Россиядан қочган ёш чечен аёлини ким ўлдирди?

Қора рўмол ўранган Айшат миноралар манзарасида акс этган.

Сурат манбаси, Aishat Baimuradova/Getty/BBC

Сурат тагсўзи, Айшат дугоналарига ўзининг ўта диндор оилада катта бўлганини айтган.
    • Author, Олга Просвирова&Злата Онуфриева
    • Role, BBC Рус хизмати
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Айшат Россиядан қочганидан кўп ўтмай шубҳали шароитларда ўлган биринчи чечен аёлидир. Унинг жасади Арманистонда ижарада турган уйидан топилган.

Yevropadan boshpana topgan chechen ayollari.
VALERY HACHE/AFP via Getty Images/illyustrativ
Qochib ketishing mumkin, lekin hech qachon o‘zingni ozod his qilolmaysan...
Ismini va aniq manzilini oshkor qilishni istamaydigan qochoqlardan biri, G‘arbiy Yevropa
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

23 ёшли Айшат Баймурадова жорий йил бошида уйидан қочди, ниҳоят ўзим хоҳлаган ҳаётда яшайман деб ишонди.

Россиянинг консерватив мусулмон республикаси бўлмиш Чеченистондан келган бу аёл сочини калта қилди, бошини ёпмай қўйди, қошининг бир қисмини тердирди ва Instagram'га селфилар жойлади.

У янги дўстларига энди эркин нафас олиши мумкинлигини айтди.

Аммо октябр ойида қўшни Арманистонда ижарага олинган квартирасида унинг жасади топилди. Полиция унинг ўлдирилганини маълум қилди.

Ўша квартира жойлашган бинодан икки киши, шу жумладан, у ўлимидан сал олдин танишган аёл чиқиб кетаётганини кўришган. Иккови ҳам тезда Россияга жўнаб кетгани айтилмоқда.

Россияликлар Арманистонга паспортсиз, ички гувоҳнома билан кира олади. Бу қочмоқчи бўлганлар учун ҳам қулай йўл.

Россиянинг Шимолий Кавказидаги Чеченистонни ҳуқуқ ҳимоячилари кўпинча давлат ичидаги давлат деб таърифлайди – бу ерда ҳокимият юқори даражада шахсийлаштирилган, узоқ йиллик раҳбар Рамзан Қодировга содиқлик қонун ва расмий институтлардан устун туради.

Йиллар давомида инсон ҳуқуқлари ташкилотлари республикада одам ўғирлаш, қийноқлар ва суддан ташқари қотилликлар, шунингдек, норозилик билдирганларни мунтазам таъқиб қилиш ҳолатларини ҳужжатлаштирган.

Чеченистон расмийлари бу айбловларни доим рад этиб, юртни обрўсизлантиришга қаратилган уйдирмалар, дейди.

Алоқадор мавзулар:
Суратда Айшат селси олаётган қиёфада акс этган.

Сурат манбаси, Aishat Baimuradova/Instagram

Сурат тагсўзи, Дугоналарининг айтишича, Айшат жуда очиқ, одамлар билан тезда дўстлашиб кетадиган инсон бўлган.

Чеченистон раҳбариятининг бир қанча таниқли танқидчилари чет элда ўлдирилган.

2009 йилда Рамзан Қодировнинг собиқ тан соқчиси Умар Исроилов бошпана сўраган Венада отиб ўлдирилган. Австрия ҳукумати суиқасдни сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган, деб баҳолаб, қотилларни Чеченистон билан боғлаган эди.

Чеченистонлик собиқ исёнчи Зелимхон Хангошвили 2019 йилда Берлиндаги боғда Россия хавфсизлик хизматларига алоқадор кўрилган ҳужумда отиб ўлдирилган эди.

Бироқ Айшат Баймурадова Россиядан қочганидан кўп ўтмай шубҳали шароитларда ўлган биринчи чечен аёлидир.

Минтақадан қочиб кетган бошқа кўплаб аёллар сингари, у ҳам оиласининг ортиқча назоратидан шикоят қилган. Айшатнинг айтишича, уни мажбурлаб турмушга узатишган, кузатиб юришган ва уйдан чиқишга ёки телефондан фойдаланишга рухсат беришмаган. BBC унинг оиласи билан боғланиб, изоҳ ололмади.

Айшат Арманистонга Шимолий Кавказда хавф остида қолган одамларга ёрдам берувчи SK-SOS инқироз гуруҳи ёрдамида келган. У Чеченистондаги консерватив гендер қоидалар ва аёлларни бўғувчи назоратдан очиқ норозилик билдирган.

Дастлаб у кичик шаҳарчада ишлади, кейин яхшироқ иш ва кўпроқ имкониятлар умидида пойтахт Ереванга кўчди.

Қочиб кетганларнинг кўпчилиги учун бундай очиқлик тасаввурга сиғмайди. Кўплар сохта исмлардан фойдаланади, юзини кўрсатмайди, янги одамлар билан танишишдан тийилади.

Айшат бошқа йўлни танлади. "У чиндан ҳам нормал ҳаёт кечиришни хоҳларди," дейди унинг исми сир қолишини истаган дугонаси BBC билан суҳбатда. "У одамларга ишонишни истарди."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:
Стулда ўтирган қиёфада акс этган Рамзан Қодиров.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Рамзан Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан бери бошқариб келади. Танқидчиларм уни Чеченистонни давлат ичидаги давлатга айлантирганликда айблашади.

Айшатнинг оиласи уни қайтиб келишга кўндирмоқчи бўлган, аммо натижа чиқмагач, ундан воз кечган, деб хабар қилади SK-SOS.

"Улар унга: "Сен энди бизнинг қизимиз ҳам, келинимиз ҳам эмассан. Биз сенга тегмаймиз – сен ҳам тегма", дейишган," деди BBC билан суҳбатда SK-SOS матбуот котиби Александра Мирошникова.

Амакиси маҳаллий оммавий ахборот воситаларига оиланинг унинг ўлимига алоқаси йўқлигини айтган.

Айшат вафот этган кечаси у яқинда интернет орқали танишган, Шимолий Кавказдаги яна бир Россия республикаси – Доғистондан келганини айтган аёл билан бирга бўлган.

Айшатни билган одамлар BBCга бу аёл биринчи марта унга ижтимоий тармоқларда алоқага чиққанини, кейинчалик Арманистонга келиб, уни зиёфатларга таклиф қилганини айтишган.

Айшатнинг жасади топилган бинодан чиқиб кетаётганда у билан бирга видео кузатув камераларига тушиб қолган эркак асли чеченистонлик экани ҳақида Россиянинг машҳур Telegram канали хабар тарқатди. "Агентство" суриштирув нашри унинг Рамзан Қодировга яқин тадбиркорнинг қариндоши эканини аниқлаган.

Чеченистон расмийлари Баймурадованинг ўлимига алоқадорликни рад этиб, бундай фикрларни "террористик ахборот ҳужуми" сифатида қоралаган. Шунингдек, расмийлар қочиб кетган аёлларга ёрдам берувчи гуруҳларни "оилавий анъаналарни бузишда" айблаган.

Ўранган бир гуруҳ аёллар кетиб боришмоқда.

Сурат манбаси, VALERY HACHE/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Европадан бошпана топган чечен аёллари ўз диаспоралари билан мулоқот қилишдан қочишади.

Арманистон расмийлари Айшат Баймуродованинг ўлдирилиши бўйича исми ошкор этилмаган икки кишини тергов қилаётганини айтмоқда, бироқ улар ҳақида бошқа тафсилотларни маълум қилмаган.

Рамзан Қодиров Чеченистонни четдан туриб танқид қиладиган одамларга нисбатан таъсирчан, дейди Техас университетининг чечен сиёсати бўйича мутахассиси Майкл Деннис.

"Диаспоранинг мавжудлиги бутун дунё учун Чеченистонда нимадир нотўғри эканлигининг аниқ белгисидир. Бу шахсий ғурур ва сиёсий обрў масаласидир," дейди жаноб Деннис BBC билан суҳбатда.

2000-йиллар бошидан бери Европага Чеченистондан бошпана изловчилар келмоқда – аввал урушдан, кейинчалик эса Қодировнинг золим бошқарувидан қочиб.

Бироқ Европа Иттифоқининг миграция сиёсатидаги ўзгаришлар, Украинадаги уруш туфайли россияликларга қўйилган виза чекловлари бу йўлни деярли бутунлай тўсиб қўйди.

Бу ҳолат руслар визасиз саёҳат қила оладиган Жанубий Кавказни энг осон, аммо хавфсиз бўлмаган манзилга айлантирди.

Июл ойида яна бир қочоқ, 24 ёшли Лаура Авторхоновани эркак қариндошлари Грузиядаги бошпанасидан топди. Улар уни Россияга қайтишга мажбурлашга уринишди. Полиция сўроғидан сўнг, у Грузияда хавфсиз қолишга эришди.

Қочиб кетган бошқа чечен аёллари учун Айшатнинг ўлими қўрқувни яна кучайтирди.

Бир нечта аёл BBCга айтишича, бу воқеадан олдин ҳам улар жамоат тадбирларидан четда юрган, жамоат жойларида чечен тилида гаплашишдан қочган ва ижтимоий тармоқлардаги фаолликни чеклаган.

Энди улар ўзларини жазоламоқчи бўлганлардан яшириниш етарли эмаслигидан хавотирда.

Ғарбий Европада яшовчи, исмини ва аниқ манзилини ошкор қилишни истамайдиган қочоқлардан бири шундай дейди: "Бутун умр мен билан бўлган, қонимга сингиб кетган қўрқув янги куч билан уйғонди.

Бу худди уйқу фалажига ўхшайди: бир махлуқ пайдо бўлади-ю, мен унинг кўзларига тикилганча қотиб қоламан. Бу ўлим қўрқуви."

"Қочиб кетишинг мумкин, – дейди у, – лекин ҳеч қачон ўзингни озод ҳис қилолмайсан."