Трамп - Си учрашуви: Россияга яхши, Украинага ёмон бўладими?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, BBC янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Сзинпин Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказди. Бу Трампнинг иккинчи муддатга сайланганидан бери Си билан биринчи учрашуви. Учрашувдан кейинги дастлабки изоҳларида АҚШ президенти уни "ажойиб" деб атади. Бироқ, иқтисодий шарҳловчимиз ёзганидек, Трампнинг ғалабали баёнотлари унинг ҳақиқатан ҳам катта муваффақиятга эришганини англатмайди.
Учрашув 1 соат 40 дақиқа давом этди, бу АҚШ президентининг жадвалида белгиланган вақтдан кўпроқ. Натижалар ҳақида Трамп журналистларга самолётда айтиб берди. Си Сзинпин ҳозирча изоҳ бермади.
Трамп Жанубий Кореяни тарк этди ва Вашингтонга қайтмоқда. Си эса APEC саммитида иштирок этади.
"Бу ажойиб учрашув бўлди. У буюк етакчи", — деди Трамп. 10 баллик шкалада (10 — энг юқори баҳо) у учрашувга 12 балл берди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ барча Хитой маҳсулотларига қўйилган тарифларни дарҳол камайтиради, бунинг эвазига Хитой АҚШга фентанил наркотиги таркибий қисмларини экспорт қилишни тўхтатиш чораларини кўради. Президент янги бож ставкалари ҳақида маълумот бермади.
Шунингдек, унинг айтишича, Хитой АҚШдан соя дуккакларини импорт қилишни қайта бошлайди ва нодир металлар экспортига тўсиқлар қўйишни тўхтатади.
"Нодир металлар масаласи ҳал бўлди, бу бутун дунё учун муҳим… Бу глобал вазият, фақат АҚШга тегишли эмас, — деди Трамп. — Энди Хитой томонидан тўсиқлар йўқ."
Украина масаласи ҳам муҳокама қилинди. Трамп шундай деди: "Украина бўйича биз биргаликда ишлаймиз. Томонлар жиддий тўқнашиб қолганини тан олдик, баъзан уларга курашишга имкон бериш керак бўлади. Аммо биз Украина бўйича ҳамкорлик қиламиз."
Иқтисодий шарҳловчи нималар дейди?

Сурат манбаси, EPA
Трамп ғалабаларни баралла эълон қилишни яхши кўради, аммо фактлар шуни кўрсатадики, унинг Си билан учрашуви муваффақиятсиз бўлди.
Трамп апрель ойида Хитой билан савдо урушини кучли позициядан бошлаган ва таслим бўлишни талаб қилган эди. Орадан 9 ой ўтди, энди у мўрт сулҳ учун ўзи ён беришга мажбур бўлди.
Аниқ нимага келишилганини биз фақат Трампнинг сўзларидан биламиз, ҳужжатлар кейин имзоланади ва эълон қилинади. Аммо ҳозирнинг ўзида маълумки, АҚШ ортга чекинмоқда. Трамп Хитойдан ён беришларни олиш учун қўллаган жазоловчи чораларни бекор қилишга рози бўлди, Си эса фақат жавоб таҳдидларини олиб ташлайди - у ҳам вақтинча, бир йилга.
Яна олти ой олдин Трамп божлар савдо дисбалансини бартараф этади, илғор чиплар етказиб беришга чекловлар эса АҚШнинг асосий иқтисодий ва ҳарбий рақиби бўлган Хитойнинг технологик ривожланишини секинлаштиради, деб ўйлаган эди.
Бугунги учрашувда Трамп савдо урушини бошлашига сабаб бўлган бирорта фундаментал масала ҳал этилмади. Хитой эса учрашувдан олдин ставкаларни оширди - нодир металлар ва магнитлар экспортини чеклади, уларсиз Ғарбнинг автомобиль заводлари ва мудофаа саноати тўхтаб қолади. Шу билан бирга, АҚШдан соя дуккакларини сотиб олишни тўхтатиб, фермерларни банкротлик ёқасига олиб келди.
Си Трамп билан учрашувда фақат тактик эскалациядан олдинги позицияга қайтди. Аммо Трампга бирорта жиддий имтиёз бермади. Трамп эса сулҳ учун тарифларни камайтирди - яъни Хитойга қарши асосий қуролини ўзи заифлаштирди.
Си музокараларни камида тенг позицияда, балки кучлироқ позицияда олиб борди, чунки Хитой АҚШ ва Ғарбнинг заиф нуқтасини топди, Трампнинг тарифлари эса Хитой иқтисодиётига ҳеч қандай зарар етказмади.
Бу шароитда Трампнинг ажратилган бир ярим соатда нафақат АҚШ фермерлари, мудофаа саноати ва автомобиль ишлаб чиқарувчилари учун, балки Тайван, Украина уруши ва Хитой компаниялари томонидан Россия нефтини сотиб олиш масалаларини кўтаришга ҳам вақт ва куч топганини тасаввур қилиш қийин. Айниқса, Си қиулоқ соладиган далилларни топиш янада мушкул.
Трамп учрашувни ўзи сўради, ва кадрлар шуни кўрсатадики, у олти йилдан бери илк бор Си билан бирга кўринишнинг ўзини ютуқ деб ҳисоблаган. Си эса навбатдаги узоқ мамлакатнинг вақтинчалик президенти билан одатий учрашувни ўтказаётгандек тутди.
Хитой яна бир бор Трамп учун шакл мазмундан муҳимроқ эканидан фойдаланди ва уни апрель ойида Хитойга ташриф буюришга таклиф қилди.
Демак, камида кейинги 4-5 ой давомида Трамп Си билан муносабатларни бузмасликка ҳаракат қилади, ва Украина масаласида АҚШнинг Хитойга босим ўтказиши ёки Россия нефтини сотиб олган йирик Хитой компанияларига санкциялар қўллашини кутиш керак эмас.
Ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар
Ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар
Трамп ва Си учрашув бошланишидан бир соат олдин Пусанга қўнишди.
Хитой раҳбарини кутиб олаётганда Трамп камералар олдида "жуда муваффақиятли учрашув"ни кутаётганини айтди.
Си эса ўз навбатида, Трамп президент бўлган 9 ой ичида улар уч марта телефон орқали гаплашганини ва хатлар алмашганини эслатди. "Дунёнинг икки етакчи иқтисодиёти вақти-вақти билан келишмовчиликларга дуч келиши табиий ҳол", деди Хитой раҳбари.
Шунингдек, Си шуни таъкидлади: "Мен кўп марта очиқ айтганман, АҚШ ва Хитой дўст ва ҳамкор бўлиши керак. Бу биз тарихдан олган сабоқларимиз ва ҳозирги воқеликлар талаби."
Шундан сўнг Си ва Трамп ёпиқ эшиклар ортида музокараларга киришди. АҚШ томонидан давлат котиби Марко Рубио, савдо вакили Жеймисон Грир, молия вазири Скотт Бессент, савдо вазири Ховард Латник, аппарат раҳбари Сюзи Уайлз ва АҚШнинг Хитойдаги элчиси Девид Пердё иштирок этди.
Хитой делегациясига ташқи ишлар вазири Ван И, унинг ўринбосари Ма Чжаосюй, Давлат кенгаши витсе-премери Хе Лифен, аппарат раҳбари Тсай Тси, савдо вазири Ван Вентао, ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси Чжен Шанжсзе кирди.
Учрашув бошланишидан сал олдин Трамп ўзининг Truth Social сайтида АҚШнинг "дарҳол" ядровий синовларни қайта бошлаши ҳақида пост жойлади ва Хитойни бевосита тилга олди.
"Россия иккинчи ўринда, Хитой эса анча орқада - учинчи, аммо беш йил ичида биз билан тенглашади", деб ёзди АҚШ президенти.
Кейинроқ, самолётда журналистлар билан суҳбатда Трамп синовларни қайта бошлаш учун қулай вақт келганини айтди.
"Бу бошқалар билан боғлиқ", деди президент, АҚШнинг ҳали ҳам энг кучли ядровий арсеналга эга эканини таъкидлаб.












