You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Миллион-миллион долларлик: Толибон Афғонистонни Ғарб ёрдамисиз ҳам кўтараяптими?
Афғонистонни бошқараётган Толибон хабар қилишича, Ўзбекистон билан турли соҳаларда $200 миллион долларлик сармоя масаласи муҳокама қилинган, Туркманистондан темир йўлни Афғонистон ичига узайтириш бўйича $7 миллионлик ҳужжатлар имзоланган, 1500 тача компания жами 1 миллиард доллардан зиёд сармоя киритишга, Афғонистонда ер олиб, ўз завод-фарбикасини қуриб ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирган.
Булар Афғонистоннинг халқаро тан олинган ҳукуматининг асосий донорлари бўлган Ғарб мамлакатлари Толибонни расман эътироф этмай, Афғонистонга мўлжалланган маблағларни музлатганига қарамасдан, жорий ҳукумат "ўзини-ўзи уддалаётганини" англатадими?
Тан олиш керак, Афғонистоннинг аксар жойларида вазият аянчли, айниқса, қиш ойларида оддий одамлар исиниш, болаларини боқишда кўп қийналмоқдалар, Толибон жойларда тарқатаётган буғдой, ун билан кўпчилик қорнини тўйдириб бўлмайди.
2021 йил августида Толибон бутун мамлакат бўйлаб назоратни қўлга киритганидан кейин Толибондан Афғонистонда истиқомат қиладиган барча миллат, эллатлар вакилларини тамсил этадиган, орасида аёллар ҳам мавжуд инклюзив ҳукумат тузишни талаб қилдилар.
Ўзларининг 1990 йиллардаги Толибондан ўзгарганларини айтадиган Толибон ислоҳотлар ваъда қилди.
Аммо ўтган уч йилдан ортиқ вақт ичида Толибон аёлларнинг ўқиш ва ишлаш ҳуқуқларини янада чеклади, тобора кўп шариат тартибларини жорий этди.
Толибонни инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблаётган Ғарб сиёсатчилари Толибонни Афғонистоннинг расман тан олинган раҳбарияти деб билмайди, мулоқотни истаётгани йўқ.
Бироқ Хитой, Туркия, Ўзбекистон, Россия, бошқа Осиё мамлакатлари Толибон билан ҳамкорликларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Шу кунларда Толибон пойтахт Кобулда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни камайтириш йўлларини муҳокама қилди, у ерда нималар қилинаётгани ва нималарни қилмоқчи эканлари ҳақида ҳисобот бердилар.
Толибон ўзларида маблағ, мутахассис ва зарур техника йўқлиги боис Афғонистон ер ости бойликларини қазиб олишга хорижий сармоядорларни жалб қилган, улар орасида Хитой етакчидир.
Афғонистондаги бир неча нефт кони, мис, бошқа маъдан конлари хитойлик ширкатларга берилган, ушбу шартномалар жами бир неча миллиард долларига баҳоланади.
Афғонистонга энг кўп сармоя киритаётган мамлакатлар Туркия, Ўзбекистон ва Қатардир.
Яқинда Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Aбдул Ғани Бародар раҳбарлигидаги ҳайъат Тошкентда Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказди, 200 миллион доллардан зиёдлик сармоя масаласи муҳокама этилди.
Ўзбекистон Ҳайратон портидан Мозори Шарифгача тортилган темир йўлини Ҳиротга қурадиган бўлди.
Афғонистон Ўзбекистондан электр қуввати оладиган, Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказамиз, деб келишиб олдилар.
Айни пайтда пойтахт Ашхободда "Туркманистон Темир йўллари" билан уч ҳужжат имзоланган, 7 миллион долларга баҳоланаётган лойиҳа "Торғунди-Ҳирот" темир йўлини кенгайтириш, "Ақина-Андхўй" темир йўлининг 10 кмлик қисми қурилишини ниҳоясига етказиш, Андхўйдан Жузжон вилоятининг Шибирғонигача темир йўл тортиш лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Шу кунларда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкентдаги учрашувида Транс Афғон темир йўли қурилишини тезлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Толибоннинг Жамоат ишлари вазири Муҳаммад Ашраф Ҳақшунос Афғонистон телевидениесига берган интервюсида ўзларининг Транс Афғон темир йўли қурилишида қатнашишга тайёр эканликларини билдирди.
"Афғонистон ушбу лойиҳанинг заминимизда бошланишига тўла тайёр. Афғонистон Исломий Амирлигининг Жамоат Ишлари вазирлиги мамлакатларнинг ушбу лойиҳани амалга ошириш ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлайди, ҳамкорликка ваъда беради", деди Муҳаммад Ашраф Ҳақшунос.
Ўзбекистон Покистон билан боғлайдиган Афғонистон заминидан ўтадиган 573 кмлик темир йўл қурилиши 7,8 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.
Толибон расмийларига кўра, Қатар ушбу лойиҳани молиялашга розилик берган.