Украина махфий ракета заводида биз нималарни кўрдик? Видео

Сурат манбаси, Moose Campbell/BBC
- Author, Жонатан Бил
- Role, Би-би-сининг Мудофаа мухбири, Киев
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Украина ўзининг энг сўнгги қуролларидан бирини ишлаб чиқараётган махфий жойга кўзларимизни боғлиқ ҳолда олиб боришди.
Телефонларимизни ўчиришимизни сўрадилар – Украинанинг "Flamingo" қанотли ракетасини ишлаб чиқариш шунчалик сир тутилади.
Украина учун бундай қуролларни ишлаб чиқаришни тармоқлаш ва ҳар бирини яширин тутиш омон қолиш калитидир. Ракетани ишлаб чиқараётган Fire Point компаниясига тегишли иккита завод аллақачон зарар кўрган.
Биз борган бинонинг ичида устунлар, деразалар ёки шифтларни суратга олмасликни сўрашди. Шунингдек, "Flamingo" ракеталарининг турли босқичларда йиғилаётган конвееридаги ишчиларнинг юзларини кўрсатмасликни ҳам.
Ҳужумларга учрашига қарамай, Украина қурол-яроғ саноатини кучайтирмоқда. Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, ҳозирда мамлакат фронт чизиғида ишлатиладиган қуролларнинг 50 фоиздан ортиғини ўзи ишлаб чиқармоқда. Узоқ масофага отувчи қуролларнинг деярли барча захираси мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган.
Уруш бошида Украина асосан совет давридаги эски арсеналига таянар эди. Ғарбнинг ҳарбий ёрдами мамлакат қуролли кучларини замонавийлаштиришга ёрдам берди, аммо ҳозир у роботлар ва дронлар каби учувчисиз тизимлар ишлаб чиқишда дунёда етакчилардан бири.
Эндиликда мамлакатда ишлаб чиқарилган қанотли ракеталар Украинанинг узоқ масофага уриш қобилиятини оширмоқда.

Сурат манбаси, Moose Campbell/BBC
Ирина Терех – Украинанинг энг йирик дрон ва ракета ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Fire Point компанияси бош техник директори.
33 ёшли аёл бир вақтлар архитектура бўйича ўқиган, аммо ҳозир у Россия ҳарбий машинаси қулашига ёрдам беришга ҳаракат қилаяпти.
"Flamingo" ракеталари Иккинчи Жаҳон урушидаги немис V1 ракетасига ўхшайди. У Лондон автобусининг узунлигидаги қувур устига жойлаштирилган катта реактив двигателдан иборат.
Улар аллақачон жангларда қўлланган, аммо компания аниқ нишонларни тасдиқлаётгани йўқ.
"Flamingo" Ғарб давлатлари етказиб беришни истамаган узоқ масофага чуқур зарба берадиган қуролдир.

Сурат манбаси, Moose Campbell/BBC
Қанотли ракетанинг парвоз масофаси 3000 км экани айтилмоқда. Бу АҚШда ишлаб чиқарилган, Президенти Доналд Трамп Украинага беришдан бош тортган янада мураккаб ва қиммат қурол –"Tomahawk"ка ўхшайди.
Бироқ чуқур зарбалар урушнинг муҳим қисми сифатида қаралади, бунинг учун Украина асосан узоқ масофали дронлардан фойдаланади.
У ҳали ҳам минг километрдан ортиқ масофага чўзилган фронт чизиғида Россияга ер бой бераяпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шу сабабли, Украина тобора кўпроқ Россиянинг ҳарбий иқтисодиётини нишонга олишга, унинг ютуқларни секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Украина Қуролли кучлари раҳбари, генерал Олександр Сирскийнинг айтишича, Украинанинг узоқ масофали зарбалари Россия иқтисодиётига бу йил аллақачон 21,5 миллиард доллардан кўпроқ зарар етказган.
Украина махсус операциялар кучлари офицери Руслан, стратегия оддий дейди: "Душманнинг ҳарбий имкониятлари ва иқтисодий салоҳиятини пасайтириш."

Сурат манбаси, Moose Campbell/BBC
Унинг таъкидлашича, Украина махсус операциялар кучлари душман ҳудуди ичкарисига – нефтни қайта ишлаш заводлари, қурол-яроғ заводлари ва ўқ-дори омборларига юзлаб зарбалар берган.
Албатта, Россия ҳам худди шундай қилаяпти. У кунига ўртача 200 га яқин "Шаҳед" дронларини учираяпти; Украинанинг жавоби эса тахминан икки баравар кам бўлаяпти.
Шунингдек, Россия ўз зарбаларини ҳарбий нишонлар билан чекламаяпти. Унинг узоқ масофали ракета ва дрон ҳужумлари бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти кескин узилишига олиб келди – бу эса миллионлаб тинч аҳоли ҳаётини қийинлаштирди. "Мен Россия қанча дрон учирса, шунча учиришни хоҳлардим, – дейди Руслан. – Лекин биз жуда тез ривожланяпмиз".

Fire Point компаниясидан Терех хонимнинг айтишича, Украина Россия ресурсларига тенглаша олмаслиги мумкин, аммо "биз ақл ва тактика билан курашишга ҳаракат қиляпмиз."
Компания бош дизайнери ва ҳаммуассиси Денис Штилерманнинг тан олишича, "Wunderwaffe" ёки мўъжизавий қурол йўқ.
"Бизнинг ғалаба қозонишга бўлган иродамиз ўйинни ўзгартириши мумкин", дейди у.
Fire Point Россиянинг кенг кўламли босқинидан олдин мавжуд эмас эди. Аммо ҳозирда стартап кунига 200 та дрон ишлаб чиқармоқда.

Сурат манбаси, Kevin McGregor/BBC
Ҳар бири кичик самолёт ўлчамидаги FP1 ва FP2 дронлари Украинанинг узоқ масофали зарбаларининг 60 фоизини амалга оширди. Ҳар бир дрон тахминан 50 минг доллар туради – бу Россиянинг "Шаҳед" дронига қараганда уч баравар арзон. Россия ҳали ҳам ойига 3000 га яқин "Шаҳед" ишлаб чиқармоқда.
Украина ҳали ҳам ташқи ёрдамга муҳтож, айниқса разведка, нишонга олиш ва молиявий масалаларда. Аммо у кўпроқ ўзини ўзи таъминлашга ҳаракат қилаяпти.
Терех хонимнинг айтишича, улар ўз таркибий қисмларини имкон қадар Украина ҳудудида тайёрлашга атай қарор қилганлар.
"Биз қураётган қуролларимизга ҳеч ким таъсир ўтказа олмаслиги кераклиги тамойилига амал қиляпмиз," дейди у.
Улар иккита аниқ давлат – Хитой ва АҚШда тайёрланган қисмлардан фойдаланмайди.
Нима учун Америка компонентлари бўлмаслиги кераклиги ҳақида сўралганда, у "Эртага кимдир уни тўхтатиб қўйиши мумкин ва биз ўз қуролларимиздан ҳам фойдалана олмаймиз," деб жавоб берди.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
Ўтган йил охиригача Президент Байден даврида Қўшма Штатлар Украинага қарийб 70 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берди. Бу ёрдам Президент Трамп даврида тез орада тўхтатилди – бунинг ўрнига у Европадаги НАТО давлатларига АҚШ қуролларини сотиб олиш имконини берадиган тизимни жорий этди.
АҚШ энди Украинанинг энг йирик ҳарбий ҳомийси эмас, Европа эса Америка қолдирган бўшлиқни тўлдириш ёки унинг аввалги ёрдами даражасига етишишга қийналмоқда.
АҚШнинг келажакдаги қўллаб-қувватлови борасидаги хавотирлар ҳозирги тинчлик музокараларининг асосий масаласи бўлган келажакда АҚШ хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги муҳокамалар билан боғланиб кетаяпти.
Терех хоним давом этаётган музокараларни "таслим бўлиш музокаралари" деб баҳолаб, Украинанинг ўз қуролларини ишлаб чиқариши "ҳақиқий хавфсизлик кафолатларини таъминлашнинг ягона йўли" эканини таъкидлайди.
У Европанинг қолган қисми бу воқеаларни кузатиб, тегишли хулосалар чиқаришига умид қилаяпти.
"Биз урушга тайёргарлик кўриш борасида қонли ибратмиз," дейди у.
Терех хонимнинг айтишича, у бошқа давлатларни фаол ҳаракатга ундамоқчи ва агар бошқа бирор давлат Украина каби ҳужумга учраганда эди, "улар аллақачон босиб олинган бўларди," деб ҳисоблайди.
Мақолани тайёрлашда Володимир Ложко ва Кила Ҳеррманнсен кўмакларидан фойдаланилган.












