"На Ўзбекистонда қолишни, на бошқа давлатга кетишни билaмиз. АҚШга қайта олишимиз эса номаълум"

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Трампнинг янги виза сиёсати АҚШдаги ўзбек талабаларига қандай таъсир қилмоқда?

Талабалар университет кампусида полиция ходимлари аввалгидан кўпайганини айтади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Талабалар университет кампусида полиция ходимлари аввалгидан кўпайганини айтади

АҚШда ўқиб келган ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилиги умидсизликда. Бу йил кузда ўқишни бошламоқчи бўлганларнинг режалари кескин ўзгарган. Аксарияти энди қандай йўл тутишни билмайди.

Трамп ва Гарвард университети ўртасида бошланган низо сўнгги кунларда бутун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналарида талабалик визаси учун суҳбатларнинг тўхтатилишига олиб келди. Атиги бир неча кун ичида имзоланган айни қарор АҚШга бориб ўқимоқчи бўлган халқаро талабаларнинг режаларини буткул бошқа йўналишга буриб юборди.

Улар орасида минглаб ўзбекистонликлар ҳам бор.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, АҚШда 2023 йилда 1089 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олган. Сўнгги йилларда ушбу рақам сезиларли даражада ошиб борган эди.

МИТ, Гарвард ва Стенфорд каби АҚШда жойлашган дунёнинг энг нуфузли университетларига қабул қилинган ўзбекистонлик ёшларнинг сони ҳам охирги йилларда оша бошлаган эди.

Бироқ, Трампнинг сўнгги қарори ва элчихоналарда виза суҳбатларининг тўхтатилиши нафақат кузда АҚШга кетишни режа қилган ўзбекистонлик бўлажак талабаларни, балки аллақачон АҚШда ўқиб келётган ва ёзги таътил учун Ўзбекистонга қайтганларни ҳам ташвишлантирмоқда.

Уларнинг аксарияти талабалик визасини янгилаш учун топширган аризаларига рад жавоби олишган. АҚШга кутилаётган кузги саёҳат режалари эса бекор қилиниш арафасида.

BBC Ўзбек хизмати шу каби ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти билан суҳбатлашди. Бироқ, уларнинг илтимосига кўра шахслари очиқланмайди.

Алоқадор мавзулар:

Жавоҳир (исми ўзгартирилган), АҚШдаги Жанубий Флорида Университетида 2 босқич талабаси. У ўзи билан бирга таҳсил оладиган 3 нафар дўстлари билан ёзги таътил учун Ўзбекистонга қайтган эди.

АҚШ қонунчилигига кўра, талабанинг жорий визаси муддати ўтгач, Қўшма Штатлар ҳудудидан ташқарига чиққан талабалар мамлакатга қайта кириш учун визаларини янгилаши керак.

Талабаларнинг айтишича, бу одатда унчалик қийин бўлмайди. Саноқли ҳолатлардагина виза янгилаш учун топширилган аризалар рад этилган.

Бироқ, май охирида Жавоҳир ва у билан бирга бўлган дўстларининг барчаси талабалик визасини янгилаш учун топширган аризаларига рад жавоби олишган.

"Биз Трамп ва Гарвард ўртасидаги можаролардан хабардор эдик. Аммо элчихоналарнинг суҳбат жойларини ёпиши кутилмаган бўлди. Шунга қарамай, биз визамизни янгилаш учун бир неча ой аввал ариза қолдиргандик. Элчихона эса рад этишнинг аниқ сабабини келтирмади."

АҚШда таълим оладиган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги таътил вақтида Ўзбекистонга қайтишга одатланган. Аммо АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси айни вақтда неча нафар талаба ўз визасини янгилаш билан боғлиқ муаммога дуч келганини очиқламаган.

Шунингдек, талабаларнинг виза янгилаш учун топширган аризаларининг рад этилиши айнан сўнгги виза сиёсатига тўғридан-тўғри боғлиқлиги аниқ эмас.

"Агар августда АҚШга қайтиб бора олмасак, университетимизни "музлатишимиз" керак. Аммо бу қанча вақт давом этиши номаълум. Биз Трамп маъмурияти элчихоналардаги бу ҳолатни қачон енгиллатишини билмаймиз. Энг ёмони – шунда. На Ўзбекистонда қолишни, на бошқа давлатга кетишни билмаймиз. АҚШга қайта олишимиз эса номаълум."

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, АҚШда 2023 йилда 1089 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, АҚШда 2023 йилда 1089 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олган

Аслида, Трамп ва халқаро талабалар ўртасидаги айни мавзу бундан бир неча ой илгари бошланган эди. Фаластинни ёқловчи намойишларда кўриниш берганларнинг ҳибсга олиниши ва айримларининг депортация қилинишини кўпчилик огоҳлантириш сифатида қабул қилганди.

Бироқ, вазиятнинг бу қадар кескинлашуви барча учун кутилмаган бўлган.

Университетлар ўз талабаларини доимий равишда АҚШдан ташқарига чиқмасликка чақириб келган.

Жумладан, Жанубий Флорида Университети ўз талабаларига кунора огоҳлантириш хабарлари юборган. Уларнинг аксарияти ёзги таътилда ўз ватанларига қайтмаслик ҳақидаги чақирувлардан иборат.

"Биз бундай хабарларни деярли ҳар куни олардик. Аммо жиддий эътибор қилмагандик. Визамиз рад этилиши ёки бекор қилиниши учун қонуний асос йўқ эди. Воқеалар тез ва кескин ўзгариб кетишини кутмагандик" – дейди Жавоҳир.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

АҚШнинг қатъийлашган виза сиёсати ва халқаро талабаларга нисбатан ўзгарган муносабати нафақат Қўшма Штатлардан ташқарида қолиб кетаётган талабаларни, балки айни вақтда мамлакат ичкариса бўлганларни ҳам хавотирга солмоқда.

Акмал (исми ўзгартирилган) АҚШдаги Виржиния Технологиялар Университетининг 1-курсини яқиндагина тамомлади. У ёзги таътил учун Ўзбекистонга қайтмаган. Аммо Нью-Йоркка бориб ишлашни, бироз маблағ жамғаришни режалаганди.

Президент Трампнинг сўнгги ҳафталардаги сиёсати уни қаттиқ ташвишга солмоқда.

"Ўзбекистонга қайтмаслигим сиёсий ўзгаришлар билан эмас, ёзда кейинги семестер учун пул йиғмоқчи эдим. Аммо ҳозир Нью-Йоркка боришга ҳам иккиланяпман. Университетимизда деярли ҳар куни айни мавзуда тадбир ва учрашувлар бўлади. Бизга энг хавфсиз танловни қилишни маслаҳат беришмоқда."

Акмалнинг айтишича, университетлар маъмурияти талабаларга медиадан узоқроқ бўлишни маслаҳат беришмоқда. АҚШ ҳукуматининг айни қарорларига қарши айтилган ҳар қандай гап уларнинг виза статусига таъсир қилиши мумкин.

Шу билан бирга, Акмал университет кампусида полиция ходимлари аввалгидан кўпайганини ва хорижий талабаларга кўпроқ эътибор қарата бошлашганини айтади.

"Авваллари, хаттоки қишда ҳам, ҳеч қайси полиция ходими биздан кимлигимиз ҳақида сўрамаган. Бизга шубҳа билан қарашлари эса тасаввурга ҳам сиғмас эди. Аммо охирги ҳафтанинг ўзида 2 марта полиция ходимларига дуч келдим. Улар мендан умумий саволлар сўрашди. Тўғри, бу унчалик жиддий ҳолат эмас, бироқ баъзи дўстларимнинг айтишича, бу каби вазиятлар олдин асло кузатилмаган."

Университетлар ўз талабаларини доимий равишда АҚШдан ташқарига чиқмасликка чақириб келган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Университетлар ўз талабаларини доимий равишда АҚШдан ташқарига чиқмасликка чақириб келган

Ўзбекистонликлар АҚШда таълим олиши учун ўртача 20 000 доллардан 60 000 долларгача тўлашлари керак бўлади. Бу эса мамлакатдаги ўртача ойлик билан таққослаганда, ўзбекистонликлар учун Қўшма Штатларда университет таълимини олиш анчайин мураккаб ва қимматлигини кўрсатади.

Бироқ, АҚШда таълим олишга қизиқиш ортиб бормоқда. Гарчи ҳозирда АҚШдаги ўзбекистонлик талабалар сони мамлакат аҳоли сонига нисбатан анча кам бўлса-да, охирги йилларда талабларнинг сони ўсган.

Ушбу талабаларнинг аксарияти университет тўловини тўлашда асосан грант ва университет берадиган иқтисодий ёрдамга таянади.

Даврон, 18 ёшда. У АҚШдаги нуфузли университетлардан бирига тўлиқ грант асосида қабул қилинган. Бироқ, элчихона талабалик визалари учун суҳбатларни тўхтатгач, унинг кейинги режалари мавҳум қолди.

"Университет номини ошкора қилишим ҳам виза жараёнларига таъсир қилиши мумкин деб қўрқаман" - дейди у.

"Мен қабул қилинган университет барча харажатларимни қоплайди. Аммо мен ҳали виза учун суҳбатга кира олмадим. Ҳозир нима қилишга ҳайронман. Ё бир йил кутишим, ё Ўзбекистонда ўқишим керак. Дунё бўйлаб университетларнинг кўпчилиги аллақачон қабулни ёпган. Европа ёки Осиёнинг бошқа давлатларига ҳужжат топшириш энди қишки семестргача имконсиз."

Трампнинг айни сиёсати кўпчилик томонидан қаттиқ танқидларга учраганига қарамасдан, ҳукумат бу қарорида қатъий турмоқда. Унинг таъсир кўлами эса анчайин кенг.

Сўнгги ҳафталарда юз берган айни ўзгаришлар Бангладешлик магистр талабалардан тортиб, Нукусдаги мактаб ўқувчиларигача таъсир қилмоқда.

Уларнинг баъзилари бир йил кута олади, айримлари аллақачон бошқа имкониятларни излашмоқда. Бошқалари эса АҚШда тўхтаб қолиши мумкин бўлган ўқишларини на "музлатишни", на бекор қилишни билади.