Ўзбекистон 2030 йилгача камбағалликни мутлақ йўқотмоқчи. Қандай қилиб?

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Бу галги "Камбағалликдан фаровонлик сари" III Халқаро камбағалликни қисқартириш форумида Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Ўзбекистонда камбағаллик мутлақ йўқолиши ҳақида гапирди.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Дунёнинг ривож топган мамлакатлари билан таққослаганда, иқтисоди унчалик кучли бўлмаган Ўзбекистонда камбағаллик – оғриқли масалалардан бири.

Қудратга келганига қарийб 10 йил бўлаётган Мирзиёев ҳукумати айни мавзуга тез-тез қайтади. Ушбу мақсадда турли ижтимоий лойиҳалар ўтказиш ва ҳатто халқаро форумларга мезбонлик қилиш анъанага ҳам айланиб улгургандек.

Бу галги "Камбағалликдан фаровонлик сари" III Халқаро камбағалликни қисқартириш форумида Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Ўзбекистонда камбағаллик мутлақ йўқолиши ҳақида гапирди.

Бироқ, ҳукумат бунга қандай эришмоқчи? Аҳолининг аксарияти ҳануз ўзини оғир шароитда яшайдиган қатлам деб ҳисоблайдиган Ўзбекистонда раҳбарият кимни "камбағал" деб ҳисобламоқда?

Алоқадор мавзулар:

Камбағал ўзбекистонлик - у ўзи ким?

17-18 сентябр кунлари Наманган "Камбағалликдан фаровонлик сари" 3-Халқаро камбағалликни қисқартириш форумига мезбонлик қилди. Ушбу форум камбағаллик мавзусида ўтказиладиган одатий давлат йиғинларидан юқори мартабали ташрифлари билан ажралиб турди, дейиш мумкин.

700 га яқин меҳмонни ўзига жалб қилгани хабар қилинган айни тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга Ислом Тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир, Осиё Тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Жаҳон Банки глобал директори Луис Фелипе Лопес-Калва ҳам иштирок этди.

Форумни очиб берган президентга кўра, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилган.

Президент 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилганини, йил охиригача айни трендни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинганини алоҳида урғулади.

Ўзбекистоннинг айни жабҳада эришган ютуқлари ҳақида гапира туриб, у, шунингдек, мамлакатда камбағаллик яқин йилларда буткул йўқолиши мумкинлигига умид боғлаган.

"Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор", - деди Президент Мирзиёев.

Ушбу форум камбағаллик мавзусида ўтказиладиган одатий давлат йиғинларидан юқори мартабали ташрифлари билан ажралиб турди, дейиш мумкин.

Сурат манбаси, Расмий

Сурат тагсўзи, Ушбу форум камбағаллик мавзусида ўтказиладиган одатий давлат йиғинларидан юқори мартабали ташрифлари билан ажралиб турди, дейиш мумкин.

Мирзиёевнинг ушбу чиқиши айрим кузатувчилар орасида турли саволларни келтириб чиқарди. Баъзилар тақдим этилган рақамларга шубҳа билан қарайди. Улар мамлакатда камбағал аҳоли қатлами ҳануз кенглигини, ҳукумат эълон қилаётган ҳисобот эса янглиш бўлиши мумкинлигини иддао қиладилар.

Бироқ, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга кўра, айни масалада эътиборни камбағал деганда одатий инсон ўз субъектив фикри билан кимни тушунишига эмас, аксинча, Ўзбекистон камбағалликни ўлчаш учун қўллаётган талабларга қараш керак.

"Камбағаллик сўзи турли инсонлар учун турлича маъно англатади. Қайсидир жамиятларда камбағаллик яшаш жойининг майдони кичиклиги ҳисобланса, кўп жойларда болаларга овқат етарли эмаслиги камбағаллик ҳисобланади. Ўзбекистон ҳақида фикрлаганда, умумий махражга келтириш учун бир неча турдаги камбағаллик ўлчовларини ишлаб чиқишаётгани, уларнинг қайсидири бўйича бир кўрсаткич, бошқаси бўйича эса бошқа кўрсаткич қайд этилаётгани ҳақидаги мулоҳаза менга қизиқ кўринди. Мен шу ҳақида кўпроқ гаплашишимиз керак деб ҳисоблайман", — дейди у.

Ўзбекистон Жаҳон Банки ва БМТ институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиққани айтиладиган камбағалликнинг миллий мезонларига кўра, мамлакатда 669 минг сўмдан кам пул топган аҳоли қатламигина камбағал ҳисобланади. Бу Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатларидан келиб чиққан.

Аёллар бандлиги

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аҳолининг қарийб ярмини ташкил қиладиган аёллар бандлиги ҳам мамлакатда ҳануз эътиборга молик мавзулардан бири. Президент Мирзиёев эса айни жабҳада Ўзбекистон сезиларли силжиш қилганини айтиб ўтган.

Унга кўра, хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилган. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлган.

"Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади. Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди", - деган у нутқи давомида.

Бироқ, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурининг келгуси лойиҳаларда хотин-қизлар қанчалик қамраб олиниши, улар учун алоҳида енгилликлар амалга оширилиши ёки йўқлиги хусусида у тўхталиб ўтмаган.

Ижтимоий сиёсат лабораторияси директори Хуршид Зафари BBC журналистининг айни мазмундаги саволига нисбатан дастурда қамраб олиниши режа қилинган хотин-қизлар бўйича аниқ рақамлар мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Хуршид Зафарига кўра, ҳозирда аёлларнинг ишлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун оналик таътили пулларини барча аёллар учун имконли қилиш устида иш олиб борилмоқда.

"Ҳозир ижтимоий суғурта тизими такомиллаштириляпти. Унга кўра, декрет пулларини ҳозирги вақтда давлат ташкилотида ишлаётган ёки хусусий секторда ишлайдиган жуда ҳа кам сонли аёллар олиши мумкин. Биз шу тизимни такомиллаштириш орқали аёлларнинг ҳам меҳнат қилиш ҳуқуларини таъминалшни кўзда тутяпмиз. Яъни, энди ишлайдиган жойидан қатъи назар аёллар декрет пулини олишга ва ижтимоий суғурталанган бўлишга ҳақлидирлар", - дейди у.

Xurshid Zafari
BBC.COM/UZBEK
Endi ishlaydigan joyidan qat’iy nazar ayollar "dekret" pulini olishga va ijtimoiy sug‘urtalangan bo‘lishga haqlidirlar.
Xurshid Zafari
Ijtimoiy siyosat laboratoriyasi direktori

Ислом молияси

Форум доирасида муҳокама этилган йўналишлардан яна бир бу исломий молия тизимидир. Аввалроқ, 16 сентябр куни Марказий Банк ва банклар қошида исломий молия кенгашлари ташкил этилиши хабар қилинган эди.

Лойиҳада уларнинг вазифалари ва функциялари белгиланади. Регуляторга кредит муассасалари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш, банкларнинг исломий молия кенгаши ва унинг аъзоларини баҳолаш ваколати берилади.

Банк ва микромолиявий ташкилотларнинг нотариал ҳаракатлари исломий молия стандартларига мувофиқ мижозга берилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни расмийлаштиришда давлат божидан озод этилади. Шунингдек, Ўзбекистонда исломий молиянинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида солиқ режими жорий этилиши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этади. Бироқ, уларнинг қанчаси айнан диний сабаблар билан мавжуд банк тизимини ноқулай деб топиши борасида статистик рақамлар мавжуд эмас.

Марказий Банк матбуот хизматининг BBCга маълум қилишича, бу борада, албатта, ўрганиш олиб борилган бўлиши керак. Аммо мақола нашрга тайёрланаётган муддатда ўтказилгани эҳтимолий бўлган айни тадқиқот натижалари BBCга маълум эмас эди.

Форум доирасида муҳокама этилган йўналишлардан яна бир бу исломий молия тизимидир.

Сурат манбаси, Расмий

Сурат тагсўзи, Форум доирасида муҳокама этилган йўналишлардан яна бир бу исломий молия тизимидир.

Ҳукумат энди нима қилмоқчи?

Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Фискал Стратегияга кўра, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадлари учун 2026-йилда Давлат бюджетидан 3,6 трлн сўм маблағ ажратилиши режа қилинган.

Шу жумладан: танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал комплекс ривожлантириш учун 1,1 трлн сўм;

туман ва шаҳарларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорликни ривожланишига туртки берувчи "драйвер" лойиҳалар учун зарур инфратузилмани яратишга 1 трлн сўм;

энг оғир аҳволдаги 1 000 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 1,5 трлн сўм маблағлар кўзда тутилган.

Шунингдек, Камбағалликдан чиқариш дастури доирасида "Нуроний" жамғармасига 0,3 трлн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Behzod Hoshimov
BBC.COM/UZBEK
O‘zbekiston yoki ixtiyoriy boshqa jamiyatda kambag‘allikni kamaytirishning yagona samarali usuli iqtisodiyot o‘sish uchun yetarli imkoniyatlarni yaratishdir.
Behzod Hoshimov
Iqtisodchi

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов қайсидир жамиятларда, қайсидир замон ва маконда қилинган кичик экспериментал аралашувлар у ердаги инсонларнинг ҳаётига таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини, лекин бундай ёндашувлар узоқ муддатда яхши таъсирга эга бўлмаслигини айтади.

Унинг таъкидлашича, камбағалликка қарши курашда энг самарали усул иқтисодий ўсиш ҳисобланади.

"Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатлари ва Ҳиндистонда соғлиқни сақлаш ҳамда таълимга доир ҳар хил интервенциялар орқали ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўришган. Лекин тадқиқотлар бундай интервенциялар узоқ муддатда яхши таъсирга эга эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳатто жамиятдаги пул тарқатилиши масаласи ҳам шунга яқинроқ", — дейди у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ёки ихтиёрий бошқа жамиятда камбағалликни камайтиришнинг ягона самарали усули иқтисодиёт ўсиши учун етарли ва эркин имкониятларни яратишдир.