Англия мигрантлар учун инглиз тили талабини кучайтираяпти

Британия аэропортидаги паспорт назоратидан ўтишни кутиб навбатда турган йўловчилар.

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ҳукумати жорий этган янги тартибга кўра, Бирлашган Қиролликка келаётган айрим мигрантлардан инглиз тилида A-level - Илғор даража стандартида гаплаша олиш талаб этилади.

Ушбу ўзгаришлар 2026 йил 8 январидан кучга киради ва шиддат билан ўсиб бораётган бизнес соҳаларида ишлашни хоҳлайдиган ўрта маълумотли, малакали ишчи визасига ҳужжат топширадиган хорижликларга тааллуқли бўлади.

Янги тартиб Британия ҳукуматининг 2025 йил майида эълон қилган Бирлашган Қиролликка келаётган муҳожирлар оқимини камайтириш мақсадидаги катта режасининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд бу ҳақда шундай деди: "Агар сиз бу мамлакатга келаётган бўлсангиз, бизнинг тилимизни ўрганишингиз ва ўз ролингизни ўйнашингиз шарт".

Алоқадор мавзулар

"Бу мамлакат ҳар доим бу ерга келаётган ва ўз улушини қўшаётганларни олқишлаган. Аммо мигрантларнинг бу ерга бизнинг тилимизни ўрганмасдан келишлари ва бизнинг миллий ҳаётимизга ҳисса қўшолмасликлари қабул қилиб бўлмасдир", деди Ички ишлар вазири.

Виза учун ҳужжат топширганларнинг инглиз тилини гапириш, тинглаш, ўқиш ва ёзиш борасидаги билими Британия Ички ишлар вазирлиги маъқуллаган ташкилотлар томонидан имтиҳон қилинади ва бу имтиҳон натижалари виза жараёни пайти текширилади.

Бирлашган Қиролликнинг Skilled worker, Scale-up ҳамда High potential individual (HPI) деб номланадиган визалари учун ҳужжт топшираётганлардан инглиз тилининг B2 level даражаси талаб қилинади.

Айни пайтда бу талаб B1 даражасида.

Бутун дунё бўйлаб инглиз тили курсларини ташкиллаштирган Британия Кенгаши - British Councilга кўра, инглиз тилини B2 даражасида биладиганлар "аниқ ва абстракт мавзулардаги мураккаб матнлардаги асосий ғояни тушунадиган" бўладилар, тилда тўлиқ мулоқот қилоладилар, инглиззабон инсонлар билан эркин сўзлаша оладилар.

Британия расмийларига кўра, ушбу янги тартиб иммиграция тизимини "назоратга олинган, танланган ва адолатли" қилади.

Ички ишлар вазирлигига кўра, ушбу чоралар Бирлашган Қиролликка келаётган инсонларнинг сонини йилига 100 минггача камайтириши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йили мамлакатга келган ва мамлакатни доимийга тарк этганларни айириб ташлаганидан кейинги рақам 431 мингни ташкил этган.

Бу кўрсаткич 2023 йил энг рекорд даражага етиб, 906 мингни ташкил этган эди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Оксфорд Университети қошидаги Миграцияни кузатиш маркази директори доктор Маделейн Сампшн айтишича, бугунги кунда Британия ҳукумати "мигрантлар яхши инглиз тилида гапира олиши" билан "иш берувчилар иқтисодий фойда келтирадиган ишчиларни ёллаш имконига эга бўлиши" ўртасидаги "мувозанат" муаммосига дуч келмоқда.

Доктор Сампшн сўзларига кўра, Британиядаги кўпгина олий маълумот талаб қиладиган иш ўринлари аллақачон A-level (ўрта таълимдан кейинги босқич) даражасидан юқори тил кўникмаларини талаб қилади.

Янги тил талаблари "техник ва қўл меҳнати билан боғлиқ ўрта малакали ишларга кўпроқ таъсир кўрсатади, чунки бундай соҳаларда иш берувчилар баъзан юқори тил даражасини талаб қилмайдилар", деди у.

Иммиграция бўйича адвокат Афсона Ахтар Би-би-сига айтишича, мигрантлардан бундай юқори даражадаги инглиз тилини талаб қилиш "инсофсизлик"дир, чунки "Буюк Британиянинг ўзида ҳам кўпчилик A-level имтиҳонини топшира олмаслиги мумкин".

"Бу ҳатто Британия иқтисодига ҳисса қўшмоқчи бўлган малакали ишчиларни ҳам четлатади", дейди у.

"GCSE (ўрта мактаб) даражаси етарли — кейин улар бу ерда яшаб, Англия жамиятига мослашар эканлар, инглиз тиллари табиий равишда яхшиланиб боради", дейди адвокат.

Ҳукуматнинг иммиграцияни тартибга солиш расмий сиёсат ҳужжати доирасидаги бошқа чоралар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Халқаро талабалар учун ўқиш тугаганидан сўнг Британияда иш топиш учун қолиш муддати 2 йилдан 18 ойга қисқартирилади (2027 йил январдан амалга киритилади).

Талабалар учун молиявий талаблар оширилади: Лондондан ташқарида бир ойлик талаб 1136 фунт стерлингдан £1171 гача кўтарилади (то 9 ойгача).

Технология, санъат ва илм-фан соҳаларидаги юқори ютуқларга эга шахслар учун мўлжалланган Global Talent визаси янада кенгайтирилиб, янада нуфузли мукофотлар соҳибларини ҳам қамраб олади.

Британия иш берувчилари томонидан чет эллик ишчиларни ҳомийлик қилишда тўланадиган "immigration skills charge" ҳам оширилади: кичик ташкилотлар ёки хайрия жамғармалари учун ҳар бир киши учун йилига £480, ўрта ва йирик ташкилотлар учун £1320 тўлаш талаб қилинади.

Аввал ушбу виза тўловлари £364 ва £1000 эди.

Юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида HPI визаси кенгайтирилади.

Бу виза бўйича мигрантлар сони 2000 дан 4000 гача оширилади, аммо жамаи йиллик аризалар сони 8000 та билан чекланади.

A-Level нима?

A-Level — бу Буюк Британиядаги ўрта таълимдан кейинги босқичдаги таълим даражаси бўлиб, университетга кириш учун тайёргарлик сифатида хизмат қилади.

Бу "Advanced Level" деган сўзнинг қисқартмаси.

Британия мактаблари ўқувчилари агар келажакда касб-ҳунар ўрганишга эмас, олий ўқув юртида таҳсил олишни мақсад қилсалар, 16 ёшдан 18 ёшгача 2 йил давомида A-Levelни ўқишади.

Улар одатда уч ёки тўртта фанни танлаб, шу фанлар бўйича чуқур билим олишади.

A-Level натижалари асосида талабалар университетларга қабул қилинади.

Мисол учун, кимдир A-Levelда математика, физика ва кимё фанларини ўқиб, яхши баҳолар олса, у Британиядаги муҳандислик факултетларига кириши мумкин.

A-Level даражаси олий таълимга кириш учун асосий талаб ҳисобланади.

Шунинг учун, ҳукумат A-Level даражасида инглиз тили билишни талаб қилса, бу жуда юқори талаб ҳисобланади — ҳатто баъзи британияликлар ҳам бу даражада имтиҳон топшира олмаслиги мумкин.

Янги тил талаби ўзбекистонликларга таъсир қиладими?

Бир неча йиллардан буён ўзбекистонликлар Англиядаги мавсумий ишларга олдингидан ҳам кўпроқ жалб қилинаяпти, бунга Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳам бош қўшаяпти.

Ўзбекистонликлар Буюк Британияга фермаларда ишлашга келишлари учун улардан Seasonal Worker visa (Temporary Work) визаси талаб қилинади.

Seasonal Worker visa (Temporary Work) визасига ариза топширишда инглиз тили имтиҳони ёки сертификати талаб қилинмайди.

Расмий талабларга кўра, мавсумий иш визаси учун асосий талаблар:

18 ёшдан катта бўлиш;

Лицензияланган иш берувчи томонидан берилган Certificate of Sponsorship (CoS) га эга бўлиш;

Етарли молиявий маблағга эга бўлиш (одатда £1,270);

Биометрик маълумотлар ва туберкулёз тестини топшириш.