Афғонистон билан Покистон ўртасидаги чегарада яна қуролли тўқнашув. Қурбонлар бор.

Толибон аскари.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тўқнашув икки мамлакат чегарасида жойлашган Спинбулдак шаҳрида юз берган.
    • Author, Ҳафизулло Маъруф
    • Role, BBC
    • Reporting from, Кобул
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Афғонистондаги Толибон ҳукумати аскарлари ва Покистон қуролли кучлари ўртасида ўтган тунда яна қуролли тўқнашув юз берди.

Иккала томон ҳам бир-бирини оташкесим ҳақидаги келишувни бузганликда айбламоқда.

Чегара минтақасида жойлашган Спинбулдак шаҳри аҳолиси отишмалар сабабли уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган.

Яқин атрофдаги Қандаҳор шаҳридаги касалхона шифокорига кўра, у ерга тўрт қурбон жасади олиб келинган.

EPA
Qandahordagi kasalxonaga 4 qurbonning jasadi olib kelingan

Qandahor shifoxonasidagi doktor

Яна тўрт киши жароҳатлангани хабар берилмоқда. Покистон томонида ҳам 3 жароҳатланган борлиги айтилган.

Охирги ойларда Афғонистон билан Покистон ўртасида тўқнашувлар юз бериб турибди. Толибон ҳукумати шунингдек, Покистонни ҳаво ҳужумларини амалга оширишда ҳам айблаган.

Иккала томон ҳам ўтган тунда тўқнашув юз берганлигини тасдиқлаган.

Тўрт соатча давом этган отишмани бошлашда улар бир-бирларини айблашмоқда.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Толибонни "сабабсиз ўт очиш"да айблаган.

Айни вақтда Толибон ҳукумати матбуот котиби Покистон "яна бир бор ҳужум бошлагани ва Афғонистон томони жавоб беришга мажбур бўлгани"ни айтган.

Чегаранинг Афғонистон томонидаги аҳолига кўра, отишмалар маҳаллий вақт билан кеч соат 10 яримларда бошланган.

Ўша ердан олинган тасвирларда кўплаб одамларнинг пиёда ва машиналарда қочишга уринаётганлари кўринади.

Қандаҳор маҳаллий ҳукумати маълумот бўлими раҳбарига кўра, Покистон кучлари "енгил ва оғир артиллерия билан ўқ очишган ва аҳоли уйларига зарар етказилган."

Бу тўқнашув 2 ой аввал Туркия воситачилигида Қатарда иккала томон ҳам оташкесимга келишиб олганларидан сўнг кузатилмоқда.

Келишувдан олдинроқ бир ҳафта давом этган қуролли тўқнашувларда ўнлаб киши ҳалок бўлганди. Бу тўқнашувлар 2021 йили Толибон қудратга қайтганидан бери юз берган энг жиддий қуролли можаро, дея айтилган. Икки томон ўртасида танглик ҳамиша мавжуд бўлиб келган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Исломобод Толибонни Покистонга ҳамла қилувчи қуролли гуруҳларга бошпана беришда айблаб келади.

Толибон ҳукумати ба даъволарни рад этиб, Покистон "хавфсизлик соҳасидаги муваффақиятсизликларида бошқаларни айблашга уринаётганлиги"ни айтиб келади.

Минтақадаги ҳарбий ҳолатни кузатувчи тадқиқот марказига кўра, охирги йил мобайнида Покистонлик толиблар мамлакат қуролли кучларига қарши камида 600 ҳужумни амалга оширишган.

Ўтган ҳафта Афғонистон ва Покистон ҳайъатлари узоқ муддатли тинчлик режасини муҳокама қилиш музокараларининг 4- босқичида Саудия Арабистонида учрашишганди. Аммо бу учрашув натижа бермаган.

Музокараларни кузатиб турган манбаларга кўра, томонлар фақат оташкесим борасида ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олишган холос.