Трамп тарифлари: АҚШ президенти энди Европага ҳам таҳдид қилмоқда. Дунё янги глобал савдо уруши остонасидами?

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Иккинчи президентлик муддатига энди киришар экан, Доналд Трамп яна бож тарифларини ўзининг асосий иқтисодий қуролига айлантирмоқда. У аллақачон Хитой, Канада ва Мексикага қарши янги бож ставкалари жорий этиб бўлган. Энди навбат Европа Иттифоқига эканига ишора қилмоқда.

Президент Доналд Трамп 1 февраль куни Мексика ва Канададан АҚШга импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоиз, Хитойдан импорт қилинадиган барча товарларга эса 10 фоиз бож тарифлари солинишини эълон қилди.

АҚШ президенти якшанба куни Европа Иттифоқидан келаётган товарлар, айниқса автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига "сўзсиз" бож тарифлари жорий этилиши ҳақида гапирган.

Трамп ушбу тарифлар Америка саноатини ҳимоя қилиш ва савдо балансини қайта йўлга солиш мақсадида жорий қилинаётганини айтмоқда.

Бироқ, бу чоралар янги глобал савдо урушига олиб келиши мумкинлиги ва, энг муҳими, АҚШнинг ўз иқтисодиётига жиддий зарба беришидан огоҳлантирмоқда.

Трамп қайси давлатларни нишонга олмоқда ва нега?

Сешанбадан АҚШга кираётган Канада ва Мексика товарларига 25 фоиз, Хитой товарларига нисбатан эса 10 фоиз бож тарифлари қўлланила бошланади.

Янги тариф сиёсатига зарурий асос сифатида АҚШга бу давлатлардан наркотик моддалар, айниқса, фентанил кириб келаётгани кўрсатилган.

Аммо Трамп маъмурияти янги тарифлар жорий этилишида ҳар бир давлат бўйича бошқа турлича важларни ҳам илгари сурмоқда.

Хитой – бу давлат аввал ҳам Трампнинг тариф сиёсатидаги асосий нишон бўлган эди.

Биринчи президентлик муддати чоғида Трамп Хитойга қарши 25 фоизлик бож тарифларини аллақачон жорий этиб бўлган.

Ўтган йилги сайловолди кампанияси чоғида эса янги жорий этилажак тарифлар 60 фоизгача бўлиши билан таҳдид қилган, лекин ҳозирча 10 фоизлик бож тарифлари билан чекланган.

Трамп Хитойни узоқ вақтдан бери қуйидаги иқтисодий амалларда айблаб келади:

  • Адолатсиз савдо амалиётлари, яъни АҚШ бозорига арзон маҳсулотларни "тўкиб ташлаб", "демпинг" қилиш;
  • Валюта манипуляцияси, яъни экспорт кўламини ошириш мақсадида юань курсини сунъий равишда паст даражада ушлаб туриш;
  • Айниқса, технология соҳасида интеллектуал мулк ўғрилиги.

Канада ва Мексика – Трампнинг АҚШнинг ён қўшнилари бўлмиш бу давлатларга нисбатан даъволари миграция ва гиёҳванд моддалар назорати билан боғлиқ.

Трампнинг фикрича, Мексика АҚШга ноқонуний миграцияни тўхтатиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти.

У Мексика каби Канадани ҳам фентанил ва бошқа ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосини тўхтата олмаётганликда айблаган.

Бундан ташқари у Канада АҚШнинг "51-штати"га айланиши лозимлигини ҳам такрорлашни хуш кўради.

Трампнинг иддао қилишича, АҚШ Канада иқтисодиётини субсидия қилиш йўлида "юзлаб миллиард доллар" сарфлайди ва бу маблағсиз "Канада мустақил давлатлигини йўқотади".

"Канада бизнинг Ардоқли 51 штатимиз бўлиши керак. Шунда Канада халқи учун анчайин кам солиқлар, анчайин яхшироқ ҳарбий ҳимоя бўлади – ВА ТАРИФЛАР БЎЛМАЙДИ!", дея ёзган Трамп ўзининг TruthSocial тармоғида.

Европа Иттифоқи – Трамп якшанба куни Европа Иттифоқи ҳам тарифлар нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

У ЕИ билан савдо балансидан норози ва Европадан келаётган автомобиллар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тариф қўллаш билан таҳдид қилмоқда.

Трампнинг айтишича, ЕИ АҚШ товарларига нисбатан адолатсиз савдо тўсиқларини қўймоқда.

У, айниқса, Германия ва Франциянинг автомобиль ишлаб чиқарувчилари АҚШ савдо сиёсатидан ҳаддан ташқари манфаат кўраётганини таъкидламоқда.

Бож тарифлари нима ўзи?

Тарифлар – бу бошқа давлатлардан импорт қилинадиган товарларга солинадиган солиқлардир.

Кўпгина тарифлар маҳсулот қийматининг фоиз сифатида белгиланган бўлиб, одатда, импорт қилувчи томонидан тўланади.

Импорт қилинадиган маҳсулотларнинг нархини оширишдан мақсад истеъмолчиларни маҳаллий, арзонроқ маҳсулотларни сотиб олишга ундаш ва шу орқали ўз иқтисодиётининг ўсишини қўллаб-қувватлашдир.

Доналд Трамп тарифларни АҚШ иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринларини ҳимоя қилиш ва солиқлардан тушум йиғиш воситаси сифатида кўради.

Ҳозирда Трамп маъмурияти АҚШнинг учта йирик савдо ҳамкорларига қарши бож тарифлари жорий этди.

Трампнинг биринчи президентлик давридаги тарифлари таъсирини ўрганган иқтисодий тадқиқотларга кўра, бу тарифлар натижасида иқтисодий юкнинг асосий қисми охир-оқибат АҚШ истеъмолчилари зиммасига тушган.

Фентанилнинг бож тарифларига нима алоқаси бор?

Трамп йирик савдо ҳамкорларига нисбатан салмоқли тарифлар жорий этишнинг асосий сабабларидан бири "фентанил офатига қарши кураш" эканини даъво қилмоқда.

Фентанил – бу оғриқ қолдирувчи восита бўлиб, қонунан эҳтиёжли беморларга тавсия этилади, аммо у ноқонуний равишда ҳам ишлаб чиқарилади ва жиноятчи тўдалар томонидан сотилади. Фентанил героиндан анча кучлироқ.

2022 йилда 70 мингдан ортиқ америкалик фентанил дозаси ошиб кетиши оқибатида вафот этган.

АҚШ расмийлари фентанил ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кимёвий моддалар Хитойдан келишини айтмоқда. Оқ уйнинг таъкидлашича, "Хитой расмийлари бу жараённи тўхтатиш учун зарур чораларни кўрмаган".

Хитой эса ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига алоқаси борлигини инкор қилади.

АҚШ расмийлари Мексикадаги наркокартелларни фентанил етказиб беришда айблайди.

Оқ уй Мексика картеллари "Мексика ҳукумати билан чидаб бўлмас даражада яқин алоқада" эканини иддао қилади, аммо Мексика президенти бу айбловларни "бўҳтон" деб атаган.

АҚШ, шунингдек, Мексика картеллари Канадада фентанил лабораторияларини бошқараётганини таъкидламоқда.

Бу давлат бош вазири эса, АҚШга кириб бораётган фентанилнинг 1 фоиздан камроғи Канададан келишини айтиб, бу даъволарга қарши чиқмоқда.

Тарифлар халқаро бозорга қандай таъсир қилмоқда?

Трампнинг тарифлари Осиёда ҳам, Европада ҳам фонд бозорига жиддий салбий таъсир кўрсатган.

Ҳар икки қитъадаги компаниялар, айниқса, йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари акциялари сезиларли даражада арзонлаган.

АҚШ доллари қадри анчайин ошган, Канада доллариники эса 2003 йилдан бери энг қуйи даражага тушган.

Трампнинг янги иқтисодий сиёсати, шунингдек, крипто бозорга ҳам жиддий таъсир қилган.

Шанба кундан бери инвесторлар "хатарли" активларга сармоя киритишни тўхтатишга қарор қилиши ортидан крипто бозордан нақ $600 миллиард чиқиб кетган, оқибатда, криптовалюталар, хусусан, Bitcoin нархи сезиларли пастлаган.

Энди нима бўлади?

Нишондаги давлатлар Трампнинг янги тарифларини жиддий танқидлар билан қарши олган.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо Трамп сиёсатига жавобан АҚШ товарларига нисбатан 25 фоизлик тарифлар жорий этилишини эълон қилган.

Мексика президенти ҳам ўз маъмуриятига "мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида чоралар" ишлаб чиқиш вазифасини топширганини билдирган.

Хитой эса ўзига нисбатан жорий этилган 10 фоизлик бож тарифлари Жаҳон Савдо Ташкилоти қоидаларига зид эканини таъкидлаган.

Пекин ҳам "қонуний ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш" учун қарши чоралар ишлаб чиқаётганини маълум қилган.

Трампнинг Европа Иттифоқидан келаётган товарларга қарши тарифлари қандай кўринишда бўлиши номаълум, аммо иттифоқ етакчилари аллақачон ўз муносабатини билдира бошлаган.

Масалан, Германия канцлери Олаф Шолтз Европа Иттифоқи ўз тарифлари билан қарши жавоб қайтариши мумкинлиги, лекин ўзаро муроса қилиш ҳар икки томонга ҳам яхши бўлиши ҳақида гапирган.

Иттифоқ бош дипломати Кая Каллас эса "савдо урушларида ғолиблар бўлмаслиги"ни тилга олган.

Таҳлилчилар эса АҚШ янги маъмуриятининг мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш важи билан бошланган бу сиёсати америкаликларнинг ўзига жиддий зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Масалан, Трамп маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни муҳофаза қилиш мақсадида 2018 йилда хориждан келаётган кир ювиш машиналарига нисбатан солиқ жорий этган, оқибатда, Қўшма Штатларда кир машиналар нархи, кейинчалик, камида, 12 фоизга қимматлаб кетган эди.

АҚШ сотишдан кўра кўпроқ сотиб олади

Ник Марш

Бизнес масалалари бўйича мухбир

АҚШ Европа Иттифоқи билан савдо дефицитига эга: у Европа мамлакатларидан кўпроқ маҳсулот импорт қилади, лекин уларга камроқ маҳсулот сотади.

Ўтган йили АҚШнинг Европа билан савдо тақчиллиги 213 миллиард долларни ташкил қилди – президент Трамп бу ҳолатни "ваҳшийлик" деб атади.

Трампнинг фикрича, импорт товарларга солиқлар ички иш ўринларини ва миллий маҳсулотларни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Европанинг АҚШга энг йирик экспорт товарлари орасида фармацевтика маҳсулотлари, автомобиллар ва илғор технологик ускуналар бор. Шу билан бирга, АҚШ Европага нефть, газ ва молиявий хизматлар етказиб беради.

АҚШ тарифлари турли давлатларга ҳар хил таъсир кўрсатади. Масалан, Ирландия Америка бозорига энг кўп боғлиқ давлатлардан бири – унинг Европа ташқарисига экспорт қилаётган маҳсулотларининг ярмидан кўпи АҚШга йўналтирилган.

АҚШдан катта ҳажмда маҳсулот сотиб олувчи давлатлар қаторида Нидерландия ва Германия бор. Аммо Германия АҚШга катта миқдорда автомобиллар экспорт қилади ҳам.

Шунга қарамай, Европа Иттифоқи агар АҚШ тарифлар жорий қилса, коллектив жавоб қайтаришини билдирган. Бу эҳтимолий жавоб тарифларни англатиши мумкин.

Бирлашган Қиролликка келганда, вазият бироз фарқ қилади. АҚШ Буюк Британия билан унчалик катта савдо тақчиллигига эга эмас, аксинча, ўтган йилда бир нуқтада АҚШ ортиқча савдо баланси ҳам қайд этган. Шу сабабли Британия ҳукумат расмийлари Трампни ўз мамлакатига тариф жорий қилмасликка кўндиришдан умид қилмоқда.

Президент Трампнинг сўзларига кўра, "Британия бироз чегарадан чиққан, лекин Европа Иттифоқи бутунлай чегарадан чиқиб кетган".