Лавров Туркманистонда, Тожикистон Исроил-Эрон оташкесимини олқишлади

Lavrov

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Эронга қўшни мамлакат Туркманистонга Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров борди.

"Унинг(Лавровнинг) 24-25 июндаги икки кунлик дастури Ашхобод билан Москва ўртасидаги стратегик мулоқотни кучайтиришда муҳим босқич бўлиши кутилаяпти", деб ёзди Туркманистондаги Orient.tm веб нашри.

"Россия ТИВ раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида икки томонлама кун тартибининг кенг масалалари муҳокама қилинади, минтақавий муаммолар ва халқаро вазият бўйича фикр алмашилади", деб хабар қилди Orient.tm.

Алоқадор мавзулар

Сергей Лавровни Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов қабул қилиши, Туркманистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан музокаралар мўлжаллангани хабар қилинди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркманистонга Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг 23 июндаги сафари ортидан ташриф буюрди.

25 июн куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовга қўнғироқ қилгани, Исроил-Эрон низоси кунлари Эронда бўлиб турган АҚШ фуқароларининг Эронни тарк этишлари учун улар хавфсизлигини таъминлашда берган ёрдами учун Туркманистонга миннатдорлик изҳор этгани хабар қилинди.

Шунингдек, Буюк Британия расмийлари ҳам Туркманистон раҳбариятига британ фуқароларининг Эронни тарк этишларига кўрсатган ёрдамлари учун ташаккур билдирдилар.

16 июн куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ҳудудидан чиқиб кетмоқчи бўлган хорижий дипломатлар ва уларнинг оилаларига, шунингдек, бошқа чет элликларга ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат берганини хабар қилди.

"Бугунги кунда назорат-ўтказиш пунктлари орқали Туркманистон давлат чегарасини Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа мамлакатларнинг 120 га яқин фуқароси кесиб ўтди", дейилади Туркман ТИВ хабарида.

Покистонга қайтган Эронда таҳсил олиб келаётган покистонлик талаба қизлар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Эронда бўлган кўплаб хорижликлар қўшни мамлакатлар орқали чиқиб кетишга мажбур бўлдилар

10 июнда Туркманистон Президент Трампнинг дунёдаги етти мамлакат фуқароларига, шу жумладан, Туркманларга ҳам АҚШга киришини тақиқлаш қарорига норозилик билдирди, уни "шошма-шошар қадам" деб баҳолади.

"Туркман тарафининг чуқур ишончига кўра, ушбу чекловларга ўхшаган чоралар хорижий фуқаролар бўлиб турган мамлакатида қўпол қонун бузиш ҳолларини содир этган вақтларида киритилади. Шу муносабат билан шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хорижга, шу жумладан, Америка Қўшма Штатларига чиқадиган Туркманистон фуқаролари қонунга бўйсунишнинг юқори даражаси билан ажралиб турадилар", дейилди Туркманистон ТИВ баёнотида.

"Юқоридагилардан келиб чиқиб Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги юқоридаги қарорни жуда кенг соҳалардаги Туркман-Америка ҳамкорлигининг олий натижалари, шунингдек, миграцион сиёсат сингари муҳим соҳалардаги жорий ижобий ривожланиш инобатга олинмаган шошма-шошар қадам деб ҳисоблайди",

Тожикистон Исроил ва Эрон оташкесимини олқишлади

Эрон Президенти Пезешкиён ва Тожикистон Президенти Раҳмон

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Тожикистон ва Эрон яқин иттифоқчилар

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил билан Эрон ўт очишни тўхтатишга келишганларини олқишлаб баёнот тарқатди.

"Тожикистон ушбу келишув халқаро қонунчиликнинг барча нормаларини поймол этиб бошланган урушга якун ясайди ва Яқин Шарқда узоқ давом этадиган ва барқарор тинчлик яратилишига мустаҳкам замин қўяди деб умид қилади", дейилади баёнотда.

Тожикистон Эроннинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.

Тожикистон 22 июндаги АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига ҳаво ҳужумларини қоралаган ягона Марказий Осиё мамлакати бўлди.

"Узоққа чўзиладиган уруш дунё учун хатарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан" огоҳлантирди Тожикистон.

Бундан олдин Тожикистон Исроилнинг 13 июндаги Эронга ҳужумларини қоралаганди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Эрон ва Исроил 24 июн тонгидан ўт очишни тўхтатишга келишдилар деб эълон қилди.

Келишилган вақтдан бир соат ўтиб Исроил, Эрон оташкесимни бузди, ракета отди, биз куч билан жавоб қайтарамиз, деди.

Эрон эса Исроилга қарата ракета отганини рад этди.

Кейинроқ эса Президент Трамп ҳам Исроилдан, ҳам Эрондан ғазабда эканини сўкиш сўзларини ишлатиб изҳор қилди, икки томонни ҳам оташкесимга амал қилишга чақирди.

25 июн куни томонлар бир-бирини оташкесимни бузишда айблаганлари йўқ.

Қозоғистон ўз ҳаво ҳудуди Россияга қарши Украин дронлари учун фойдаланилаётганини рад этди

Қозоғистон ҳудудида топилган дрон

Сурат манбаси, AKHMEDIYAR & AKMARAL / YOUTUBE

Сурат тагсўзи, Бу йил Қозоғистон ғарбида бир неча дрон топилди

Қозоғистон ўзининг ҳудуди 19-20 июн кунлари Россияга қарши Украина уюштирган дрон ҳужумларида фойдаланилгани ҳақидаги Москва даъволарини рад этди.

21 июн куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова Киевни Россиянинг иттифоқчиси бўлган мамлакатлар ҳудудларини Россияга қарши ҳужумларда фойдаланаётганликда айблади.

19 июн куни тарқалган хабарларга кўра, Қозоғистон жануби-ғарбидаги чўлда қулаган ҳарбий дрон топилган, бу Қозоғистон ҳудудидаги шу йил мобайнидаги илк ҳодиса эмаслиги айтилди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Кремлпараст блоггерлар Қозоғистон ҳудудидан Россия ва Хитойга қарши "террорчилик хуружлари"ни содир этишга қарши зудлик билан чора кўришга чақирдилар.

"Қозоғистон ҳудудидан гўёки Россия Федерацияси томонга пилотсиз учувчи аппаратлар учирилгани ҳақида тарқатилаётган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди", деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров.

Жаноб Смадияров сўзларига кўра, бунга ўхшаган ҳодисалар Қозоғистоннинг тегишли мутасадди органлари назоратида ва пухта ўрганилаяпти.

Қозоғистон Россия ва бошқа манфаатдор томонлар билан конструктив мулоқотда, деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Бундан олдин дрон гўё Қозоғистон ҳаво ҳудудидан учиб ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган.

19 июн куни Қозоғистоннинг Туркманистонга чегарадош Мангистау вилоятида дрон қулаган.

Lada.kz хусусий веб-сайти "ҳарбий дрон" деб кўрилаётган дрон расмларини эълон қилган.

Кўринишидан соз дрон Мангистаунинг Қорақия туманида Болашак темир йўл станцияси яқинида қулаган.

Бу қандай дрон экани ҳақида саволга веб-сайт ҳам жавоб беролмаган.

23 июн. Тожикистон Эронга ҳужумни қоралади, Қозоғистон ядро қуролини тарқатмаслик битимига чақирди

Теҳрондаги аксилисроил билборд

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Теҳрондаги аксилисроил билборд

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ядро қуроли тарқалишига йўл қўймаслик мақсадидаги шартномани тезлик билан ишлаб чиқишга чақирди.

"АҚШнинг Эронга қарши сўнгги ҳарбий ҳаракатлари оқибатида дунёнинг бизнинг қисмимиздаги давлатлар хавфсизлигига хатарли оқибатлар олиб келиши мумкин бўлган халқаро вазиятнинг шиддатли ёмонлашиши рўй бераяпти. Қозоғистон Каспийбўйи мамлакатлари гуруҳига киради ва Эрон билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириб келади", дейилади Қозоғистон Ташқи ишлаар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Алоқадор мавзулар

— Бизнинг мамлакатимиз барча келишмовчиликлар, шу жумладан, ядро муаммосига боғлиқлари ҳам БМТ низоми асосидаги музокаралар йўли билан ҳал этилмоғи лозим деб ҳисоблайди. Барча манфаатдор мамлакатларни зудлик билан ядровий қуролни тарқатмаслик мақсадидаги келишувни ишлаб чиқишга ва халқаро назорат остида тарқатмаслик режимига бўйсуниб келаётган мамлакатларнинг хавфсизлиги кафолатларини таъминлашга чақирамиз, - деб баёнот берди Қозоғистон ТИВ.

Тожикистон кескин қоралади

"Тожикистон Республикаси 2025 йил 22 июнида АҚШ ва Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Эрон Ислом республикасининг ядровий объектларига зарбаларини кескин қоралайди ва бизнинг минтақамиз ва бутун дунё учун жуда хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган узоқ урушга айланадиган низонинг кенгайишидан жиддий хавотир билдиради", деб баёнот берди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги.

"Халқаро ҳуқуқ ва нормаларга содиқлигини тасдиқлайдиган Тожикистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотини, МАГАТЭ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларни зудлик билан халқаро ҳуқуқ бузилишига йўл қўймасликнинг қатъий чораларини кўришни, экологик ҳалокат рўй бериши олдини олишни, шунингдек, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга чақиради", дейилади Тожикистон баёнотида.

"Тожикистон яна бир бор минтақадаги барча қарама-қаршиликлар ва низолар фақат сиёсий-дипломатик усуллар билан, халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла риоя қилиш билан ҳал этилиши лозимлигини таъкидлайди ва халқаро ҳамжамиятнинг Яқин Шарқда тарангликни юмшатиш ва мустаҳкам тинчликни қайта тиклаш ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.