Конор Макгрегорни зўравонликда айблаган аёл яна судга арз қилди

konor

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Конор Макгрегор ўтган йил ноябрида судда ўзига қарши кўриб чиқилган фуқаролик иши чоғида.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Таниқли UFC жангчисини зўрлашда айблаб, фуқаролик судида ютиб чиққан аёл орадан икки ой ўтмай яна арз қилмоқда. Эндиликда, у Макгрегордан хавфсизлик камералари тасвирларини тарқатмасликни талаб қилмоқда.

Ноябрь ойида машҳур аралаш жанг санъати устаси устидан фуқаролик судида ғолиб чиққан Никита Ҳенд январь бошида яна судга мурожаат қилган.

Бу сафар у Макгрегор хавфсизлик камералари ёзувларини тарқатмаслигини талаб қилмоқда.

Ноябрь ойида суд ирландиялик спортчи 2018 йил декабрида Дублиндаги меҳмонхонада Никита Ҳендга нисбатан зўравонлик қилган, деб топган эди.

Суд Макгрегорга жабрланувчига 248,000 евро миқдорида зарар тўлашни буюрган.

Ирландиянинг RTE телеканали хабарига кўра, Ҳенд хонимнинг адвокати судни ўз мижози Макгрегорнинг ҳуқуқшунослари ҳаракатига тақиқ солиш йўлларини излаётганидан хабардор қилган.

2018 йил 9 декабрь куни Дублиндаги Бикон меҳмонхонасида ёзиб олинган хавфсизлик камералари тасвирларида Макгрегор ва Ҳенд хоним ўзларининг икки дўсти билан автотураргоҳ ҳамда лифт ичида турли вақтларда бўлгани кўринади.

Алоқадор мавзулар:
nikita

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Фуқаролик судида Макгрегор устидан ғолиб чиққан Никита Ҳенд таниқли UFC жангчисидан 248 минг евро ундиришга муваффақ бўлган эди.

Мазкур тасвирлар суд ҳайъати аъзолари томонидан бир неча бор кўриб чиқилган.

Ҳенд хонимнинг адвокати сўзларига кўра, унинг мижози Макгрегорнинг италиялик бизнес шериги кузатув камералари ёзувларининг "яқин орада оммага эълон қилиниши"ни билдиргани ортидан судга мурожаат этишга қарор қилган.

Макгрегорга тегишли спиртли ичимлик бренди маҳсулотларини Италияда тарқатишда иштирок этувчи Габриэл Эрнесто Раписарда исмли бу бизнес шерик камера тасвирлари Ҳенд хоним Макгрегор билан ўз ихтиёри ила вақт ўтказгани ҳамда спортчи томонидан зўравонлик бўлмаганини исботлашини даъво қилган.

Ўз мавбатида, Никита Ҳенднинг адвокати камера тасвирлари Макгрегорнинг спиртли ичимлик бренди маҳсулотлари сотувини кучайтириш йўлида тарқатилаётганини таъкидлаб, буни "суд ҳайъати қарорини обрўсизлантириш ва молиявий фойда олиш" йўлидаги ҳаракат, дея атаган.

Судья Макгрегорнинг ҳуқуқшунослари ҳаракати устидан тақиқ тўғрисидаги хабарни етказишга рухсат берди ва масала пайшанба куни судда қайта кўриб чиқишга қолдирилди.