Картошка қимматчилиги: нега замини ҳосилдор Ўзбекистон ҳамон импортга қарам?

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Расмий идораларнинг етарли захира ғамлангани ҳақидаги ҳисоботларига қарамасдан, оддий ўзбекистонликлар яна бир "аномал" вазиятнинг гувоҳи бўлмоқдалар, "чақиб оладиган" кутилмаган нархлар ҳақида ўйланиб қолганлар: бутун Ўзбекистон бозорларида картошканинг нархи сапчиб кетди.
Бу Ковид замонида мамлакатнинг ўзи учун етарли маҳсулотларни ғамлаб қўйиш тажрибаси йўлга қўйилгани, ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳақидаги кўп йиллик ҳужжатлари ва рапортлари, янги Ўзбекистон фақат пахта ва буғдой экмасдан, бошқа мева ҳамда сабзавот масҳулотларини етиштиришга киришгани ҳақидаги баландпарвоз баёнотларга қарамасдан.
Хулоса шуки, Совет комсомолининг маъмурий-буйруқбозлик усулидаги "бўл" деган сиёсати билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг жамоатчиликни тинчлантириш мақсадидаги Ўзбекистон ўз эҳтиёжи учун етарли 4 миллион тонна картошка омборларда сақланаётгани ҳақидаги баёноти иш бердими?
Қарши шаҳри яшовчилари ҳам, пойтахт Тошкентнинг машҳур "Чорсу" ёки расмий "Эски Жўваси", Фарҳоду Юнусобод бозорлари харидорлари бир ҳафта олдинги килоси 6000-7000 сўмлик картошка 10000 сўм ва ундан юқори сотилаётганининг гувоҳи бўлаяптилар, масъул идораларнинг нархларни тушириш мақсадидаги рейдлари фақат ўша вақтдагина "эффект" бераяпти.
Бунда одамларнинг расмий ташкилотлар берадиган ахборотга нақадар ишонишлари омили ҳам муҳим роль ўйнашини эслатиш жоиз.
Соҳани биладиганлар расман эълон қилинаётган рақамларни шубҳа остига оладилар.

Сурат манбаси, .
Картошка импортига қарамлик
Қозоғистон четга картошка экспортини тақиқлагани ортидан Ўзбекистон бозорларида ҳам картошка янада қимматлади.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда картошка нега қимматлагани сабабини очиқлагани йўқ, афтидан, вазирлик баёноти жамоатчиликни тинчлантириш мақсадини кўзлаган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, мамлакатнинг йиллик 4 миллион тонна картошка талаби ички етиштириш ва импорт орқали қондирилаяпти.
2024 йили Ўзбекистон далаларида 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган.
Шундан 2,7 миллион тоннаси асосий мавсумдаги ҳосилдан, яна 1 миллион тоннаси иккиламчи ҳосилдан олинган.
"Умумий ишлаб чиқаришнинг 3 миллион тоннаси ички истеъмолга йўналтирилади, шундан 2, 25 миллион тоннаси 2024 йил апрел-октябр ойлари орасида асосий ҳосилдан истеъмол қилинади ва 750 минг тоннаси 2024 йил ноябр - 2025 йил апрел ойлари орасида иккиламчи ҳосилдан истеъмол қилинади", деб баёнот берди вазирлик.
Ўзбекистон Статистика агентлигининг 2024 йил 11 ойига оид маълумотларига кўра, мамлакатга 627000 тонна картошка 52,6 миллион долларга сотиб олиб келинган.

Сурат манбаси, Telegram Statistika rasmiy kanali
Расман хабар берилишича, потенциал танқислик олдини олиш учун Ўзбекистон делегацияси Ўсимлик карантини ва ҳимоя қилиш агентлиги раҳбари Иброҳим Эргашев бошчилигида декабр ойининг охирида Эрон ва Покистонга борган.
2025 йил январ-май ойлари орасида Эрон ва Покистондан 100000 тоннадан картошка импорт қилиш бўйича келишувлар имзоланган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги нархларни барқарор ушлаб туриш чораларини кўрганини хабар қилади.
Бунга 239200 тонна сақлаб қўйилган картошкани ички бозорларга тизимли равишда чиқариш киради, ҳар 10 кунда 15000-25000 тоннани тарқатиш мўлжалланган.
"Фитосанитар талабларга мувофиқ Афғонистондан қўшимча импорт режалаштирилган", деб баён қилди вазирлик.
"Январ ойида Сурхондарё вилоятида 7500 гектар ва феврал ойида барча вилоятларда (Қорақалпоғистон ва Хоразм бундан мустасно) 28500 гектар майдонга экиш режалаштирилган. Бу апрел ойида 70000 тонна ва май ойида 450000 тонна ҳосил олишни кутиш мумкин", деб эълон қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ёзишича, 3-17 январ оралиғида картошка улгуржи нархлари 6200 сўмдан 7000 сўмгача (0, 52 доллардан 0, 58 долларгача) ёки 12, 9% кўтарилган.
"Рақобат қўмитаси Тошкент бозорларида картошка нархини кузатиб боришни бошлади, бу ерда улгуржи нархлар олигархлар томонидан ҳали эгаллаб олинмаган бозорларда ҳатто 8000 сўм ёки 0, 67 долларгача етди", деб ёзди bakiroo ўзининг Telegram каналида.
"Бу кескин нарх ошиши кузги картошка 2000 сўмга жуда арзон бўлиб қолган даврда содир бўлди ва кўплаб фермерлар ёқилғи, ўғит ва транспортнинг қимматлашуви туфайли экишдан бош тортдилар. Самарали харид қилиш ва аралашув тизимининг йўқлиги муқаррар равишда бундай нарх беқарорлигига олиб келади", деб қўшимча қилди иқтисодчи.
"... картошка халқнинг иккинчи нони, ошаётган картошка нархи бўйича дарҳол ўрганишлар бошлагани хурсанд қилади", деб ёзди Отабек Бакиров.
Ўтган йили Ўзбекистондан пиёзни ташқарига чиқариш тақиқланганини расмийлар рад этдилар.
Аммо миллионлаб сўмга уруғлик пиёз сотиб олиб, пиёз далада етишган кунларда нархи ерга уриб юборилгани оқибатида сотолмай қолган деҳқон ва фермерлар жуда кўп молиявий йўқотишларга дуч келдилар.
Буям самарасиз бошқарув оқибатларидан биридир.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг












