You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия-Хитой алоқалари ҳозир шунчалик зўрми – Путин мақтади...
Лора Бикер Гэвин Батлер
Хитойдаги мухбир BBC News
Путин икки давлат ўртасидаги муносабатларни олқишлади, уларнинг "мисли кўрилмаган даражада" эканини айтди.
Россия ва Хитой президентлари ўртасидаги музокаралар Хитой пойтахтида эртага, чоршанба кунига режаланган йирик ҳарбий парад арафасида бўлиб ўтди.
"Қадрли дўстим, мен ҳам, Россия ҳайъати ҳам хитойлик ўртоқларимиз ва ҳамкасбларимиз билан яна бир бор учрашганимиздан мамнунмиз", - дея Хитой президентига ўз мамнуниятини изҳор этди у.
Россия президентининг бу сўзлари Кремлнинг Telegram каналидаги расмий акаунтида чоп қилинган видеода ўзининг ифодасини топган.
"Бизнинг яқин мулоқотимиз Россия-Хитой муносабатларининг стратегик хусусиятини акс эттиради, улар мисли кўрилмаган даражада юқори", - дея қўшимча қилган Владимир Путин.
Россия президенти бунинг ортидан "ҳар доим бирга бўлганликлари ва ҳозир ҳам бирга эканликлари"ни баён қилган.
Си Цзинпин эса Путинга, "Хитой-Россия муносабатлари халқаро ўзгаришлар синовидан ўтгани"ни айтган – Пекин "глобал бошқарувнинг янада адолатли ва оқилона тизимини барпо этишга кўмаклашиш" учун Москва билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Чоршанба куни Си Хитой тарихидаги энг йирик ҳарбий парадга мезбонлик қилади.
Парад Хитойда японларнинг таслим бўлиши, яъни Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган.
Шу йил май ойида Россия ҳам худди шу санани байрам қилган, ўшанда бўлиб ўтган тантаналарда Хитой президенти ҳам иштирок этган.
Кечаётган ҳафтадаги учрашувлар Си Цзинпин Хитойни халқаро саҳнада нафақат дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди, балки-да, дипломатик қудрат сифатида ҳам кўрсатишга интилаётган бир пайтга тўғри келган.
Си Цзинпин АҚШ президенти Доналд Трампнинг божлар сиёсати бутун дунёда иқтисодий муносабатларни издан чиқараётган бир вазиятда мамлакати ишончли савдо ҳамкори эканлигини ҳам таъкидлаган.
Трамп Россия раҳбари билан Украина урушини тугатиш масаласида ҳалиям бир тўхтамга кела олмаган, шундай бир ҳолатда Си Цзинпиннинг Пекинда Путинни хуш қаршилаши икковлон ўртасидаги алоқаларнинг яқин эканини кўрсатади.
Икковлон бундан аввал ўз мамлакатлари ўртасидаги муносабатларга "чексиз дўстлик", деб ҳам таъриф беришган.
Танқид ва қоралов
Кеча, душанба кунги саммит чоғида Си ва Путин Ғарб ҳукуматларини танқид қилишган.
Хитой президенти, афтидан, АҚШга ишора қилиб, муайян давлатларнинг ўдағайлашларини қоралаган.
Путин эса, Россиянинг Украинага босқинини ҳимоя қилган, можарога сабаб бўлганликда Ғарбни айблаган.
Музокаралар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг якшанба ва душанба кунлари Тянцзин шаҳрида ўтказилган саммитидан сўнг бўлиб ўтган.
Саммитда Хитой президенти ташкилотга аъзо давлатларни, "Совуқ уруш даврига хос фикрлаш, блоклар ўртасидаги қарама-қаршилик ва тазйиқона хатти-ҳаракатларга қарши туриш"га чақирган.
Путин Ҳиндистон, Эрон ва Покистон етакчилари ҳам иштирок этган мазкур саммит эскирган Евроцентрик ва Евро-Атлантик моделлар ўрнини босадиган янги тизимга асос солганлигини айтган.
Чоршанба кунги ҳарбий парадда Шимолий Корея Президенти Ким Чен Ин ҳам иштирок этади, у кеча, сешанба куни ўзининг махсус поездида Хитойга келган.
Бу Кимнинг илк кўп томонлама халқаро учрашуви бўлади.
Бундан ташқари, бир Шимолий Корея лидери бу яқин ўн йилликларда Хитойдаги ҳарбий парадда иштирок этмаган – сўнгги бор бу ишни 1959 йилда Ким Чен Иннинг бобоси, Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен қилган.
Аксарият Ғарб давлатлари етакчиларининг бу парадга келишлари кутилмаяпти.
Улар Путин режимига санкциялар қўлланишига сабаб бўлган Украина урушига қарши.
Бироқ Пекин Путиннинг Украинага қарши урушини танқид қилмаган.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Хитойни икки хил мақсадда қўлланилувчи маҳсулотлар етказиб бериш ва нефтини сотиб олиш билан Россиянинг уруш ҳаракатларига ёрдам беришда айблашади.
Аммо Пекин буни изчил равишда рад этиб келади.
Шимолий Корея етакчиси эса, Россияни ҳам қурол-яроғ ва ҳам қўшин билан таъминлаган.
Хитой давлат телерадиокомпанияси CCTVнинг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари кеча, сешанба куни Пекиндаги Халқ мажлислари залида учрашишган.
Қисқача маълумот ўрнида: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти улкан жўғрофий ҳудудни қамраб олган ва Ер сайёраси аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот саналади.
Алексей Калмиков
BBC News Рус хизмати
Бир ой – Жаҳон сиёсати учун узоқ вақт.
Владимир Путин яна Хитойда. Аммо бу сафар вазият бошқача. Украинага босқиндан бери илк марта Россия президенти ўзининг асосий иттифоқчиси – Ши Жинпинг ҳузурига Ғарб санкцияларидан қочган "тобе" сифатида эмас, балки АҚШ президенти билан тенг даражада гаплаша оладиган, йирик сиёсий ва ҳарбий куч етакчиси сифатида ташриф буюрмоқда.
Аляскадан қайтган Путин учун бу ташриф ғалабага тенг. АҚШда Доналд Трамп уни тантанали тарзда кутиб олди. Путин Трампни Украинани бомбаламаслик тўғрисидаги талаблардан ҳамда Россияга қарши янги санкциялар таҳдидидан воз кечишга кўндирди.
Тянцзин шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида Путинни кўп сонли минтақавий етакчилар кутиб турибди. Улар орасида КХДР раҳбари Ким Чен Ин ҳам бор. Шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам саммитда иштирок этмоқда. Унинг ҳам Вашингтон, ҳам Пекин билан муносабати мураккаб ҳисобланади.
Бироқ бу ҳали бошланиши.
Чоршанба куни Пекинда кўплаб етакчилар биргаликда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда қатнашишади ва "Япония тажовузига қарши Хитой халқи урушдаги ғалабаси ҳамда Жаҳон антифашистик урушидаги ғалаба"ни нишонлайдилар.
Шундай экан, бу ҳафта Хитойдаги воқеалар глобал миқёсда АҚШга қарши янги иттифоқ кучайишидан дарак беряптими? Ва охирги беш йилда суст бўлган Россия-Ҳиндистон-Хитой блоги – Ғарбнинг жаҳондаги устунлигига қарши туришга қаратилган кучли гуруҳ – Трампнинг савдо урушлари авж олаётган бир пайтда қайтадан уйғониш арафасидами?
Трамп Путин ва Шини жанжалга тортолмайди
Путиннинг бу галги одатдагидан узоқроқ ташрифи Ғарбга Россия ва Хитой ўртасидаги "чегара билмас дўстлик" янада мустаҳкамланаётганини кўрсатиш учун қилинган, деб ҳисоблайди баъзи таҳлилчилар. Уларнинг фикрича, ҳатто Трамп Украинадан воз кечиб, санкцияларни бекор қилса ҳам, Россия Хитойдан юз ўгирмайди.
Экспертлар 1970 йилларда АҚШ давлат котиби Ҳенри Киссинжер президент Ричард Никсон даврида Хитойни Совет таъсиридан ажрата олганини эслатадилар. Аммо ўшанда Пекин ва Москва муносабатлари аллақачон таранг бўлган. Бугун эса вазият бошқача.
"Трамп маъмуриятининг Хитойга савдо босимини кучайтириши фақат Россия-Хитой ўқини мустаҳкамламоқда. Икки давлат ўртасидаги алоқаларни заифлаштириш ва 'қайта Киссинжер' стратегиясини амалга оширишга уринишлар аниқ натижа бермади", – дейди Пьер Андрие, Осиё Жамияти Сиёсат институти эксперти ва Россия, Тожикистон ҳамда Молдова давлатларида фаолият юритган француз дипломати.
"АҚШнинг стратегияси Украинада урушни тугатиш ва Россияга қаратилган баъзи санкцияларни олиб ташлаш орқали Москва билан Пекин ўртасига пона қоқиш бўлса, у ҳолда Вашингтон бу шерикликнинг чуқурлиги ва мураккаблигини тушниб етмаяпти", – деб ёзади Россия-Хитой муносабатлари бўйича таҳлилчи Европа Сиёсат Таҳлиллари маркази учун мақолада.
Хитой ҳозирда Россиянинг асосий энергия ресурслари харидори ва Ғарб компаниялари кетганидан сўнг асосий автомобиллар ҳамда бошқа товарлар етказиб берувчисига айланди. Аммо Украинага қарши тажовуз ҳам икки давлатнинг ғоявий дўстлигини мустаҳкамлади.
"Икки давлат ҳам Ғарб либерализмига ва Америка 'ҳукмронлиги'га қарши чиқмоқда. Иккаласи ҳам ядровий қудрат, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси. Уларнинг стратегик манфаатлари мос келади", – дейди Андрие.
"Иқтисодий жиҳатдан улар бир-бирини тўлдиради: Россия – хомашёга бой , Хитой – саноат ва технология жиҳатидан қудратли", – деб қўшимча қилади у.
Бироқ у етакчиларнинг шахсий яқин муносабатлари асосий омил деб ҳисоблайди.
Путин ва Ши кўп жиҳатдан ўхшаш: иккаласи ҳам 72 ёшда, Совет даври коммунизми остида улғайган ва узоқ йиллардан бери ҳокимиятда. Иккаласи ҳам авторитар тизим қурган ва мухолифатга тоқат қилмайди.
2022 йил Украинага босқиндан олдин Путин Ши билан "чегара билмас дўстлик ва ҳамкорлик" ҳақида баёнот имзолаганди. Ши уни "азиз дўст" деб атайди. У Путин билан бошқа ҳар қандай етакчидан кўра кўпроқ – 40 мартадан зиёд учрашган.
Аммо бу ташриф алоҳида аҳамиятга эга.
Вашингтондаги Брукингс институти эксперти Патриция Кимнинг таъкидлашича, Хитой Путиннинг Ғарбга қайта мойил бўлмаслигини таъминлаш учун унинг "арқонини қисқа" ушлаб туришдан манфаатдор, аммо Россиянинг кучайиб кетишини ҳам истамайди.
"Пекин учун идеал натижа – Ғарбга қарши тура оладиган, аммо Хитой орбитасидан чиқмайдиган етарлича кучли, бироқ етарлича заиф Россиядир", – дейди Ким.
"Россия Хитой учун фойдали ҳамкор. У Ши Жинпингга нафақат мамлакат ичида, балки бутун Марказий Осиёда ҳам барқарорликни таъминлашда ёрдам беради", – дейди Андрие. – "Шу билан бирга, Пекинга Ғарбий моделга муқобил дунё тартибини қўллаб-қувватлаш ва Жанубий глобалдан ёрдам йиғиш имкониятини яратади".
Моди саҳнага чиқмоқда
Россия-Ҳиндистон-Хитой учлигидаги учинчи аъзо – Ҳиндистон – Пекин ва Вашингтон билан мураккаб муносабатларга эга бўлгани сабабли бу блокнинг қайта тикланишига тўсиқ бўлиши мумкин.
Тянцзиндаги ШҲТ саммити доирасида Ши ва Модининг учрашуви – Модининг етти йилдаги илк Хитой ташрифи – катта аҳамиятга эга. Икки давлат 2020 йилдаги Галван водийсидаги чегара тўқнашувларидан кейин деярли мулоқот қилмаган эди.
Бироқ Ҳиндистон иқтисодиётидаги қора булутлар вазиятни ўзгартирди. Трамп Деҳлининг Россия нефтни харид қилишда давом этгани учун Ҳиндистон товарларига катта тарифлар жорий қилди ва бу собиқ рақибларни яқинлашишга мажбур қилди.
Ши Модига "Хитой ва Ҳиндистон рақиб эмас, шерик бўлиши керак", деди. Моди эса ҳозир "тинчлик ва барқарорлик муҳити" мавжудлигини таъкидлади.
Ҳар икки давлат дунёда аҳолиси энг кўп бўлгани билан бирга, энг катта иқтисодиётлардан иккиси ҳамдир.
Моди Ҳиндистон-Хитой авиақатновлари – чегара низосидан бери беш йилдан буён тўхтаб қолган парвозлар қайта тикланишини эълон қилди, аммо аниқ муддат кўрсатмади.
Ши эса: "Икки томон муносабатларимизга стратегик ва узоқ муддатли нуқтаи назардан ёндашиши керак. Икки давлат дўст бўлиши тўғри танловдир", деди.
Иттифоқлар келажаги
Таҳлилчиларнинг айтишича, агар Россия-Ҳиндистон-Хитой дунёдаги йирик иқтисодли давлатлар иштирокида самарали равишда қайта тикланса (Россия ва Хитой буни хоҳлаганини билдиришган) – У Вашингтон таъсирига қарши туриши мумкин.
Бироқ Ҳиндистон учун бу ўта нозик мувозанат талаб қилади. Трампнинг тарифларига қарамай, у Хитой билан ишонч муаммоларини ҳал қилиши керак.
Экспертларга кўра, Ҳиндистон мустақил ташқи сиёсатни сақлаб қолишни хоҳлайди. Хитой билан бўлган ҳалокатли чегара тўқнашувлари хотираси ҳам ҳануз янгидир. Шунингдек, Ҳиндистон Хитойнинг Покистон билан яқин алоқаларидан ҳам хавотирда.
Шунингдек, АҚШ билан яқинлашишга қаратилган ўн йилликлар давомидаги шаклланган дипломатияни ҳам қайта кўриб чиқишга, керак бўлса бекор қилишга тўғри келади. Бу эса Ҳиндистон учун АҚШга қарши иттифоқка тўлиқ қўшилиш учун катта бадал тўлашига тўғри келиши мумкин.
Аммо бу ҳафтаги манзарани инкор этиш қийин.
Путин ва Ким 26 давлат раҳбарлари орасида, Пекиндаги ҳарбий парадда Эрон президенти Масъуд Пезешкиян билан бирга иштирок этишлари кутилмоқда.
Юқори даражада тайёрланган бу тадбирда ўн минглаб ҳарбийлар тарихий Тянанмэн майдонида саф тортиб юриб ўтишади. Парадда Хитой армиясининг 45 та "эшелон"идан ҳарбийлар ҳамда уруш ветеранлари қатнашади.
"Тарихда илк марта Хитой, Россия, Эрон ва КХДР раҳбарлари 3 сентябр куни Пекинда бир жойда – ҳарбий парадда йиғилади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Бу йиғилиш автократлар 'ўқи'нинг илк саммитимикан?" – деб сўрайди Осиё Жамияти Сиёсат институти эксперти Нил Томас.
Унинг айтишича, бу иттифоқ узоққа чўзилмайди, чунки қатнашчиларнинг мақсадлари турлича ва улар бир-бирига ишонмайди.
"Аммо Путин, Пезешкиян ва Кимнинг иштироки Хитойнинг жаҳондаги етакчи авторитар куч сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди", – деб хулоса қилади у.
Шундай қилиб, бу ҳафта Хитойдаги воқеалар нафақат ШҲТ, Россия-Ҳиндистон-Хитой ёки БРИКС каби иттифоқларнинг Вашингтонга қарши туришини кўрсатмоқда, балки Хитойнинг шубҳасиз равишда бу каби иттифоқларнинг марказига айланаётганини намойиш этмоқда.