳам."

Стив Розенберг: MI5 даъвосига кўра, Россия жосуслик хизматлари Британия кўчалари ва Европа бўйлаб ўт қўйишлар ва тартибсизликларни келтириб чиқараяпти."

Владимир Путин: "Бу бўлмағур гап. Айрим Европа шаҳарлари кўчаларида рўй бераётган ҳодислар – бу ўша мамлакатлар ички сиёсатининг оқибатидир”.

“Путин ўзига ишонган, бўйсунмас кўринади. У ўзини янги халқаро тартибнинг меъмори, деб кўради. Бу саммит дунёни ўзгартиргани йўқ. Лекин Путинни ўзи хоҳлаган жой – геосиёсат марказига қўйди”, дейди Стив Розенберг.

Давлатларнинг BRICSда ўрни қандай?

Ғарб матбуоти ёзишича, Қозон шаҳридаги BRICS саммити Украинага бостириб киргани учун Ғарб яккалаб қўйишга интилаётган Россиянинг дипломатик ғалабаси бўлди.

BRICS саммитига БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Хитой Президенти Си Цзинпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён, бу ташкилотга аъзо бўлмаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ва бошқалар бордилар.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002