Трамп Ғазода "ҳақиқий жаҳаннам" бошланишидан огоҳлантирди, Ҳамас уни рад қилди - видео

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳамас душанба куни Исроил келишув шартларини бузаётгани учун гаровдаги исроилликларнинг озод қилиниши номаълум муддатга қолдирилишини эълон қилди. Шундан сўнг АҚШ президенти ҳамма гаровдагилар озод қилинмаса Ғазода "ҳақиқий жаҳаннам" бошланишини айтди.

Ҳамас ҳарбий қаноти вакили Абу Убайданинг баёнотида Исроил келишув шартларига амал қилмаётгани айтилади.

"Охирги уч ҳафтада қаршилик ҳаракати раҳбарияти душманнинг қоидабузарликлари ва келишув шартларига риоя қилмаслик ҳолатларини кузатди. Бу қонунбузарликлар қаторига кўчирилган одамларнинг Ғазо шимолига қайтишини кечиктириш, Секторнинг турли ҳудудларида уларга қарата ўқ узиш ва инсонпарварлик ёрдамини барча келишилган шаклларда тақдим этмаслик киради", — дейилади баёнотда.

"Шунга кўра, 2025 йил 15 феврал, шанба кунига режалаштирилган маҳбусларни (гуруҳ асирга олинган исроилликларни шундай атайди - BBC) озод қилиш кейинги қолдирилади", дейди Убайда.

Гуруҳ кейинчалик айирбошлашнинг "режадагидек бориши" учун "эшиклар очиқлигини" айтди ва воситачиларни ҳаракат қилишга чақирди.

Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацнинг айтишича, Хамаснинг бу баёноти сулҳ битимини бузишдир.

"Ҳамаснинг исроиллик гаровга олинганларни озод этишни тўхтатиши ҳақидаги баёноти ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олиш бўйича келишувни тўлиқ бузишдир", — дейилади Кац баёнотида. "Мен Исроил армиясига Ғазода юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай сценарийга энг юқори даражада тайёргарлик кўришни ва аҳоли пунктларини ҳимоя қилишни буюрдим. Биз 7 октябрдаги ҳолат қайтишига изн бермаймиз".

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамаснинг эълонидан сўнг, агар шанба куни тушгача Ғазода гаровга олинган барча одамлар қайтарилмаса, оташкесим келишуви бекор қилиниши кераклигини айтди.

Шу билан бирга, у ўз номидан гапираётганини ва Исроил расмийлари унинг фикрига қўшилмаслиги мумкинлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Трамп гаровга олинганлар қайтарилмаса, "ҳақиқий жаҳаннам бошланиши" билан таҳдид қилган. "Ҳамас нима демоқчи эканлигимни тушунади", деб қўшимча қилди у.

АҚШ президентининг сўзларига жавобан Ҳамас таҳдидлар тилида ҳеч қандай маъно йўқлигини ва бу вазиятни фақат мураккаблаштиришини таъкидлади.

"Трамп эсда тутиши керакки, иккала томон ҳам риоя қилиши керак бўлган келишув бор ва бу маҳбусларни қайтаришнинг ягона йўли. Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси Сами Абу Зуҳрий Reuters агентлигига "таҳдидлар тили ҳеч қандай қийматга эга эмас ва вазиятни мураккаблаштиради", деди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

BBCнинг Яқин шарқдаги мухбири Йоланда Нил вазиятни Ғазо оташкесимидаги муҳим палла деб таърифлайди.

Ғазодаги оддий фаластинликлар Трампнинг "дўзах" ҳақидаги таҳдидига шундай муносабат билдирди:

"Қандай жаҳаннам? Бошимизга тушганидан ҳам бадтар дўзахми? Ўлимдан ҳам бадтар жаҳаннамми? Ғазо бўлгаси бошига тушган вайронагарчилик, барча амалиёт ва инсониятга қарши жиноятлар дунёнинг ҳеч қаерида содир бўлмаган", дейди Рафаҳдан Жомаа Абу Кош

Самира ал-Сабиа исроилликларни қотилликда ва ёрдамни киритмасликда айблайди.

"Биз хўрландик, дайди итлар биздан яхшироқ яшамоқда. Аллоҳ биз билан, у одамлардан афзал. Трамп Ғазони жаҳаннамга айлантирмоқчими? Бу ҳеч қачон бўлмайди?", дейди у.

Олдинроқ Трамп АҚШ аҳолисини кўчириб, Ғазо секторини қўлга киритиш ҳақида таклиф айтиб, араб дунёсининг ғазабига сабаб бўлганди.

Иордания қироли Абдуллоҳ бугун Трамп билан учрашиши кутилмоқда.

Сурия президенти Аҳмад ал-Шараа фаластинликларни еридан қувиб чиқариш Трамп учун на маънавий ва на сиёсий жиҳатдан тўғри бўлишини айтди.

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Исроил сулҳ борасида берган ваъдасида туролмаганини таъкидлади.