You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Пуэрто-Рикo, Панама, энди Коста-Рикада: АҚШ депортация рўйхатидаги ўзбекистонликларнинг ҳоли нима кечмоқда?
АҚШда оммавий депортация бошланиб, бир гуруҳ ноқонуний муҳожирлар феврал бошида Пуэрто-Рикoда қамоққа олинган. Яна бир гуруҳ эса Панамада тутқун сақланмоқда. Ҳар икки ҳолатда Ўзбекистон фуқаролари борлиги айтилади, аммо Ню-Йоркдаги Бош консулхона ўзбекистонликларнинг сони ва шахсини аниқлай олмаган. Қарийб уч ҳафтадан бери улар қандай шароитда эканлиги ҳам номаълум.
Доналд Трампнинг сайловолди тарғиботлари орасида энг шов-шувлиларидан бири бу унинг оммавий депортация режаси эди. АҚШ президенти Оқ Уйга келиши биланоқ айни ваъдани амалга оширишга киришди.
2025 йилнинг 26 январида ноқонуний муҳожирларни аниқлаш, қўлга олиш ва тегишли мамлакатларга жўнатиш бошланди.
Трамп админстрациясининг ушбу ташаббуси кўпчилик мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланмади. Жумладан, Хитой, Покистон ва Эрон депортация юзасидан ҳамкорликни рад этган.
Ўзбекистон эса бу борада ижобий келишувга эга.
Унга кўра, АҚШда қолиши ноқонуний деб топилган ўзбекистонликлар ҳақида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига хабар берилиши керак. Депортация ўзаро ҳамкорликда амалга оширилади.
Бироқ, сўнгги кунларда АҚШда қамоққа олинган ва чиқариб юборилган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида Бош консулхона огоҳлантирилмаган.
Хорижий матбуотларда баъзи ўзбекистонлик муҳожирлар айни вақтда Пуэрто Рикада қамоқда эканлиги айтилади. Яна бир қисми Панамадаги меҳмонхонада тутқун сақланмоқда.
Жами 400 дан ортиқ муҳожирлар орасида қанча ўзбекистонлик борлиги маълум эмас. Уларнинг кейинги тақдири эса савол остида қолмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди.
Вазирлик мулозимларига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси айни масалада суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Аммо мақола нашрга тайёрланётган вақтга қадар бу борада қўшимча маълумот берилмаган.
Пуэрто-Рика қамоқхонасида: 3-феврал
3 феврал куни Пуэрто-Рикoда иммиграция қонунларини бузганликда гумонланиб, 100 киши қўлга олинган. Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги айтилади.
Ҳолат юз берганига қарийб уч ҳафта бўлибдики, Ўзбекистон элчихонаси қамоққа олинган ўзбекистонликларнинг сони ва шахсини аниқлай олмаган.
ТИВ вакилининг айтишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги келишувга кўра бундай ҳибсга олишлар ҳамкорликда қилиниши керак эди.
"Ноқонуний муҳожирлар депортацияси бўйича Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ҳукумати бир неча йилдан бери ҳамкорлик қилади."
"Қўлга олинганларнинг суд қарори чиққач, Ню-Йоркдаги Бош консулхонамиз фуқароларимизни Ню-Йорк-Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга қайтариб келган. Бу фақат ҳозир эмас, балки ҳар доим шундай бўлиб келган", дейди Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
Аммо сўнгги ҳафталарда юз берган воқеалар Ўзбекистон томони учун "кутилмаган" бўлган. Пуэрто-Рикoда қамоққа олинган ўзбекистонликлар ҳақида Ташқи Ишлар вазирлиги ҳам янгилик саҳифалари орқали хабар топган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Ушбу ҳибсга олишлар 26-январдан бошланган операцияларнинг бир қисми бўлган. Айни вақтда бундай рейдлар бутун АҚШ бўйлаб ўтказилгани айтилади.
Пуэрто-Рикo АҚШ ҳудуди бўлиб, у ерда Вашингтондан келадиган кўплаб федерал қоидалар амал қилади.
"2025 йил 3 феврал ҳолатига кўра, Пуэрто-Рикo ва Виржиния оролларида ҳибсга олинган шахслар сони 100 кишини ташкил этади. Улар орасида Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Гватемала, Эквадор каби давлатлар фуқаролари бор", дейилади АҚШ томони баёнотида.
Ҳибсга олинган шахслар Пуэрто-Рикoдаги Депортация Амалиётлари Бюросида ушлаб турилибди.
Бироқ, қарийб уч ҳафтадан бери улар қандай шароитда сақланётгани Би-би-сига маълум эмас. Шунингдек, ҳибсдагилар қачон қайси давлатга чиқариб юборилиши ҳам очиқланмаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳануз суриштирув олиб борилётганини айтади.
Панама меҳмонхонасига: 12-феврал
Ўтган ҳафта АҚШдан депортация қилинган 299 нафар муҳожир Панамага юборилган. Улар Декаполис меҳмонхонасига жойлаштирилган.
Трамп маъмуриятининг режасига кўра, қўлган олинганлар ўз мамлакатларига қайтарилиши керак. Аммо тутқун сақланётган 300га яқин муҳожирдан фақат 171 нафари ўз мамлакатларига қайтишга рози бўлган.
Қолганларини янада мавҳум келажак кутмоқда. Уларнинг аксарияти сиёсий қочқинлар эканлиги айтилади.
Ўзбекистон фуқароларининг қанчаси мамлакатга қайтишга рози бўлган ёки бўлмагани ва қанчаси сиёсий қочқин мақомида эканлиги маълум эмас.
Панама ҳукумати маълумотларига кўра, бу гуруҳ муҳожирлар вақтинча жойлаштириладиган Дарен вилоятидаги лагерга кўчирилади.
Меҳмонхона Панама миллий ҳаво-денгиз хизматининг оғир қуролланган аъзолари билан ўраб олинган. Бино ичида ва ташқарисида қатъий хавфсизлик чоралари кўрилган.
Депортация қилинганлар меҳмонхонага жойлаштирилганидан буён ўн кун вақт ўтган. Аммо улар билан мулоқотда бўлишнинг иложи бўлмаган.
Тутқундагилар учун шароитлар қанчалик таъминлангани ва уларга қандай муносабатда бўлишётгани ҳақида ҳам расмий изоҳ берилмаган.
Аммо тармоқларда тарқалган тасвир ва видеоларда муҳожирлар ёрдам сўраётгани акс этади. Меҳмонхона деразаларида "Help us" (Ёрдам беринг) ёзувли қоғоз ва баннерларни кўриш мумкин.
Би-би-си Декаполис меҳмонхонаси ва Панама ҳукумати билан боғланиб, муҳожирлар қандай шароитда сақланётгани ҳақида сўради, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Декаполисда сақланётган муҳожирлар учун адвокат хизмати керак.
Бироқ, Панама ҳукумати депортация қилинганларга бундай имконият берилмаслигини очиқ айтган.
Расмий Тошкент нима қилмоқчи?
Айни вақтда мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари АҚШнинг депортация рўйхатига киритилган.
Кузатувчилар қўлга олинганларнинг огоҳлантиришсиз қамоқда сақланётгани ёки Лотин Америкасига юборилгани Ўзбекистон учун хавотирли сигнал эканини таъкидлайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятга ҳар томонлама ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди.
Вазирлик матбуот котибининг таъкидлашича, айни масалаларда ўрганишлар давом этмоқда. Бироқ, қанча ўзбекистонлик Пуэрто-Рикoда қамоқда эканлиги ва Панамадаги меҳмонхонада тутқун сақланётгани вазирликка маълум эмас.
Шунингдек, унга кўра, айни воқеалар юз бериши билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Қўшма Штатлар Хавфсизлик Департаментига сўров киритган. Аммо ҳали жавоб олмаган.
"Биз бу янгиликлар чиқиши билан [3 ва 12 феврал воқеалари], Хавфсизлик Департаментига сўров киритганмиз. Ҳозирда вазиятга аниқлик киритилишини кутяпмиз".
"Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги келишувга кўра, ҳибсга олишлар ва депортация бизни [Ўзбекистон томонини] огоҳлантирилмасдан қилинмаслиги керак. Сўнгги воқеалар кутилмаган бўлди", дейди ТИВ матбуот котиби.
АҚШ томонига кўра, 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант депортация хавфи остида турибди. Улар Иммиграция ва божхона назорати агентлиги тизимида депортация тўғрисидаги якуний қарорни олган.
Аммо ҳозирда ҳибсда бўлмаган 14 миллион норезидент рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар вазирлиги вакили айни хабарни шубҳа остига олади. Унга кўра, Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин бўлганлар сони тахминан 100 кишига етади.
"Сўнгги вақтларда бу мавзу оммалашди. Лекин рақамлар матбуотда айтилётгандек 1000 га яқин эмас".
"Аслида, депортация билан боғлиқ умумий вазият ўзгармаган. Рақамлар аввалги йиллардаги билан қарийб бир хил", дейди у.
Бироқ, январ охиридан бери юз берган ҳибсга олишлар ва депортация ҳолатлари аввалгиларидан бир нечта ўринларда фарқ қилади.
Шу пайтгача ноқонуний деб топилган муҳожирлар тўғридан-тўғри Тошкентга жўнатилган. Бу сафар муносабат кескин ўзгарган.
3-февралда Пуэрто-Рикoда бир қанча (аниқ сони маълум эмас) ўзбекистонлик қамоққа олинган. Бу ҳақида Бош кунсулхонага хабар берилмаган.
Ўтган ҳафта Панамага юборилган ва ҳозир тутқунликда сақланётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор. Аммо Бош консулхона уларнинг шахсига ҳануз аниқлик кирита олмаган.
20-феврал куни Коста-Рикага жўнатилган давлатлар фуқаролари рўйхатида ҳам Ўзбекистонни кўриш мумкин.
Бу уч ҳолат Трамп маъмуриятининг депортация режаси амалга кўчганидан кейинги тўрт ҳафта ичида юз берган воқеалардир. Айни оммавий депортация режаси қандай давом этиши эса номаълум.