Рамзан Қодиров ва оиласи Чеченистонни қандай бошқараяпти ва бу ҳукмронлик қанчага чўзилиши мумкин?

- Author, Мухбирлар бўлими
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 15 дақ
Чеченистондаги ҳокимият тизими ота Қодиров ва ўғил Қодиров шахсига сиғиниш асосига қурилган. Рамзан Қодиров учун бу бир вақтнинг ўзида ҳам яхши, ҳам ёмон: бир томондан, ҳамма унга бўйсунади, бошқа томондан – у бўлмаса, яқинларининг аҳволи не кечиши даргумон. Турли манбалар хабар беришича, республика раҳбарининг соғлиғи яхши бўлмаган бир вазиятда у ўз қариндошларини ҳокимият тузилмаларидаги лавозимларга тайинлашга интилмоқда. Би-би-си рус хизмати ҳисоб-китобига кўра, Қодировнинг 80 дан ортиқ қариндоши Чеченистонда юқори лавозимларни эгаллаб турибди.
Адам биринчи марта уйланди
27 июнь куни Чеченистоннинг Ахмат-Юрт қишлоғида (илгари Сенторой эди) тўй бўлди. Шундан бир неча кун олдин қишлоққа кириш йўли тўсиб қўйилди – фақат меҳмонлар ўтиши мумкин эди.
Куёв ўз тўйига Mercedes-Benz G-Class лимитед сериясида келди – дунёда бундай автомобиллар сони атиги 460 та, автомобилнинг бошланғич нархи эса 190 минг долларни ташкил этади. Санкциялар туфайли бундай машинани Россияга расман олиб кириш мумкин эмас, аммо Қодировлар оиласининг қадрдон қишлоғи бўлмиш Ахмат-Юртда ўз қонунлари амал қилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган қисқа видеода куёв тўппонча ушлаган қўлини кўтариб, ҳавога бир неча марта ўқ узади. Шу пайт унинг қўлида Jacob & Cо.нинг ноёб соати кўринади. Billionaire ASHOKA нархи 2 миллион доллардан ортиқ.
2012 йилдаёқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров чечен тўйларида ўқ отишни тақиқлаган эди: "Бизда илгари отишарди. Бу тўй карвонларининг ҳаракати пайтида бўларди. Биз отишни қатъиян тақиқладик, энди бу қоидани бузиш жуда камдан-кам учрайди," деган эди у ўшанда. Аммо бу сафар, афтидан, "камдан-кам учрайдиган" ҳолат юз берди – куёв Рамзан Қодировнинг ўз ўғли эди.

Сурат манбаси, Instagram
"Укам Адам уйланяпти," деб ёзди Қодировнинг тўнғич қизи Айшат Россияда тақиқланган Istagram'да. Сўнг аниқлик киритди: "Адам биринчи марта уйланяпти!"
Бу изоҳ бежиз эмас: "Новая газета Европа" 2024 йил июн ойида Чеченистон раҳбарининг учинчи ўғли Адам Қодиров бир йил олдин, атиги 16 ёшида рафиқаси билан шаръий никоҳ ўқитганини даъво қилган эди. Ўша куни иккинчи ўғли, ўша пайтда 17 ёшли Зелимхон (Эли) ҳам уйланган. Агар тўй карвонидаги машина йўлда бошқа машинага урилмаганида, эҳтимол, ўша тантаналар ҳақида ҳеч ким билмаган бўларди.
Нима учун Адам учун расмий тўй фақат бир йил ўтгач ташкил этилганига ҳеч ким аниқлик киритмади, аммо "Новая газета. Европа" нашри бунга президент Владимир Путиннинг тўй арафасида ўсмир билан учрашишни истамаганини сабаб қилиб кўрсатмоқда – гўёки Кремлда Адам жуда ёш эканлигини айтишган.
Бу йил Путин Адамни ниҳоят қабул қилди, учрашув "илиқ ва самимий ўтди," шундан сўнг Чеченистонда расмий тантана бўлди.

Сурат манбаси, RAMZAN KADYROV
Айшат Қодированинг ёзишича, Адамнинг рафиқаси исми Медни – келинни кўрган Би-би-си манбаси тушунтиришича, у Қодировларнинг энг яқин сафдошларидан бири Адам Делимхоновнинг набираси. "Агентлик" нашри таъкидлашича, никоҳ тузилган пайтда қиз атиги 14 ёшда бўлган – Россияда расман 18 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат берилади, аммо "узрли сабаблар мавжуд бўлса," маҳаллий ҳокимият бунга ҳам рухсат бериши мумкин.
YouTubeда етти йил олдинги сақланиб қолган, унда кичкина қизалоқ – тахминларга кўра, Медни – бобосини туғилган куни билан табрикламоқда.
Шундай қилиб, Рамзан Қодиров ўғлини уйлантириб ўзининг энг яқин сафдошларидан бирининг оиласи билан қариндош бўлди.
Калтаклаш учун мукофот
Адам Рамзан Қодировнинг энг жанжалкаш фарзандидир.
Айнан у икки йил олдин Грозний қамоқхонасида аввалига Қуръонни ёқиш туфайли диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилгани учун, кейинроқ эса Украина Хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилгани учун судланган Никита Журавелни калтаклаган эди.
Республика раҳбари калтаклаш видеосини ўзи жойлаштирди ва ўғлининг ҳаракатларини маъқуллади.

Адамга нафақат ҳеч қандай айблов қўйилмади, балки сахийлик билан мукофотланди – одам калтаклаганидан бир неча кун ўтгач, унга Чеченистон Қаҳрамони унвони берилди, буни эълон қилган Адам Делимханов эса кичик Қодиров "ўта саводли, ҳар томонлама билимли ва интилувчан йигитнинг ёрқин намунаси" деб атади.
Кўп ўтмай, Адам Қодиров Чеченистон раҳбарининг хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди, буни Делимхонов Рамзан Қодировнинг севимли ўғли учун "шаън ва қадр-қиммат тушунчалари биринчи ўринда туришини" ҳисобга олса, шундай бўлиши "мутлақо қонуний" деб атади. Адам ҳатто "Россия рекордлари китоби"га минтақа раҳбари хавфсизлик хизматининг энг ёш раҳбари сифатида киритилди – бу лавозимга у 15 ёшида тайинланган, бу эса умуман Россиянинг меҳнат қонунчилигига зиддир.
2025 йил 31 март куни Рамзан Қодиров Адамни ИИВ минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинлади.
Бу штатли лавозим эмас, балки мақом бўлса-да, ўсмирга ИИВ тезкор йиғилишларида қатнашиш ва асосий лавозимларга номзодларни тасдиқлаш имконини беради.

Сурат манбаси, .
Бир ой ўтар-ўтмас Адам яна кўтарилиб, Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллади.
Адамнинг карера йўли Рамзан Қодировнинг ўзиникига ўхшайди: аввал шахсий гвардия, кейин ИИВ кураторлиги, сўнг Хавфсизлик Кенгашидаги (Адам каби) ёки ҳукуматдаги (Рамзан каби) лавозим.
Куч тузилмаларини назорат қилиш – Чеченистонда олий ҳокимиятга эришишнинг асосий йўли, шунинг учун экспертлар айнан Адамни Рамзан Қодиров ўзига ворис сифатида тайёрлаётганини тахмин қиладилар.
Ҳашаматли тўй маросими эса чечен жамияти ва Кремл назарида вориснинг вояга етганини англатиши керак.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсиз
Чеченистон сиёсий майдонидаги ўзгаришлар, жумладан, республика раҳбари фарзандларининг карерасидаги тез ўсишлар Рамзан Қодиров учун бурилиш йили бўлган 2019 йилдан кейин бошланди – ўшанда у "вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик" туфайли таътилга чиққан эди.
Қодиров буни "озгина ҳолсизлик, иситма ва грипп" билан изоҳлади.
Бир йил ўтиб, 2020 йил январда Қодиров яна таътилга чиқди – яна "вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик" туфайли.
2023 йилда эса уч марта "таътилда" бўлди ва Владимир Путиннинг Москвадаги федерал мурожаатномасида қатнашмади.
2024 йилда ҳам мурожаатномани ўтказиб юборди – Қодиров трансляция скриншотларини жойлаштирди, шундан маълум бўлдики, у буни Чеченистондан кузатган, залда эса шахсан фақат Адам Делимхонов бўлган.

Сурат манбаси, Vyacheslav Prokofyev/KREMLIN
Би-би-сининг Чеченистон ҳукумати вакили билан алоқада бўлган суҳбатдоши (хавфсизлик масаласи сабабли бу одамнинг лавозимини очиқлай олмаймиз) ўшанда Қодиров жиддий касалликка чалинганини айтган эди.
"Новая газета Европа" маълумотларига кўра, бу ошқозон ости бези некрози. 2023 йилда ушбу нашр журналистлари унинг аҳволи ёмонлашгани, шу сабабли Чеченистон раҳбари касалхонага ётқизилгани ва нашр манбаси таъкидлашича, сунъий нафас олдириш аппаратига улангани ҳақида хабар берган – унинг таътиллари шу билан изоҳланган. Ўшанда хориждан эфирга чиқаётган баъзи чечен блогерлари Қодиров тез орада вафот этишини башорат қилган эди.
Катта Қодировнинг жамоат жойларидан мунтазам ғойиб бўлиши фонида 2023 йил март ойида Владимир Путин тўсатдан Рамзаннинг 17 ёшли тўнғич ўғли Аҳмад Қодиров билан учрашди. Ўшанда блогерлар бу учрашувда ўзига хос рамзийликни кўришди – бу отаси ўлдирилгандан кейин 2004 йилда Кремлга келган Рамзанни эслатарди.

Сурат манбаси, RAMZAN KADYROV
Ўшанда ҳеч ким ўсмирнинг Чеченистон раҳбари лавозимига даъвогар эканига жиддий ишонмаган, аммо ўша пайтда Рамзан Қодировнинг фарзандлари ҳақиқатан ҳам расмий хабарларда тез-тез тилга олина бошлаган эди.
Спорт вазири ҳеч қачон ютқазмайди
Рамзан Қодиров "агар ўзига бирор нарса бўлса ва яқинларининг мавқеини ошириш учун барча қариндошларини республикадаги турли лавозимларга жойлаштирмоқчи", дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан анонимликни сўраган Чеченистон сиёсати бўйича эксперт.
Масалан, Рамзан ва Медни Қодировлар никоҳидан туғилган биринчи ўғли Аҳмад 2022 йилдан бошлаб карера пиллапоясида фаол кўтарилмоқда: 16 ёшида у вилоятда ёшлар сиёсати билан шуғулланган, 2024 йилда эса жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимини эгаллаб, тез орада "Аҳмат" футбол клубини ҳам бошқара бошлаган. Эҳтимол, Рамзан Қодировнинг назарида бу мантиқий тайинловдир: 10 ёшидаёқ Аҳмад ММА бўйича халқаро турнирда дебют қилган ва спорт фаолияти давомида рақиби оёқда мустаҳкам турган бўлса ҳам, ютқазмаганлиги билан танилган.
Рамзан Қодиров ворисликка айнан тўнғич ўғлини тайёрлаши мантиқан тўғридек кўринади, аммо чечен моделида тўнғичлик эмас, балки инсоннинг маълум вазифаларни бажаришга қанчалик қодирлиги Қодировнинг назарида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Аҳмаднинг "фуқаролик" жамоатчилик қиёфаси бор, бу қиёфа дастлаб унинг жанглардаги иштирокига асосланган ва 2022 йилдан кейин Аҳмад оммавий ахборот воситаларида асосан ёшлар ижтимоий ва спорт йўналишлари вакили сифатида кўрина бошлади. Аҳмад зўравонлик билан боғлиқ оммавий жанжалларга аралашмаган, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг вазир сифатида омма олдидаги қиёфаси кўпроқ тинчликсевар бўлиб, бу Чеченистон сиёсатида минтақа раҳбари учун номуносиб юмшоқлик ҳисобланади.

Иккинчи катта ўғли Зелимхан (Эли) – "Ахмат" жанг клуби бош директори, шунингдек, Чеченистон бокс федерацияси президенти. Аҳмат сингари, Эли ҳам ёшлигидан жанглар билан чамбарчас боғлиқ бўлган, аммо кейинчалик кичик Адам каби лавозимларни олмаган, Чеченистон раҳбари вафотидан кейин минтақа ва Қодировлар уруғи тақдирини ҳал қиладиганларнинг назарида аҳамиятсизроқ спорт соҳасида қолган. Эли оиласига бошқа йўл билан – никоҳ орқали ёрдам берди. Уни сенатор Сулаймон Геремеевнинг қизига уйлантиришди*, шу тариқа Қодиров яна бир нуфузли чечен оиласи билан қуда-анда бўлди.
Муаммо шундаки, федерал қонун минтақа раҳбари фақат 30 ёшдан ошган Россия фуқароси бўлиши мумкинлигини белгилайди. Аҳмад атиги 19 ёшда, Эли 18 ёшда, Адам эса 17 ёшда. Амалдаги қонунга кўра, агар Адам отасининг ўрнини эгаллашни истаса, 2038 йилгача кутиши керак бўлади.
Шу сабабли, узоқ вақт давомида бу минтақа учун кутилмаганда, гарчи вақтинчалик бўлса-да, аёл меросхўр бўлиши мумкин, деган фикр мавжуд эди.
Париж подиумидан – Бош вазир ўринбосари курсисига
2020 йил феврали. Рамзан Қодиров Қрим аннексиясини қўллаб-қувватлагани учун олти йилдан бери Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида турган эди. Ўшанда унинг қизи, Firdaws мода уйи раҳбари, 21 ёшли Айшат Қодирова Парижда кўрсатув олдидан Би-би-си журналистига шундай деган эди: "Тўпламнинг асосини тоғлар, осмон ва эделвейс ташкил этади. Бу гул севги ва садоқат рамзидир. Саккиз йил олдин отам онамга бир даста эделвейс совға қилаётганини кўрганман. Бу гулларни топиш учун отам уч кун тоғда қолишига тўғри келган! Ўшанда мен бу воқеани мода тили орқали ифодалашни хоҳладим."
Чеченистон раҳбарининг қизи Firdaws'га атиги 17 ёшида раҳбарлик ва мусулмон кийимлари брендини тарғиб қилиб, оммавий ахборот воситаларида фаол кўрина бошлаган. Бунгача Айшат ўзининг ягона ютуғи – 14 ёшида Қуръонни ёд олгани билан танилган эди.
Айшат журналистлар билан мулоқот қилишдан тортинарди, ёнида унга жавобларни айтиб турадиган одамлар бор эди, ўзи эса ноқулай жилмайиб: "Мен шунчаки ўзимни қўлга ололмаяпман", дерди.

Сурат манбаси, LUCAS BARIOULET/AFP via Getty Images
Айшатга Париждан уч йил олдин, 2017 йилда, республикада бу табу бўлишига қарамай, Грознийда эротик аёллар ички кийимлари ва интим аксессуарлар дўконини очишга тўсқинлик қилмади. Чеченистонда расман бундай иш бўлмаганини айтишди, Айшатни эса "Иймонли ва оилавий қадриятларга ҳурмат ҳукмрон бўлган" жамиятда қиз, сингил ёки турмуш ўртоқ қандай бўлиши намунаси деб аташди.
Айшат 21 ёшида сиёсатга жалб қилина бошлади. У дастлаб маданият вазирининг биринчи ўринбосари, бир йилдан сўнг эса вазир лавозимини эгаллади.
"Шунчаки қариндошим бўлгани учун ҳеч кимни тайинламайман. [...] Уддалай олмаган ҳар қандай вақтда уни ишдан бўшатаман. У бу лавозимни тарк этади, унинг учун бир умрга доғ қолади, шунинг учун бу унинг учун катта масъулият," дея унинг тайинланишини изоҳлаганди отаси.
Рамзан Қодировнинг фикрича, қизи ўзини яхши кўрсатди: сўнгги бир неча йил ичида у Чеченистонда кўплаб мукофотларга сазовор бўлди, жумладан, "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун" медали (тушунтиришда мукофот "фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган катта ҳиссаси учун" берилгани айтилади, аммо Айшат бу ҳуқуқларни қандай ҳимоя қилгани номаълум), II даражали "Ватан олдидаги хизматлари учун" ордени билан тақдирланди, ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР эса унга "Дўстлик ордени"ни топширди.

Сурат манбаси, DENIS PUSHILIN
2023 йил октябрь ойида 24 ёшли Айшат Чеченистон ҳукумати раиси ўринбосари бўлди – бу Қодиров уруғи учун энг муҳим тайинловлардан бири эди. Бу лавозимнинг ўзи Рамзан Қодировнинг қизи республикадаги молиявий оқимларнинг катта қисми – федерал бюджетдан ижтимоий дастурлар, қурилиш, таълим, ижтимоий нафақалар тўлаш ва соғлиқни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар учун масъул эканини кўрсатади.
Шундай масъулиятли лавозимда бўлишига қарамай, Айшат тез-тез интервью бермасди - – уни "Грозний ТВ" лавҳаларида кўрсатишган, аммо аксар видеоларда у гапирмайди.
Интернетда унинг айрим мавзуларда, масалан, чечен тўйлари анъаналари ёки янги маданият вазирини тайинлаш ҳақидаги фикрлари акс этган бир нечта қисқа видеоларни топиш мумкин.
Қашшоқлик чегарасидан пастда
Бир йилдан ортиқ иш фаолияти давомида Айшат Қодирова чечен ўқитувчилари ва ёзувчиларини мукофотлар билан рағбатлантиришни таклиф қилди, Москвага Бош вазир ўринбосари Голикова билан учрашувга борди, Украина билан урушда ҳалок бўлган чеченларнинг фарзандларига Чеченистоннинг асосий молия органи – Аҳмад Қодиров фондидан 10 минг рублдан пул топширди. Республика раҳбари жамғармага пулларни чечен тадбиркорлари хайрия қилишини таъкидлади, бироқ жамғарма чечен бюджет ходимлари иш ҳақидан мажбурий ажратмалар орқали "молиялаштирилгани" ҳақида кўплаб далиллар бор.
Чеченистонда ижтимоий соҳа осойишта даврини бошдан кечирмоқда, деб бўлмайди. Сўнгги бир йил ичида ишсизлик бироз камайган бўлса-да, қашшоқлик даражаси жуда юқорилигича қолмоқда – 2023 йилда, Айшат лавозимга киришганида, Чеченистондаги ҳар учинчи оила ойига 14 минг рублдан камроқ пулга кун кўрарди, яъни қашшоқлик чегарасидан пастда эди. Кам таъминланганларнинг салмоқли қисмини кўп болали оилалар ташкил этади: 107 мингта шундай оиланинг 104 тасида уч ва ундан ортиқ бола бор, бундай оилаларнинг деярли ярмида ота-оналар расман ишсиз ҳисобланади.

Сурат манбаси, Yelena Afonina/TASS
Ҳатто Россия ҳудудларининг иш ҳақи динамикаси бўйича рейтингида ҳам ("РИА Новости" томонидан 2023 йилда тузилган) Чеченистон Россиянинг барча ҳудудлари орасида энг паст ўринни эгаллаган (бу статистикага аннексия қилинган Қрим ҳам киритилган). 2024 йилдаги турмуш даражаси бўйича эса Чеченистон 85 та ҳудуд орасида 65-ўринни эгаллаган.
Сўнгги икки йил ичида Чеченистон соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажмини оширди (бунгача йиллар давомида энг паст кўрсаткич эди). 2025 йилда республикада ижтимоий соҳага вилоят умумий бюджетининг 67,2 фоизи ажратилган. Аммо маблағларнинг катта қисми ижтимоий сиёсатга йўналтирилади, жумладан, хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларини қўллаб-қувватлаш ва "фронт орти меҳнаткашлари" учун коммунал хизматларни тўлаш каби тадбирлар ҳам шулар жумласидан. Кам таъминланганларни бевосита қўллаб-қувватлаш учун атиги 10,58 миллион рубль ажратилган – бу ҳудуднинг 91,22 миллиард рубллик умумий бюджетининг 0,012 фоизини ташкил этади.
Рамзан Қодиров 2022 йилда Украинага қарши урушга боришдан бош тортган камбағал оилалардан чиққан эркакларни "текинхўрлар" деб атаган эди.
"Булар ишлашни истамайдиган одамлар. Булар одам эмас ва умуман ҳеч ким эмас. Республика уларга миллиардлаб пул сарфлайди, коммунал тўловларни тўлайди, ёрдам беради, улар эса ишлашни истамай, қорин қашийди. Уларни шанбаликка чиқариш, бепул ишлашга мажбурлаш керак," деган эди ўшанда Қодиров ("Кавказ.Реалии"дан иқтибос).

Сурат манбаси, Vladimir Aleksandrov/Anadolu Agency via Getty Images
Айшат Қодирова ўз лавозими доирасида ушбу муаммолар билан шуғулланиши керак эди, бироқ февраль ойи охирида у кутилмаганда ҳукумат раиси ўринбосари лавозимини тарк этишини эълон қилди. Бу иш "кучли эркакка кўпроқ мос келади," деди у. Орадан икки ҳафта ўтгач, "Верстка" нашри Айшат илгари Аҳмад Қодиров номидаги жамғармага тегишли бўлган "Чечен минерал сувлари" компаниясининг ягона эгасига айланганини аниқлади. 2023 йилда компания даромади 1,4 миллиард рублга етган.
"Бунинг иккита эҳтимолий сабаби бор, – дейди Шимолий Кавказ бўйича эксперт Гаролд Чемберс. – Биринчидан, бу муқаррар бўлган нарсага яна бир қадам бўлиши мумкин – Айшат Аҳмад Қодиров номидаги жамғармада лавозим эгаллайди. Тўнғич қиз сифатида онаси ва бувиси изидан бориши мантиқан тўғри. Иккинчидан, кучли патриархал анъаналар мавжуд. Унинг лавозимдан кетиши бошқаларга, эҳтимол, келажакда юқори лавозимларга чиқиши мумкин бўлган укаларига йўл очади."
Чеченистонда Бош вазир ўринбосари лавозими ҳамон бўш турибди.
Бошқалар ҳам
Расмий манбаларга кўра, Рамзан Қодировнинг 14 нафар фарзанди бор, улардан 7 нафари вояга етмаган. Вояга етган олти нафар фарзанди аллақачон бошқарувда.
Ёши бўйича иккинчи ўринда турувчи 25 ёшли Хадижат Қодирова ўтган йил февралида Чеченистон раҳбари маъмуриятининг ижтимоий блок билан ҳамкорлик бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади. Бунгача у 2020 йилдан бери Грозний мактабгача таълим бўлимини бошқарган, у ерга боғча мудираси лавозимидан тўғридан-тўғри келган. Албатта, унинг ҳам мукофотлари бор – "Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун" ва Аҳмад Қодиров ордени.

Сурат манбаси, RAMZAN KADYROV
Рамзан Қодиров қондош бўлмаган оила аъзоларини ҳам ишга жойлаштирди. Айшатнинг турмуш ўртоғи Висхан Мацуев – Чеченистон қишлоқ хўжалиги вазири, Хадижатнинг турмуш ўртоғи Адам Алханов – соғлиқни сақлаш вазири.
Аҳмад Қодиров кетганидан кейин бўшаб қолган Ёшлар ишлари вазири лавозимини Қодировнинг тўртинчи қизи Табарикнинг турмуш ўртоғи Рамзан Висмурадов эгаллади.
Чеченистондаги қариндош-уруғчилик анчадан бери янгилик эмас: Би-би-си 2018 йил ёзида ўтказган суриштирув ўша пайтда Рамзан Қодировнинг камида 45 нафар қариндоши ҳудудни бошқаришда иштирок этганини кўрсатган.
Ҳозир, кўплаб фарзандлари улғайиб, ўз оилаларига эга бўлган бир пайтда, унинг 80 дан ортиқ қариндошлари Чеченистон ҳукумати тузилмасида фаолият юритмоқда.
Россиянинг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунида давлат хизматчилари манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун яқин қариндошлари (улар ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-ука ва опа-сингиллар) га бўйсуниши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Аммо бу шахслар расман бўйсуниш муносабатлари билан боғланмаган бўлса, қонун нуқтаи назаридан муаммо йўқ. Рамзан Қодиров ҳам қариндошлари ва дўстлари расмий лавозимларга тайинланганидан ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат кўрмаяпти.

Сурат манбаси, RAMZAN KADYROV
2020 йилда жиянларини республикадаги раҳбарлик лавозимларига тайинлар экан, у қариндошлик даражасини ҳисобга олганини очиқ тан олди – тўғри, гўёки ўзи билан эмас, балки отаси Аҳмат ҳожи билан. Айниқса, ҳукумат йиғилишида Қодировнинг сўзлари кулгили жаранглади: "Мана, одамлар мен ўз қариндошларим ва яқинларимни тайинлашимни айтишяпти. Аслида, шу залга қарасангиз ҳам, ҳукумат ва маъмуриятда қариндош-уруғларим камлигини кўрасиз."
Бу камчиликни Рамзан Қодиров 2023 ва 2024 йилларда муваффақиятли тузатди, ўшанда вазирликлар унинг фарзандлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари билан тўлдирилди.
"Эҳтимол, Рамзан Аҳматович ўйлаётгандир, ҳеч бўлмаганда, унинг қариндошлари, Худо кўрсатмасин, уларнинг буюк қариндоши Яратганнинг ҳузурига кетса, нима бўлишини аниқ ўйлашмоқда, – дейди Чеченистонда узоқ вақт ишлаган ҳуқуқ ҳимоячиси Игор Каляпин. – Албатта, улар қандайдир лавозимларни эгаллаш орқали ўз мавқеларини мустаҳкамлаш имкониятини кўришади. Қодировнинг қариндоши бўлиш етарли ўзи, ҳеч қандай лавозим аслида керак эмас. Аммо бу Қодиров борлигида. Борди-ю, у бўлмай қолса-чи?"
Болалар бошлиғи
2018 йилда Би-би-си Чеченистонда ҳокимият қандай тузилганлиги ҳақида батафсил тадқиқот эълон қилганида, қарор қабул қилувчилар орасида Қодировлар фамилияси вакиллари унчалик кўп эмас эди.
"Қодиров деган фамилиянг борлиги учунгина ишга жойлашиб кетман деб хомтама бўлма, дўстим, хизматинг бўлмаса. Бизда, Қодировларда ишга жойлаштириш керак бўлган одамлар кўп. Уларни вазир, депутат, бошлиқ, генерал қилиш мумкин, лекин уларнинг хизмати йўқ. Кимнинг хизмати бўлса, ўша кўтарилади," деган эди ўшанда Қодиров.
Қодировнинг энг яқин доирасига ҳар доим бир нечта асосий шахслар кирган – Давлат думаси депутати Адам Делимханов(бир қатор ОАВ маълумотларига кўра, Рамзан Қодировнинг амакиваччаси, аммо Би-би-си буни тасдиқлай олмади), Чеченистон Бош вазирининг куч тузилмалари бўйича ўринбосари Абузайд Висмурадов (Қодиров у билан бир мактабда ўқиган) ва Чеченистон Бош вазири Магомед Даудов.

Сурат манбаси, Sergei Bulkin/TASS
Сўнгги вақтларда фақат Чеченистонда Лорд номи билан танилган Даудовнинг фаолияти ўзгарди. Ўтган йил май ойида, қарийб тўққиз йил давомида Чеченистон парламенти раиси лавозимида ишлаган Даудов кутилмаганда истеъфога чиқди.
"Унга иш қидиряпмиз," дея қисқа изоҳ берганди Рамзан Қодиров.
Иш ҳам топилди, лекин, эҳтимол, Қодировнинг ўзи умид қилганидек эмас: Даудов Михаил Мишустиннинг ёрдамчиси этиб тайинланган Муслим Хучиев ўрнига Чеченистон ҳукумати раиси лавозимини эгаллади.
"Новая газета Европа"нинг тахминича, дастлаб Қодировнинг режаси бошқача бўлган: у Лордни ҳам республикадан ташқарида ишга жойлаштирмоқчи бўлган. Ҳатто Даудов Ингушетия раҳбари лавозимига даъвогарлик қилаётгани, бу эса Чеченистон раҳбарига қўл келиши ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Бироқ, нашрнинг ёзишича, Москва Қодировнинг хавфсизлик ходимларини бундай лавозимларга тайинлашга қарши бўлган. Шунинг учун ҳозирда Даудов Қодировнинг кўплаб қариндошларига раҳбарлик қилмоқда.
Рамзан Қодировнинг ҳамқишлоқлари ҳамон ўз лавозимларини сақлаб қолмоқда. Сентарой қишлоғи (ҳозир Аҳмат-Юрт деб аталади) Қодировлар уруғининг ватани. У ердаги одамларнинг аксарияти ё Рамзаннинг қариндошлари, ё у билан бирга ўсган, ё Аҳмад Қодировнинг атрофида бўлган, демак, кичик Қодиров уларга ишонса бўлади, деб ҳисоблайди.
Улар орасида Чеченистондан "Э" маркази бошлиғи ўринбосари лавозимига ўтган Руслан Алханов (Алхановнинг ўғли Адам, Қодировнинг қизи Хадижатга уйланганида Қодиров у билан қариндош бўлиб улгурган), ИИВ Иқтисодий ва жамоат хавфсизлиги кенгаши раиси ўринбосари Вахит Усмаев ва ИИВнинг Грозний транспорт линияси бўлими бошлиғи Али Тагиров бор.
Шахсга сиғиниш муаммоси
Оиласини россияликлардан яшираётган Владимир Путин уларнинг хавфсизлиги масаласига ҳадиксираб қараши билан танилган. Баъзида у бошқа одамларга ҳам ҳимоя беришга тайёр. Шундай қилиб, ҳокимиятни унга топширган Борис Елциннинг оиласи хавфсизлик кафолатини олди. Елцин истеъфога чиққан куниёқ Путин унга ва унинг оиласига жиноий таъқибдан тўлиқ дахлсизлик ҳуқуқини берди.
Елциннинг қизи Татяна Дяченко коррупцияда айбланган бўлса-да, таъқибга учрамади, унинг "Урушга йўқ" пости ҳам (кўплаб россияликлардан фарқли ўлароқ) жазосиз қолди. Унинг турмуш ўртоғи Валентин Юмашев эса 2018 йилгача Путиннинг маслаҳатчиси бўлган. Елциннинг собиқ амалдорлари қатағон қилинмаган, оила эса активлар ва иммунитетни сақлаб қола олган.

Сурат манбаси, VIKTOR DRACHEV/AFP via Getty Images
Путиннинг сиёсий устози бўлган Анатолий Собчакнинг оиласи билан ҳам худди шундай бўлган. Ксения Собчак нима демасин, унга жиддий босим ўтказилмади. Людмила Нарусова ҳам Федерация Кенгашидаги ўрнини сақлаб қолди.
Путинга қарши бўлган одамларнинг фарзандларида мунтазам муаммолар бўлган. Масалан, Михаил Ходорковский ҳибсга олинганидан сўнг, унинг АҚШда бўлган ўғли Павел адвокатлар орқали "ўз хавфсизлиги учун Россиядан узоқроқ бўлгани" маъқуллиги ҳақида хабар олди. Ўлдирилган Борис Немцовнинг қизи Жанна Немцова эса унга аноним таҳдидлар кела бошлагач, Россиядан чиқиб кетган. Қотилликда айбланган Хабаровск ўлкасининг собиқ раҳбари Сергей Фургалнинг ўғли ҳам босим ҳақида гапирди (унинг ўзи айбини тан олмади).
Кўплаб экспертлар фикрича, Владимир Путин учун Рамзан Қодировни қўллаб-қувватлаш Иккинчи Чеченистон уруши бошида Кремль томонига ўтган ва Россия президентини "чечен халқининг халоскори" деб атаган Аҳмад Қодиров оиласига миннатдорлик ифодасидир.
Рамзаннинг ўзига келсак, Путин унинг оиласи билан қизиқиши эҳтимолдан узоқ. Путин минтақа раҳбарининг минимал ёшини чекловчи қонундан воз кечишга тайёр бўлмаса керак. Шунинг учун, агар Қодиров ўз ўрнини ўғли Адамга бермоқчи бўлса, унга янада пухта режа керак – "меросхўр" улғайиб, тажриба орттиргунча курсини номигагина ушлаб туришга ким тайёр бўлади ва айни пайтда Кремль учун мақбул бўлади.

Сурат манбаси, ARTEM GEODAKYAN/POOL/AFP via Getty Images
Чеченистонда ҳокимият Қодировлар шахсига сиғиниш асосига қурилган ва бу сиғинишни такрорлаш мутлақо имконсиз. Рамзаннинг ўрнига ким келса ҳам (аниқроғи – Кремль кимни минтақага раҳбар қилиб юборса ҳам), ўша одам Чеченистон жамияти олдида ўзининг қонунийлигини исботлашига тўғри келади. Шу маънода, Қодировнинг кўп сонли қариндошлари фақат тўсиқ бўлади.
"Уларни [қариндошларни] бошқариш осонроқ. Оилавий алоқалар назарий жиҳатдан содиқликнинг юқори даражасини кафолатлайди, бу эса Қодировга қарши эҳтимолий фитналар олдини олишни осонлаштиради. Ниҳоят, бу тайинловлар Чеченистон ҳукуматининг иккинчи номи Қодировлар оиласи, деган фикрни мустаҳкамлайди," дейди Шимолий Кавказ бўйича таҳлилчи ва эксперт Гаролд Чемберс.
Рамзан Қодиров Чеченистон муаммосини ҳал қилди, бу эса Кремлни тўлиқ қониқтиради. Аммо ундан кейин шахсга сиғиниш муаммосини ҳал қилишга тўғри келади.
Шу муносабат билан Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам қариндошларини ҳимоя қилиш учун оилавий корпорация тузиш самарали қадамми ёки йўқлигини билмайди, дейди исми сир қолишини сўраган Чеченистон бўйича эксперт: "Қодиров оиласининг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлидан келганини қилмоқда. Унинг имкониятларидан – уларни лавозимга тайинлаш, қандайдир тарзда Путинга таништириш, ҳеч бўлмаганда омма олдида унинг қўллаб-қувватловига эришиш. Аммо Путин Қодировнинг оиласи ҳақида ўйлаши аниқ эмас."
* "Новая газета Европа" нашр этган версия ҳам бор, унга кўра, Адам Делимхоновнинг набираси Медни Адамнинг эмас, Эли Қодировнинг хотини. Би-би-си бу версиянинг тасдиғини топмади.












