Россияликлар энди Шимолий Кореяда дам оладими?

Путин ва Ким Чен Ин
Ўқилиш вақти: 5 дақ
Алоқадор мавзулар:

Қурилиш ишчиларига нисбатан оғир меҳнат шароити сабабли инсон ҳуқуқлари фаоллари танқидига учраган Шимолий Кореянинг янги соҳил курорти бу ҳафта илк Россиялик сайёҳларни қабул қилди.

Вонсан Калма курорти ўтган ой тантанали очилди. Унинг очилиш маросимида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин шахсан иштирок этди ва уни "жаҳон даражасидаги сайёҳлик ва маданий маскан" деб атади.

Ушбу курорт қандай қурилгани ҳақидаги маълумотлар ташқи дунё учун деярли ёпиқ бўлган бу мамлакатда махфий сақланади.

BBC Verify сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилди, ички режалаштириш ҳужжатларини қўлга киритди, мутахассислар ва Шимолий Кореядан қочган собиқ амалдорлар билан суҳбатлашди. Улар қурилиш давомида инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганини маълум қилишди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бенидормдан илҳомланиб

Rasm

Ким Чен Ин ўсмирлик йилларини асосан Вонсанда ўтказган. Янги курорт барпо этилишидан олдин бу шаҳар мамлакат элитаси учун севимли дам олиш жойи ҳисобланган.

"Вонсан сайёҳлик ҳудуди дастлаб режалаштирилганда мақсад бу минтақани бир миллионга яқин сайёҳни жалб қилувчи, лекин ёпиқ зона сифатида сақлаш эди," дейди Ри Чонг Хо. У курортнинг дастлабки лойиҳалаш жараёнида иштирок этган юқори лавозимли расмий бўлиб, 2014 йили мамлакатдан қочган.

"Ният Шимолий Кореяни бироз очиш эди."

2017 йилда, қурилиш бошланишидан бир йил аввал, Ким Чен Ин Испанияга махсус делегация юборди. Улар Бенидорм курортини ўрганишди.

Испаниялик мезбонлардан бири, Матиас Перес Сучнинг айтишича, ушбу делегация таркибида юқори лавозимли сиёсатчилар ва кўплаб архитекторлар бор эди.

Шимолий Корея рекламаларидаги буклетда 43 та меҳмонхона, сунъий кўл бўйидаги меҳмон уйлари ва кемпинг майдонлари кўрсатилган.

Сунъий йўлдош тасвирлари асосида бу жойларни аниқлаш мумкин, аммо улар тўлиқ қуриб битказилганини тасдиқлаш имконсиз.

Соҳилдан орқада, баланд сариқ сув горкалари ўрнатилган аквапарк жойлашган.

Rasm

Яна шимолроқда эса маданий ҳудуд бор – унда театр, дам олиш ва фитнес марказлари, кинотеатр каби бинолар қурилгани кўрсатилади.

2018 йил бошидан бошлаб олинган сунъий йўлдош суратлари 18 ой мобайнида 4 км узунликдаги соҳил бўйлаб ўнлаб бинолар пайдо бўлганини кўрсатади.

Жанубий Кореянинг SI Analytics компаниясига кўра, 2018 йил охирига келиб курортнинг тахминан 80 фоизи қуриб тугатилган.

Бироқ шундан кейин қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

2024 йил июнида Ким Чен Ин ва Владимир Путин учрашувидан кейин қурилишлар яна давом этди. Учрашувда Россия президенти россияликларни Шимолий Корея курортларига саёҳат қилишга рағбатлантиришини айтган.

Қурилишнинг инсоний талафотлари

Бу қурилишнинг тезкор суръатда бажарилгани объектда ишлаётганларга қандай муомала қилингани борасида жиддий хавотирларни уйғотди.

БМТ Шимолий Кореяда мажбурий меҳнат тизими мавжудлигини таъкидлаб келмоқда. Хусусан, "зарб отрядлари" деб аталувчи тизимда ишчилар оғир шарт-шароитларда, узоқ соатлар ишлайди ва уларга етарли ҳақ тўланмайди.

БМТнинг Сеулдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Жеймс Ҳинан шундай дейди: "Курорт қурилишида айнан шундай 'зарб отрядлари'дан фойдаланилгани ҳақида хабарлар бор."

"Бошқа маълумотларда эса, қурилиш охирида одамлар объектни тугатиш учун 24 соатлик навбатда ишлагани айтилмоқда – бу менга ҳақиқий зарб отрядини эслатади," дейди у.

Пляж бўйида ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пляж бўйида ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилган

Би-би-си шу каби отрядларда аввал хизмат қилган ва кейинчалик уларни бошқарган шимолий кореялик собиқ аъзолардан бири билан суҳбатлашди.

Кейинчалик мамлакатдан қочган Чо Чунг Ҳуи Вонсан курорти қурилишида бевосита иштирок этмаган, аммо ўзи бошқарган отрядлардаги шароитларни яхши эслайди.

"Бу [отрядлар]нинг асосий қоидаси шундай: қандай бўлмасин, вазифани бажариш шарт, ҳатто бу ҳаётингиз ҳисобига бўлса ҳам," дейди у.

"Мен жуда кўп аёлларни кўрганман, улар жисмоний чарчоқ ва етарли овқатланмаслик туфайли ҳайз кўришдан тўхтаган эди."

Пляж олдидаги меҳмонхоналар катта тезликда қурилиб, қурувчилар учун шароитлар бўйича хавотирлар уйғотди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пляж олдидаги меҳмонхоналар катта тезликда қурилиб, қурувчилар учун шароитлар бўйича хавотирлар уйғотди.

2023 йилда Жанубий Кореяга қочган Кан Гюри эса Вонсанда ишлаган. Унинг айтишича, унинг амакиваччаси Пхеньянда яшаш ҳуқуқини олиш умидида қурилишда ихтиёрий иштирок этган. Бу ҳуқуқ фақат тузумга ишончли деб топилган фуқароларга берилади.

"У деярли ухламаган. Улар [ҳукумат] унга етарли овқат ҳам бермаган," дейди у.

"Шароит оғир эди. Баъзилар иш пайтида ўларди, лекин агар кимдир қулаб ўлиб қолса, [ҳукумат] ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмас эди."

Кан хонимнинг айтишича, курорт лойиҳаси кенгайган сари Вонсандаги маҳаллий аҳоли кўпинча товонсиз ҳолда ўз уйларидан чиқариб юборилган.

BBC Verify сунъий йўлдош тасвирлари орқали курортга олиб борувчи асосий йўл яқинидаги бинолар бузиб ташланганини аниқлади. Улар ўрнида янги кўп қаватли уйлар қад кўтарган.

"Агар жой мос келса, улар шунчаки ҳаммасини бузиб, янги иншоот қуришади," дейди Кан хоним.

"Муаммо шундаки, одам қандай адолатсизликни ҳис қилмасин, бу ҳақда очиқ гапира олмайди, норозилик билдира олмайди."

Би-би-си бу маълумотлар юзасидан изоҳ сўраб Шимолий Корея расмийларига мурожаат қилди.

Хорижий сайёҳлар қаерда?

Сўнгги йилларда Шимолий Корея хорижий меҳмонлар учун деярли тўлиқ ёпиқ ҳолда бўлиб келмоқда – фақат қатъий назорат остидаги бир неча тургина амалга оширилган.

Вонсан Калма курорти нафақат халқаро санкциялар таъсиридаги мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш учун, балки Украинадаги урушда Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатгандан сўнг Россия билан яқинлашувни кучайтириш йўли сифатида ҳам кўрилаётгани айтилмоқда.

Дам олиш маскани июнь ойи охирида Шимолий Кореялик сайёҳлар учун очилган эди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Дам олиш маскани июнь ойи охирида Шимолий Кореялик сайёҳлар учун очилган эди

BBC Verify тасарруфидаги дастлабки режа ҳужжатларига кўра, лойиҳанинг бош мақсади бир миллиондан ортиқ сайёҳни жалб этиш бўлган. Улар асосан Хитой ва Россиядан келиши кутилган.

Биз Хитой ва Россиядаги тур агентликлари сайтларини кўриб чиқиб, янги курортга боришни таклиф қилувчи сафарлар бор-йўқлигини аниқладик.

Хитойдаги бирор бир агентлик Вонсанга турлар реклама қилмаган. Аммо Россияда бундай сафарларни таклиф қилаётган учта агентлик аниқланди – улар таркибида Вонсан Калма курорти ҳам бор эди.

Шимолий Кореяда 1 ҳафта дам олиш Россиялик туристларга 1300 долларга тушади

Сурат манбаси, Vostok Intur

Сурат тагсўзи, Шимолий Кореяда 1 ҳафта дам олиш Россиялик туристларга 1300 долларга тушади

Биз 7 июлга белгиланган илк сафардан бир ҳафта олдин, июль бошларида россиялик сайёҳлар учун бундай сафарни таклиф қилаётган агентликлардан бирига мижоз сифатида қўнғироқ қилдик. Уларга кўра, ушбу сафарга Россиядан 12 нафар киши рўйхатдан ўтган.

Шимолий Кореяга бир ҳафталик сафар – шу жумладан, Вонсан курортида ўтадиган уч кун – 1800 доллар туради. Бу Россиядаги ўртача ойлик иш ҳақидан тахминан 60 фоиз кўп.

Тур оператор маълум қилишича, август ойига яна иккита сафар режалаштирилган.

Шундай турларни таклиф қилаётган яна икки агентлик билан ҳам боғландик, аммо улар сафарга неча киши рўйхатдан ўтганини айтмади.

Сеулдаги Кукмин университетида Россия-Шимолий Корея муносабатлари бўйича мутахассис Андрей Ланковнинг таъкидлашича, Вонсан Калманинг Россияликлар орасида кенг оммалашиши "эҳтимолдан жуда йироқ".

"Россиялик сайёҳлар осонгина Туркия, Миср, Таиланд ёки Вьетнам каби жойларга боришлари мумкин – бу ҳудудлар Шимолий Корея яратиши мумкин бўлган ҳар қандай инфратузилмадан анча устун," дейди у.

"У ерларда хизмат кўрсатиш даражаси юқори, қолаверса, доимий назорат остида ҳам бўлмайсиз."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: