АҚШ энди Хитойни ғазаблантирди ва бундан Тайван мамнун

Ўқилиш вақти: 2 дақ

АҚШ давлат департаменти ўз вебсайтидан "Вашингтон Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламайди" деган баёнотни ўчириб ташлаши Хитойнинг ғазабига сабаб бўляпти.

Хитойнинг айтишича, бу қадам "Тайван мустақиллигига чақираётган бўлгинчи кучлар учун нотўғри ишорани беради", ҳамда "АҚШ ўз хатосини тўғрилаши керак".

Давлат департаменти сайтида Тайван-АҚШ муносабатлари ҳақидаги маълумот ўтган ҳафта "оддий" янгиланиш даврида ўзгартирилган ва ундан "Биз Тайваннинг мустақиллигини қўллаб-қувватламаймиз" жумласи олиб ташлангани аён бўлган.

АҚШ воизи ўз ҳукумати "Бир Хитой" сиёсатига содиқ бўлиб қолаётгани, яъни АҚШ Тайван билан эмас, Хитой билан расмий алоқаларни тан олишини айтган.

Хитой ўзини ўзи бошқарувчи Тайванни бўлгинчи ҳудуд деб кўради ва бир кун Хитойга қўшилишига ишонади. У бу йўлда ҳарбий кучни ҳам қўллашини истисно қилмаган.

Лекин, кўплаб тайванликлар ўзларини алоҳида давлат деб ҳисоблашади. Шунга қарамай, уларнинг аксари ҳозирги мақомни сақлаб қолиш тарафидалар. У ҳам бўлса, Тайван ўз мустақиллигини расман эълон қилмайди ҳам, Хитойга қўшилмайди ҳам.

АҚШ давлат департаменти баёнотида тушириб қолдирилган жумладан ташқари, энди унда АҚШ Тайваннинг халқаро ташкилотларга аъзолигини баъзи ҳолларда қўллаши айтилади.

Якшанба куни Тайван Ташқи ишлар вазири Лин Чиа-лунг АҚШга "ижобий ва Тайванга нисбатан дўстона сўзлар" учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Аммо, душанба куни Пекинда ўтган одатий матбуот анжуманида Хитой ташқи ишлар вазирлигининг воизи буни қоралади ва АҚШнинг Тайван сиёсатидаги "жиддий ортга қайтиш" дея баҳолади.

"Бу Тайван мустақиллигига чақираётган бўлгинчи кучларга нотўғри ва жиддий ишорани беради, ва АҚШнинг Хитойни ўраб туриш учун Тайвандан фойдаланишдек нотўғри сиёсатини ўжарлик билан давом эттираётганига мисол бўлади", - деди воиз Гуо Жиякун.