Саримсоқ пиёзнинг асрлар оша саёҳати: Марказий Осиёдан жаҳон ошхоналарига

Хитойда далада саримсоқ тераётган аёл.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозирги кунда Хитой саримсоқ пиёзнинг энг йирик етиштирувчиси саналади.
    • Author, ВВС
    • Role, BBC World Service
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Мингларча йиллардан бери саримсоқ пиёз нафақат бетакрор мазаси балки шифобахш хислатлари билан маълум.

Бактерия ва вирусларга қарши таъсири билан танилган саримсоқ таомларда ҳам, анъанавий табобатдаги дориларда ҳам кенг қўлланади.

Келиб чиқиши Марказий Осиё минтақасидан бўлган саримсоқ пиёз аҳоли миграцияси жараёнларида дастлаб Европа ва Жануби-Шарқий Осиёга қадар етиб борган.

Олманинг ҳам келиб чиқиши Қозоғистон эканлигини биласизми?

1929 йили рус олими Николай Вавилов Олма Ота шаҳрига яқин Алатау тоғларида ўсувчи ёввойи олма ҳозирда ҳаммамиз севиб истеъмол қиладиган хонаки олманинг умум аждоди эканлигини тахмин қилганди.

Олма тераётган эркак

Сурат манбаси, ЕРА

Сурат тагсўзи, Олманинг келиб чиқиши Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳри яқинидаги тоғлардан эканлиги тасдиқланган.

Ўша вақтларда Алатау ёнбағирларида ёввойи олма жуда мўл бўлган.

Вавилов тахминига кўра, бирон ўсимликнинг "ирсий компонентлари" қаерда ўта зич мавжуд бўлса келиб чиқиши ўша ердандир.

Вавиловнинг олманинг келиб чиқиши Олма Ота атрофидан деган тахмини кейинчалик тадқиқотлар натижасида тасдиқланган.

Саримсоқнинг фойдаси

Ҳозирги кунда Хитой саримсоқ пиёзнинг энг йирик етиштирувчиси саналади.

BBC Жаҳон Хизмати саримсоқ тарихини ўрганиб, у не қадар фойдали, деган саволга жавоб излайди.

Ошхонада энг керакли масаллиқ

Оштахтадаги саримсоқ ва товуқ гўшти.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Саримсоқни бугунги кунда кўплаб давлатлар ва миллий ошхоналарда ишлатишади.

Саримсоқ пиёздан жуда кўплаб миллатлар таомларида фойдаланилади.

Франциядаги Ошпазлик мактабида дарс берадиган даниялик ошпаз Пол Эрик Йенсоннинг айтишича, Америка, Австралия ва Осиё давлатлари дохил яна кўплаб ерлардан бўлган талабалари орасида саримсоқ билан таниш бўлмаганини учратмаган.

Аммо унинг ўзи ўсган Даниядаги қишлоқда ҳатто 1970-йилларда ҳам саримсоқдан деярли ҳеч кимнинг хабари йўқ эди.

Саримсоқ ҳосили
ВВС
Саримсоқ -бу бир мўъжиза сабзавот
Баҳи Ван де Бор
Британиялик мутахассис

Полнинг айтишича, саримсоқни ўткир ҳиди туфайли ёқтиришмасди.

Лекин кейинчалик Данияга туркиялик муҳожирлар кела бошлаган вақтда таомларда саримсоқдан фойдаланиш анчайин оммалашди.

Унинг ўзи эса саримсоқ билан Италия пиццалари орқали ошно бўлган. Ҳозирда қишда даво сифатида ҳам фойдаланади.

"Эрталаблари рафиқам билан бирга ҳар бир косага бир бош саримсоқ пиёз солинган шўрва ичамиз. На шамоллаш ва на гриппни биламиз. Ишончим комил бу саримсоқ туфайлидир", дейди у.

Узоқ йўл

Саримсоқ ушлаб турган одам.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ХХ асрда асосан муҳожирлар саримсоқни янги манзилларга олиб боришди.

Қадим Грецияда бало-қазодан сақласин, дея саримсоқни уй ташқарисига қўйиш одат бўлган. Мисрда фиръавн Тутанхамон мақбарасида ҳам саримсоқ топилган. Хитой ва Филиппин фолклор қўшиқларида жинлардан сақловчи саримсоқ ҳақида куйланади.

"Саримсоқ ишлатилган энг қадимий таомлардан бири бундан 3 ярим минг йил аввал тайёрланган Месопотамия гўшт димламасидир. Унда 2 бош саримсоқ пиёз ишлатилган", дейди "Егулик саримсоқ пиёз биографияси" номли китоб муаллифи Робин Черри.

"Саримсоқнинг шифобахш хислати ҳам бундан 3 ярим минг йил аввал Ebers Papyrus асарида тилга олинган", дейди у.

Робин Черрининг айтишича, қадим юнон табиби ва файласуф Гиппократ саримсоқ пиёздан қатор муолажаларда фойдаланган. Бундан ташқари Аристотел ва Аристофанес каби ёзувчи ва мутафаккирлар ҳам саримсоқнинг даволовчи хислатларини айтиб ўтишган.

Қуллар таомидан қироллар ошхонасига

Саримсоқ ишлатилган пицца.
Сурат тагсўзи, Саримсоқ пицца каби энг оммабоп таомларда ишлатилади.

Рим салтанатида аскарлар саримсоқ уларга куч-қувват ва жасорат бахш этишига ишонишган, Европа бўйлаб ҳарбий юришларида ўзлари билан олиб юришган.

Аммо бир вақтлар саримсоқни фақат паст табақа инсонлар истеъмол қилишарди.

"Саримсоқ қашшоқ инсонлар ейдиган нарса, дея кўриларди", дейди Робин Черри.

"Мисрда пирамидаларни қураётган қуллар ёки Рим денгизчиларига куч беради, дея саримсоқ едиришган. Арзон нарса бўлган, ёмон таъмли нарсаларнинг мазасини яхшилаган".

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Саримсоқ пиёзнинг обрўси Европа тарихида муҳим кўрилган 14-16 асрлар оралиғидаги Ренессанс даврида, тарихий билимлар ўрганила бошлаган вақтда кўтарила бошлади.

"Франция қироли Генри IV ни саримсоқ билан чўқинтиришган. У, шунингдек, саримсоқни жуда кўп истеъмол қиларди. Шу билан саримсоқнинг оммабоплиги ошди. Англияда эса XIX асрда қиролича Виктория даврида оммага кенг тарқалди", дейди Робин Черри.

АҚШга эса саримсоқ анчайин кечроқ етиб борган. Уни 1950-60 йилларда муҳожирлар ўзлари билан олиб боришган.

"Бир вақтлар саримсоқ яҳудий, италиялик ва кореяликларга нисбатан ҳақоратловчи маънода ҳам қўлланган. Уларни « саримсоқхўрлар", дея камситишган", дейди Робин Черри.

Саримсоқ дори сифатида

Саримсоқдан тайёрланган дармон дорилар.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Саримсоқдан бугунги кунда даво сифатида ҳам фойдаланилади.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб саримсоқнинг 600 дан ортиқ тури бор. Ўзбекистон ва Гуржистондан бўлган турлари яқиндагина жаҳон бозорларига чиқиб борган.

Таомларда ишлатилишидан ташқари саримсоқдан шамоллаш аломатларини даволаш ёки енгиллатишда фойдаланилади. Ўтказилган тиббий тадқиқотларда, шунингдек, унинг қон босими, юқори холестерин ва ҳатто саратонга қарши таъсири ўрганилган. Аммо натижалар аниқ-ойдин эмас.

Эронда ўтказилган кичик бир тадқиқотда саримсоқнинг лимон билан қоришмаси 6 ҳафта мобайнида истеъмол қилинса, қон босими ва холестерин даражасини тушириши аниқланган. Аммо, АҚШдаги Стэнфорд Университетида 200 соғлом инсoн иштирокида 6 ой мобайнида ўтказилган тадқиқот холестерин даражасини туширишда кўзга кўринарли таъсири бўлганлигини кўрсатмаган.

Алоқадор мавзулар:
Саримсоқ

Сурат манбаси, Press Association

Сурат тагсўзи, Саримсоқни ҳаддан ташқари кўп ейиш, айниқса оч қоринга истеъмол қилиш, ичак-ошқозон фаолиятининг бузилиши ва ошқозондаги табиий муҳитнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

2014 йили Сидней Университетидаги тадқиқотлар саримсоқнинг микроб, вирус ва замбуруғларга қарши хислатларини тасдиқлаган.

"Саримсоқда кўп миқдорда потассиум, фосфор, рух, шунингдек ўртача миқдорда магний ва темир моддалари бор. Бу бир мўъжиза сабзавот", дейди Британиялик мутахассис Баҳи Ван де Бор.

Унга кўра, саримсоқ пиёз ошқозондаги фойдали бактерияларни парваришлаш, қорин дам бўлиши ва қабзиятга қарши ҳам фойда беради.

Кунига 1-2 пиширилмаган саримсоқ донасини ейиш катталар учун хавфсиз кўрилади. Лекин АҚШ чоп этиладиган American Family Physician илмий журналидаги мақолада айтилишича, ҳаддан ташқари кўп ейиш, айниқса оч қоринга истеъмол қилиш, ичак-ошқозон фаолиятининг бузилиши ва ошқозондаги табиий муҳитнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.