You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
АҚШ билан савдо урушида Хитой қўлидаги тўрт қарта
- Author, Ко Эве
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо уруши қизғин паллага кирди.
Хитойнинг АҚШга экспорти 245 фоизгача бож тўлаши керак, Пекин эса Америка импортига 125 фоизлик бож билан жавоб қайтарди. Истеъмолчилар, ширкатлар ва бозорлар глобал инқироз хавфи кучайган сайин баттарроқ шароитга тайёрланмоқда.
Хитой раиси Си Цзинпин ҳукумати мулоқотга тайёр эканини бир неча бор таъкидлаган, аммо зарур бўлса, "охиригача курашиши" ҳақида огоҳлантирган.
Қуйида Пекиннинг АҚШ президенти Доналд Трамп божларига қарши арсеналида нималар борлиги ҳақида сўз юритамиз.
Хитой бардош бера олади (маълум даражагача)
Хитой дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт бўлгани учун тарифлар таъсирини бошқа кичикроқ мамлакатларга қараганда яхшироқ қабул қила олади.
Миллиарддан ортиқ аҳолига эга бўлган бу давлатнинг улкан ички бозори бор ва у тарифлардан азият чекаётган экспортчилар оғирини енгиллаштириши мумкин.
Хитойликлар етарлича пул сарфламаяпти, бу эса Пекин учун муаммо. Аммо маиший техника учун субсидиялардан тортиб саёҳатчи нафақахўрлар учун "кумуш поездлар"гача бўлган бир қатор рағбатлантирувчи чоралар билан бу ўзгариши мумкин.
Трампнинг божлари Хитой Коммунистик партиясига мамлакат истеъмол салоҳиятини очиш учун янада кучли туртки берди.
Раҳбарият "АҚШ тажовузкорлигига ён бермаслик учун қийинчиликларга бардош беришга тайёр бўлиши мумкин," деди Вашингтондаги Петерсон институтининг АҚШ-Хитой савдо бўйича мутахассиси Мэри Лавли шу ой бошида BBC Newshour'га.
Хитой, шунингдек, авторитар режим сифатида қийинчиликларни кўпроқ кўтара олади, чунки у қисқа муддатли жамоатчилик фикридан унчалик хавотирланмайди. Яқин келажакда унинг раҳбарлари тақдирини ҳал қиладиган сайлов йўқ.
Шунга қарамай, тартибсизликлар хавотир уйғотмоқда, айниқса давом этаётган кўчмас мулк инқирози ва иш ўринлари йўқолишидан норозилик бор.
Тарифлар туфайли юзага келган иқтисодий ноаниқлик фақат ўсиб бораётган Хитойни кўрган ёшлар учун яна бир зарба бўлди.
Партия ўзининг жавоб тарифларини оқлаш учун миллатчилик кайфиятига таянмоқда, давлат оммавий ахборот воситалари эса одамларни "қийинчиликларни биргаликда енгишга" чақирмоқда.
Раис Си Цзинпин хавотирда бўлиши мумкин, аммо ҳозирча Пекин қатъий ва ишончли оҳангда гапирмоқда. Бир амалдор мамлакатни ишонтириб: "Осмон қулаб тушмайди," деди.
Хитой келажакка сармоя қўймоқда
Хитой ҳар доим жаҳон фабрикаси сифатида танилган, аммо у анча илғор ишлаб чиқаришга айланиш учун миллиардлаб маблағ сарфламоқда.
Си даврида у технологик устунлик учун АҚШ билан беллаша бошлади.
У қайта тикланадиган энергия манбаларидан тортиб чиплару, сунъий интеллектгача бўлган маҳаллий технологияларга катта сармоя киритди.
Бунга мисол қилиб, ChatGPT'нинг кучли рақиби сифатида эътироф этилган DeepSeek чатботини ва ўтган йили Теслани ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчисига айланган BYD'ни келтириш мумкин. Apple ўзининг қимматли бозор улушини Huawei ва Vivo каби маҳаллий рақобатчиларга бой бериб келмоқда.
Яқинда Пекин сунъий интеллект соҳасидаги инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун келгуси ўн йил ичида 1 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашни режалаштираётганини эълон қилди.
АҚШ компаниялари ўз таъминот занжирларини Хитойдан узоқлаштиришга ҳаракат қилишди, аммо улар бошқа жойларда худди шундай кўламдаги инфратузилма ва малакали ишчи кучини топишга қийналмоқда.
Хитойлик ишлаб чиқарувчилар таъминот занжирининг ҳар бир қисмида мамлакатга ўнлаб йиллар давомида шаклланган устунликларни бермоқда.
Таъминот занжиридаги тенгсиз тажриба ва ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши Хитойни ушбу савдо урушида кучли рақибга айлантирди, Пекин қайсидир маънода бунга Трампнинг олдинги давридан бери тайёргарлик кўрмоқда.
Трамп 1.0 сабоқлари
2018 йилда Трамп божлари Хитой қуёш панелларига таъсир кўрсатганидан бери Пекин АҚШ бошчилигидаги дунё тартиботидан ташқари келажак режаларини тезлаштирди.
У Глобал Жануб билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун "Бир макон, бир йўл" деб номланган баҳсли савдо ва инфратузилма дастурига миллиардлаб маблағ сарфлади.
Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка билан савдонинг кенгайиши Хитойнинг АҚШга қарамликдан қутулишга уриниши билан боғлиқ.
Америкалик фермерлар бир пайтлар Хитойга соянинг 40 фоизини етказиб берган – ҳозир бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади. Сўнгги савдо урушидан сўнг Пекин ўз ҳудудида соя етиштиришни кучайтирди ва ҳозирда ўзининг энг йирик соя етказиб берувчиси бўлган Бразилиядан рекорд даражада ҳосил сотиб олмоқда.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
"Бу тактика бир ўқ билан икки қуённи уради. У Американинг қишлоқ хўжалигини бир вақтлар мустаҳкам ўрнашган бозордан маҳрум қилади ва Хитойнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича обрўсини оширади," дейди Сидней Технология университети Австралия-Хитой муносабатлари институти доценти Марина Ю Чжан.
АҚШ энди Хитойнинг энг йирик экспорт бозори эмас: бу ўрин ҳозир Жануби-Шарқий Осиёга тегишли. Аслида, Хитой 2023 йилда 60 та давлат учун энг йирик савдо ҳамкори эди – бу АҚШникидан деярли икки баравар кўп. Дунёдаги энг йирик экспортчи сифатида, у 2024 йил охирида рекорд даражадаги 1 триллион доллар профицитга эришди.
Бу дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган АҚШ Хитой учун муҳим савдо ҳамкори эмаслигини англатмайди. Аммо бу Вашингтон учун Хитойни қийин аҳволга солиб қўйиш осон бўлмаслигини кўрсатади.
Оқ уй Хитойни изоляция қилиш учун икки томонлама савдо музокараларидан фойдаланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг Пекин давлатларни "Хитой манфаатларига зарар етказувчи келишувга боришдан" огоҳлантирди.
Бу дунё мамлакатларининг аксарияти учун имконсиз танлов бўларди.
"Биз [Хитой ва АҚШ ўртасида] танлай олмаймиз ва ҳеч қачон танламаймиз," деди Малайзия савдо вазири Тенгку Зафрул Азиз ўтган ҳафта Би-би-си билан суҳбатда.
Хитой энди Трамп қачон чекинишини билади
Трамп апрель ойи бошида кенг қамровли тарифларни эълон қилганидан сўнг акциялар кескин тушиб кетганига қарамай, тарифларни "дори-дармон"га қиёслади.
Аммо у АҚШ давлат облигациялари тез сотила бошлагандан кейин ушбу тарифларнинг аксариятини 90 кунга тўхтатиб қўйди. Бу облигацияларга узоқ вақтдан бери хавфсиз инвестиция сифатида қаралган. Бироқ савдо уруши бу активларга бўлган ишончни сусайтирди.
Шундан сўнг Трамп Хитой билан савдо зиддияти пасайишига ишора қилиб, Хитой товарларига божлар "сезиларли даражада пасайишини, аммо нолга тенг бўлмаслигини" айтди.
Демак, экспертлар таъкидлашича, Пекин облигациялар бозори Трампни довдиратиб қўйиши мумкинлигини билиб қолди.
Хитой, шунингдек, АҚШ давлат облигацияларида 700 миллиард долларга эга. Американинг содиқ иттифоқчиси бўлган Япония бундан кўпроғига эгалик қилади.
Баъзилар фикрича, бу Пекин учун таъсир воситаси бўлади: Хитой оммавий ахборот воситалари мунтазам равишда АҚШ облигацияларини "қурол" сифатида сотиш ёки сотиб олмаслик ғоясини илгари сурган.
Аммо мутахассислар огоҳлантиришича, Хитой бундай вазиятдан безиён чиқиб кетолмайди.
Аксинча, бу Пекиннинг облигациялар бозорига қилган инвестициялари учун катта йўқотишларга олиб келади ва Хитой юанини беқарорлаштиради.
Хитой АҚШ давлат облигацияларига "фақат маълум бир даражагача" босим ўтказа олади, дейди доктор Чжан. "Хитойда молиявий қурол эмас, музокаралар учун восита бор."
Ноёб элементлар устидан назорат
Бироқ, Хитой қуролга айлантириши мумкин бўлган нарса – унинг илғор технология ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган ноёб ер элементларини қазиб олиш ва қайта ишлашда деярли монополлигидир.
Хитойда электромобиллар ва шамол турбиналаридаги магнитларда ишлатиладиган диспрозий ва реактив двигателлар учун иссиқликка чидамли қоплама берадиган иттрий каби улкан конлар мавжуд.
Пекин Трампнинг сўнгги божларига аллақачон еттита ноёб ер элементи, жумладан, сунъий интеллект чипларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлганларини экспорт қилишни чеклаш билан жавоб берди.
Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ноёб ер элементларини қазиб олишнинг қарийб 61 фоизи ва қайта ишлашнинг 92 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади.
Австралия, Япония ва Вьетнам ноёб ерларни қазиб олишни бошлаган бўлса-да, Хитойнинг таъминот занжиридан чиқарилиши учун йиллар керак бўлади.
2024 йилда Хитой турли ишлаб чиқариш жараёнлари учун муҳим бўлган яна бир муҳим минерал – сурма экспортини тақиқлади. Ваҳимали харидлар тўлқини ва муқобил етказиб берувчиларни излаш натижасида унинг нархи икки баравардан кўпроқ ошди.
Хавотир шундаки, худди шу нарса ноёб ер элементлари бозорида содир бўлиши мумкин, бу эса электр транспорт воситаларидан мудофаагача бўлган турли соҳаларни жиддий издан чиқаради.
"Сиз ёқишингиз ёки ўчиришингиз мумкин бўлган ҳар қандай нарса, эҳтимол, ноёб ер элементлари ёрдамида ишлайди," деди аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда "Ginger International Trade and Investment" директори Томас Крюммер.
"АҚШ мудофаа саноатига таъсири жуда катта бўлади."