Ўзбекистон: Лўлилар қандай яшамоқда?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
- Author, Бахтир Турсунов
- Role, Мустақил журналист, Сурхондарё
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Biz el qatori muammolar bir qadar arib , ro‘shnolik ko‘rib , zamonaviy sharoitlarda yashashni hohlaymiz...
Термиздан чиқиб, Шеробод тарафга автоуловда бирон соатча юрмасдан Занг қишлоғи бошланади.
Занг канали ёнидаги кичиккина бу маскан лўлилар қишлоғи.
Қишлоқда атиги 200 нафарга яқин одам яшайди.
Маҳаллий мусулмон лўлилар ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб бу ерга кўчиб келиб, ўтроқлашганлар.
Алоқадор мавзулар:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Одатий қишлоқ

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Занг ҳам Ўзбекистоннинг бошқа овлоқ қишлоқларидан у қадар фарқ қилмайди. Қишлоққа элтадиган йўл лой ва шағал аралаш, узоқдан шўрхок ерлар оқариб кўринади.
Кираверишда эса ёш болалар футбол ўйнашарди. Болалар шовқинини ҳисобга олмаганда, бу гўша жуда осуда.
Онда-сонда эркакларга кўзингиз тушади, аёлларни эса деярли учратмайсиз.
"Агар саҳар келганингизда катта йўл ёқасидаги бекатда юзга яқин хотин-халаж ва кексаларни учратган бўлардингиз. Улар бу вақтдан шаҳарга – тиланчиликка йўл олишади. Оқшом эса топган пуллари билан уйга қайтишади"- дейди биз йўлда учратган занглик илк суҳбатдошимиз.
Қишлоқ атрофини ўраб турган зовур турли чиқинди ва балчиққа тўла.
"Бу зовур ўн йилча олдин тозаланганди. Буни ҳашар йўли билан қилиш қийин. Техника, трактор зарур. Бирор зоғ бунга ҳафсала қилмайди.Ўрганиб қолганмиз"- дейди қишлоғи ҳақида таништиришга бажонидил рози бўлган Исомиддин.
Ўтроқлашган қишлоқ

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Илгари ота-боболаримиз ота-боболаримиз кўчманчилик ҳаёт тарзини кечиришган. Секин-аста улар бир жойни ватан тутиб, Занг қишлоғини бунёд этишган. Ҳаммани бир пайтда бир жойда жамлаш имконсиз, лекин энди ҳамманинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати бор ҳисоби,"- дейди 41 яшар занглик Ўрол.
Исомиддиннинг айтишича эса, аввалги тарзни ҳозирги шароитга омухта этиб бўлмайди. Шунга ҳам талаб ва таклифлар уйғониши зарурият ҳолига келган.
"Илгари Шўро пайтида чегаралар йўқлиги ҳамда ҳудуд улкан ва кенг бўлгани боис лўлилар у ёқдан буёққа эмин-эркин кўчиб яшашган. Ҳозир ундай эмас"- дейди Исомиддин.
Лўлилар ҳали Совет даврида ҳам жамиятда камситиб келинган. Занглик суҳбатдошларимиз эндиликда аҳвол анча яхшиланаётганини айтишади.
"Муҳими миллатчилик йўқ. Масалан, бирор юмуш юзасидан расмий идораларга борсангиз, иложи борича ҳожатингизни чиқаришга ҳаракат қилишади. Камситишни кузатмайсиз. Бу албатта , умумий сиёсатнинг илиқлиги билан боғлиқ"- дейди Исомиддин.
Занг қишлоғи уйлари одми, сомонсувоқ, уйлар ораси зич эмас.
Бироқ улар орасида бугун кўплаб қишлоқларда учраб турадиган яккам-дуккам ҳашаматли уйлар ҳам кўзга ташланиб қолади.
Бу ерликларнинг муаммолари ҳам яқин-атрофдаги ёки мамлакатдаги бошқа қишлоқлар дуч келаётган қийинчиликлардан унчалик катта фарқ қилмайди.
Улар ичимлик сувини сотиб олишларини, кўчалар ёғингарчиликда лойга ботишини, шу сабабли ҳатто "Тез ёрдам" ходимлари ҳам лозим бўлганда қишлоққа келишдан чўчишларини билдирадилар.
"Ўзимизда тиббий пункт очилишини орзу қилардим"- дейди фуқаролардан бири муаммоларни бирма-бир санаб ўтаркан.
"Бу уйларнинг эгалари Россияга оиласи билан кетиб, пул тўплаб, шундай уйларни қуришяпти" – дейди янги ғиштин уйга ишора қилиб Ўрол.
"Мана бу уй Тошкентда ишлаётганларники. Албатта, улар пойтахтда тиланчилик орқасидан шундай катта иморатни солишган. Мен ундай жойларга бора олмайман. Рус тилини ҳам билмайман. Икки нафар фарзандим ва хотинимдан иборат оиламга атиги бир хонали уйни қура олдим. Буниям термит еб битирган уйнинг ўрнига маблағ тўплаб зўрға қурдим" - дейди Ўрол.
Ўзбекистонда кенг тарқалган қарашларга қарамай, занглик суҳбатдошларимиз ҳамма ҳам шаҳарларга бориб тиланчилик қилмаслигини айтишади.
"Масалан, мана бу уйда Гулхумор янгамиз истиқомат қилади. У ёлғиз аёл, икки қизи турмушга чиқиб кетган. Уйининг аҳволи ҳам яхшимас. Бундай бева аёллар, ногиронлар бир қанча. Ўзимнинг ҳам турмушим бир нави, бироқ тиланчиликка қўл урмайман. Орим келади. Менга ўхшаган эркаклар кўп. Биз фермер даласида ишлашни маъқул кўрамиз. Ҳамма Яратганнинг бандаси"- дейди 30 ёшлар атрофидаги Асомиддин.
У бизни Гулхумор опанинг уйига етаклайди.
Лойсувоқ, пастаккина уйда яшовчи 63 яшар суҳбатдошимиз ёрдамга муҳтожлигини яширмайди.
"Сизга ўхшаган одамларнинг юзтаси келиб аҳволимни кўриб, уйимнинг расмини тушириб келиб кетишди. Лекин бундан бирор наф кўрмадим. Нафақа олмайман. Ҳеч кимга керак эмасман" - дейди Гулхумор опа.
Лекин Зангда ҳамма ҳам қийин аҳволда эмас.
Қишлоқликлар ҳар тўрт-бештадан бир оилада шахсий автоулов борлигини айтишади. Буни айрим уйлар олдида турган машиналардан ҳам илғаш мумкин.
"Левандовский, тўпни ошир"

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Биз қишлоқ четидаги яйдоқ ҳудудда болаларнинг копток талашиб, футбол ўйнаётганини кузатамиз.
"Левандовский, тўпни ошир", деган польяк машҳур футболчисининг исми ишлатилган ибора қулоққа чалинади.
"Мактабга ҳам боряпсизларми?" дея сўраймиз ёш футболчиларни суҳбатга тортиб.
"Мен укам билан бораман"-дейди улардан бири.
"Мен бормайман. Бормоқчи ҳам эмасман"- дея жавоб беради бошқаси.
Келгусида ким бўлиб етишишни орзу қиласизлар", дея болаларни яна саволга тутганимизда, улар барчаси деярли чуғурлашишиб бир овозда баралла "Футболчи!" деб бақиришади.
Зангни кезарканмиз, даладан печни ёқишга шох-шабба тўплаб келган бобосига ёрдам бераётган 14 ёшлар чамасидаги ўспириндан ҳам мактабга бораётгани борасида сўраймиз.
"Мактабга бормаганман ва ҳеч қачон бормайман. Молларни боқишим керак."
"Унда келажакда ким бўлмоқчисан?".
"Ҳеч ким"- дея бу ўсмир қисқа жавоб беради у.
Ёши катта зангликлар эса, барибир, ёшлар умуман таълим кўрмаган ота-боболаридан фарқли эканини айтишади.
"Мен атиги бир марта ўқишга борганман. Жуда ёққан, аммо кейин ота-онам билан Россияга кетиб қолганмиз. Ёш бола ҳолимда кўчаларда тиланчилик билан шуғулланганман. Бундай ёшда тиланиш жудаям оғир юмуш. Ҳозир қишлоқда мактаб бор. Ўқишса, тузукроқ касб эгаси бўлишлари мумкин. Чунки тиланчилик қонуний чоралар натижасида ҳам, урф-одат сифатида ҳам камайиб бормоқда"- дейди 29 ёшли Ўлмас.
Занг қишлоғида баъзи одатлар йўқолаётган бўлса-да, бу ерликлар айрим анъаналардан ҳамон воз кечишмаган.
Қишлоқда мактаб бормайдиган болалар бор, аксар аёллари ҳануз анъанавий тиланчилик билан шуғулланишади…
Шунга қарамай, биз гаплашган инсонлар ўз муаммо ва ютуқлари алоҳида бир миллатга эмас, балки бутун Ўзбекистонга хос эканлигини ҳам айтишади.
"Биз эл қатори муаммолар бир қадар ариб , рўшнолик кўриб , замонавий шароитларда яшашни ҳоҳлаймиз"- дейишади улар.
Ўзбекистон ва лўлилар
Қисқача маълумот ўрнида: Ўзбекистон ҳудуларида лўлилар узоқ асрлардан бери деярли барча вилоятларда яшашади. Улар ўтроқлашган ҳамда Ислом динини қабул қилганлар.
Уларнинг ҳозирги сони бўйича аниқ маълумотлар йўқ, лекин бир неча минг бўлиши мумкинлиги айтилади.
Лўлилар ўзларига хос айрим урф-одатларни сақлаб қолишган, аммо аксар Ўзбек мусиқаларини тинглашади ва Ўзбек ҳамда Тожик тиллари шеваларида гаплашадилар. Бу уларнинг минтақада ўтроқ аҳоли билан ёнма-ён яшаб келишганини англатиши мумкин.
Айни пайтда, лўлиларни камситиш ҳолатлари Осиё ва Европада ҳам кенг тарқалган бўли, бу ҳолат ҳатто Совет даврида ҳам давом этган.












