Украинадаги жабҳада нажот энди роботларданми?

Сурат манбаси, EPA
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, ВВС, Украина шарқи
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Ўйинчоқ етказилди", деб радиога шивирлайди украиналик аскар.
Тун қоронғисида у ва ҳамроҳи юкларини фургондан тушириш учун шошилади. Тезлик жуда муҳим, чунки улар рус дронлари нишонига айланиши ҳеч гап эмас.
5-бригаданинг янги "ўйинчоғи" – ҳайдовчисиз машина бўлиб, у Украина шарқидаги Покровск ва Мирноград шаҳарларига яқин жабҳадаги Украина аскарлари учун ҳаётий аҳамиятга эга.
Россия кучлари бу ҳудудда Украина таъминот йўлларини кесиб ташлашга муттасил уринмоқда.
Озиқ-овқат ва ўқ-дори таъминотисиз Украина фронтидаги аскарлар ё таслим бўлиш, ё қимматга тушадиган чекинишни танлаши керак бўлади.
Киев Покровск ва унинг атрофидаги қўшинларини қўллаш учун махсус кучлар, сараланган ҳужум бўлинмалари ва дрон гуруҳларини юборди, аммо Россия шаҳарга кириш йўлларини назорат қилаётгани туфайли зирҳли техника билан кириш деярли аниқ ўлимдир.
Оғир юкларни пиёда ташиш ҳам худди шундай хавфли.
Robotlar askarlar hayotini saqlab qolmoqda va Ukraina qurolli kuchlari kelajagidir.
Мана шу ерда робот, яъни қуруқликдаги дрон, анъанавий усуллар ўрнини эгаллайди.
Покровск жанги тарихда таъминот етказиб бериш ва ярадорларни эвакуация қилиш учун ҳайдовчисиз транспорт воситаларидан кенг фойдаланилган биринчи жанг сифатида қолиши мумкин.
Робот велосипед йўлагига сиғадиган даражада кичик ва мини танкка ўхшайди.
Бу роботларни аниқлаш қийин, уларни ҳаво дронларига қараганда тўхтатиш мушкулроқ ва, энг муҳими, аскарлар уларни хавфсиз жой, масофадан туриб бошқара олади.
Украина армияси 7-корпуси инсонсиз тизимлар раҳбари Игорнинг айтишича, улар аскарлар ҳаётини сақлаб қолади ва армия келажагидир.
Унинг таъкидлашича, Покровск фронт чизиғи учун барча таъминотнинг 90 фоизга яқини энди ҳайдовчисиз транспортлар орқали етказиб берилмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Шу билан бирга, Россия кучлари таъминот занжирларини бўғиш ва "ўлим зонаси" деб аталган ҳудудда ҳаракатланаётган ҳар қандай нарсани нишонга олиш учун масофадан бошқариладиган дронларни тинмай учириш орқали шаҳарни эгаллашга уринмоқда.
Фронт чизиғи бўйлаб 30 км кенгликдаги бу ҳудуд ҳар икки томон дронлари учун етиб бориш мумкин бўлган масофа ҳисобланади.
Доимий ҳаво разведкаси ўлим зонасидаги ҳар қандай ҳаракатни тезда аниқлаши, унга дронлар, шунингдек артиллерия, миномёт ўқлари ва ҳаво бомбалари каби анъанавий қуроллар билан ҳужум қилиниши мумкин.
Бу вазиятни ҳарбий шифокор Вицик ва унинг қуруқликдаги дрон оператори Аудитор жуда яхши билади. Бу уларнинг чақирув отлари, ҳақиқий исмлари эмас.
Ўтган ой улар Покровскдан яраланган украиналик аскарларни эвакуация қилмоқчи бўлганида, душман сезиб қолди ва рус дронларидан қочиш учун бир неча сония ичида яқин атрофдаги уйга югуришди.
"Бизга дронлар кетма-кет ҳужум қилди, – деб эслайди Вицик. – Дрон ерга тушиб портлаши биланоқ, дарҳол кейингиси пайдо бўларди. Улар бизни ўлдириш учун тўплардан ва миномётлардан ўт очишди."
Вицик билан Аудитор яширинган деворлар ҳар портлаш кучидан ларзага келарди. Отишма 59 дақиқа давом этди ва охир-оқибат улар қўшни бинога қочиб қутулишди.
Покровск ичида юқоридан дрон таҳдиди доим мавжуд.
"Биз бир бутадан бошқасига, бир уйдан бошқасига, бир кўчадан бошқасига югурамиз," дейди Вицик.

Сурат манбаси, Vitsik via BBC
"Биринчи шахс нигоҳи" дронлари ёрдами билан Россия қўшинлари Покровскка олиб борадиган барча йўлларни кесиб қўйишга яқин турибди.
Улар бутун ҳудудни ўраб олганини даъво қилмоқда, аммо Киев буни бир неча бор инкор этди.
Украинанинг ГУР разведка бош бошқармаси раҳбари Кирило Буданов маҳаллий ОАВга Покровскдаги вазият "ўта оғир" эканини, бироқ Украина "ҳали ҳам у ерда турибди" деб айтди.
Шундай бўлса-да, қўшинларни шаҳарга олиб кириш ва унинг атрофида ҳаракатлантириш жуда хавфли ва Украина кучлари юқори хавф туфайли одамларни алмаштириш ва эвакуация қилишни чеклашга мажбур.
Натижада аскарлар ҳафталаб, баъзан ойлаб фронт чизиғида қолиб кетмоқда.
Бу таъминот етказиб беришни янада долзарб вазифага айлантирди, бу эса ҳайдовчисиз транспорт воситаларига бўлган талаб ортиб бораётганини англатади.
5-бригаданинг битта бўлинмаси бир кунда шундай транспортлар билан бир нечта логистик вазифаларни бажариши мумкин.
Ҳар бир топшириқ эски, хароба гаражда бошланади. Мен дрон операторларига сув, ўқ-дори ва ёқилғи етказиб берилишини кузатдим.

Сурат манбаси, Vitsikkk via BBC
Анжомлар тахминан 200 кг юк кўтара оладиган Термит номли қуруқлик дронига юкланади. Оператор уни масофадан бошқариб фургоннинг орқа қисмига жойлайди. Фургон батареяни тежаш учун уни фронтгача етказиб беради.
Қоронғи тушгач, икки аскар фургондан тушади ва ҳайдовчисиз транспортни ишга туширади.
Улардан бири радио орқали бошқарув хонасига қуруқликдаги дрон ерга қўйилганини маълум қилади.
Бир неча сония ичида бир неча километр нарида турган оператор машинага уланганини тасдиқлайди ва Термит манзилга йўл олади.
Термит каби машиналар ўтган йилдан бери баъзи Украина бригадалари томонидан ишлатилган, аммо сўнгги ойларда улар тобора оммалашиб бормоқда.
79-бригада устахонасида илгари фақат масофадан бошқариладиган учар дронларни ясаган муҳандислар ҳозир жабҳада қўллаш учун ер усти дрон транспорт воситаларини такомиллаштирмоқда.
Улар камуфляж қўллаяпти, янги платформаларни пайвандлаяпти, қўшимча алоқа учун ускуналар ўрнатмоқда. Бироқ, шунга қарамай, бу транспортлар ҳамон дрон ҳужумларига қарши нисбатан ҳимоясиз.

"Қанчалик яхши яширилмасин, қандай алоқа туридан фойдаланилмасин ва қанчалик тез ҳаракатланмасин, – дейди "Ҳуқуқшунос" лақабли оператор, – машина барибир аниқланиши ва йўқ қилиниши мумкин".
Покровскдан ярадор аскарни эвакуация қилиш вазифасини бажараётганда унинг ҳайдовчисиз машинаси минага урилиб, ғилдираклари шикастланган.
Бошқа бўлинмадан юборилган яна бир қуруқлик дрони қутқарув вазифасини бажармоқчи бўлган, аммо у ҳам йўқ қилинган. "Ҳуқуқшунос" ярадор аскарнинг тирик қолган-қолмаганини ҳали ҳам билмайди.
7-корпуснинг дронлар бўлимидан Игорнинг айтишича, ўртача учта шундай транспортдан фақат биттаси шаҳарга етиб бора олади.
Кичик роботларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятга эриша олмаса-да, фронт чизиғидаги қўшинлар ана шу роботларга суянмоқда.












