Руслар Украина болаларига Россияни қандай севдиришмоқда?

Сурат манбаси, Запорижжя вилоятининг Юнармиа филиали
Россияни севишни ўргатиш Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларида болалар учун жуда эрта бошланади.
Луганскдаги бир боғчада 70 дан ортиқ бола қаторга тизилиб, "Z" шаклидаги узун қора ва оловранг рус ҳарбий баннерини ушлаб туришади – бу рамз Россиянинг Украинага ҳужумини англатади.
Шаҳарнинг бошқа қисмида эса етти нафар қизалоқ рус байроғи олдида сакраб ўйнаб, овоз кучайтиргичдан келаётган "Мен русман" қўшиғига жўр бўлишади. Қўшиқ тугаганда улар барчалари бирга бақиришади: "Мен русман!"
Антрацит деб номланган ишғол остидаги шаҳарчада боғча болалари рус аскарлари учун ҳандақ шамлари ва кўрпалар тайёрлашди.
Бу ишлар нафақат Украина миллий ўзлигини ўчиришга, балки ёш украиналикларни ўз мамлакатига қарши қилишга қаратилган кенг қамровли кампаниянинг бир қисмидир.
Буни болаларга сингдириш учун ўқитувчилар керак. Аммо кўплаб украиналик ўқитувчилар қочиб кетгани сабабли, Москва россиялик ўқитувчиларни Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларига кўчиб ўтишга кўндириш учун 2 миллион рубль (қарийб $25 000) миқдорида бир марталик тўлов таклиф қилмоқда.
Болалар билан ишлайдиган энг йирик ва таъсирли рус ташкилотларидан бири – Юнармиядир (Ёшлар армияси). У Россия мудофаа вазирлиги ҳузурида фаолият юритади ва саккиз ёшдан бошлаб болаларни аъзоликка қабул қилади. У бутун Россия бўйлаб ишлайди ва ҳозирда Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларида ҳам бўлимлари бор.
"Биз болаларга ҳарбий хизматда керак бўладиган асосий кўникмаларни берамиз," дейди Юнармиянинг Украина жануби-шарқидаги Запорожье вилоятидаги бўлими раҳбари Фидаил Бикбулатов.
У аввал Россиянинг Башқирдистон республикасидаги "Ягона Россия" партияси қошидаги "Ёшлар гвардияси"ни бошқарган.

Сурат манбаси, Запорижжя вилоятининг Юнармиа филиали
Европа Иттифоқи Юнармияни ва шахсан Бикбулатовни "украин болаларини ҳарбийлаштириш"да айблаб санкцияга киритган. Буюк Британия ҳам Юнармия ва унинг раҳбарларини "украин болаларини мафкуравий қайта ишлаш" кампанияси сабабли санкциялар рўйхатига киритган.
Юнармия бу ишда ёлғиз эмас. Россия қўллаб-қувватлаётган бошқа ташкилотлар ҳам ушбу ҳудудларда фаолият юритмоқда. Улар қаторида "Илғорлар ҳаракати" ва Владимир Путин буйруғи билан ташкил этилган "Жангчи" марказлари тармоғи бор – бу марказлар "ёшлар учун ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик, ватанпарварлик тарбияси"ни мақсад қилиб олган.
Бу ташкилотлар Совет давридаги "Зарница" деб аталган ҳарбий мусобақаларни ҳам қайта жорий этмоқда. Бу ўйинларда украин болалари "умумий ҳарбий саводхонлик, Россия давлатчилиги ва ҳарбий тарихи ҳақида билимлар, отиш кўникмалари"ни намойиш этишга мажбур қилинади.
Болалар таълим тизими орқали ўсиб борган сари уларга рус тилида дарс ўтилади, Россия ўқув дастури ва дарсликлари асосида таълим берилади. Бу дарсликлар Россиянинг Украинага қарши урушини асосли деб уқтиради.
Шу дарсликлардан бири Украинага фақат Ғарб томонидан Россияга қарши ўйлаб топилган туҳмат сифатида қарайди ва агар Россия 2022 йили Украинага бостириб кирмаганида, эҳтимол бутун инсоният цивилизацияси барҳам топган бўларди, деб ёзади.
Донецкдаги ишғол этилган мактабда ўқиган Лиза исмли қиз эса шундай дейди: "Бизни Россия ва СССР шарафига ўтказиладиган тадбирларда мажбурий иштирок эттиришарди.
Парадга тайёргарлик пайтида мен, бутун синфимиз ва бутун тенгдошларимиз ҳар шанба-якшанба келиб машқ қилишга мажбур эдик. Плакатлар кўтаришимиз керак бўларди. Бу менинг танловим эмасди – "шундай қилмасанг, диплом ололмайсан", деб айтиларди".
"Ҳар бир дарс бошида ўқитувчи бизни ўрнимиздан туришга, қўлимизни кўксимизга қўйиб Россия мадҳиясини тинглашга мажбур қиларди. Уни ёддан билишимиз талаб этиларди".
Ҳозирда АҚШда яшовчи Лиза бу кечмиши ҳақида TikTok орқали сўзлаб бермоқда.
Minglab ukrainalik bolalarni Rossiya bo‘ylab gastrol safarlariga olib ketishgan va ularning ko‘pchiligi qaytib kelmaydi.
Шунингдек, фронтда хизмат қилаётган рус аскарлари ҳам мактабларга келиб, "жасорат дарслари" деб аталадиган тадбирларда иштирок этишади. Улар урушдаги "мардонаворликлари" ҳақида сўзлаб беришади ва украин армиясини зўравон, нацизмга мойил куч сифатида тасвирлашади.
Херсон вилоятидаги ишғол қилинган ҳудудда жойлашган "Ягона Россия" партияси расмийси Павел Тропкин айтишича, "Бу дарслар болалар" Кремль "махсус ҳарбий операция" деб атаётган урушнинг "мақсадини тушуниб етсинлар" деб ўтказилади.
Мактабдан ташқарида ҳам украин болалари Россия ва "махсус ҳарбий операция"ни шарафловчи кўргазмаларга олиб борилади.
Запорожье вилоятидаги Мелитопол шаҳрида жойлашган бир марказ "Россия – менинг тарихим" ва "Махсус ҳарбий операция қаҳрамонлари" деб номланган кўргазмаларни ўтказмоқда.
Бу сафарлар шунчаки тамоша эмас.
Кремль шунингдек, украин болаларини Россияга экскурсияга олиб бориш орқали уларда россияпарвар кайфиятни шакллантириш мақсадида кенг қамровли кампанияни бошлаган.
Россия маданият вазири Ольга Любимованинг таъкидлашича, фақат "4+85" деб номланган битта дастур доирасидаёқ Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан 20 мингдан ортиқ бола Россияга олиб кетилган. Мазкур дастурни амалга ошираётган Россия ҳукуматининг концерт агентлиги – "Росконцерт" маълум қилишича, лойиҳа мақсади "янги авлодни ягона россиялик жамиятга интеграция қилиш"дир.
Бироқ Россиянинг "интеграция" кампанияси фақат ғоя уқтириш (индоктринация) билан чекланмайди.
Кенг кўламли уруш бошланганидан бери ўтган уч йил мобайнида Россияга олиб кетилган минглаб украин болаларига ўз ватанларига қайтиш имкони берилмаяпти.
Украина ҳукумати маълумотларига кўра, 19 000 нафардан зиёд украин боласи мажбуран Россияга депортация қилинган. Британия ҳукумати эса тахминан 6 000 украин боласи Россия ҳудудидаги "қайта тарбиялаш лагерлари"га жойлаштирилганини ҳисоблаб чиқди.
Халқаро гуманитар ҳуқуқ бундай ҳаракатларни тақиқлайди. Масалан, Тўртинчи Женева конвенциясига мувофиқ, ишғолчи давлат болаларни "ўзига бўйсунувчи ташкилотлар ёки тузилмаларга" жалб қилиши мумкин эмас, шунингдек, ишғол қилинган ҳудудларда маҳаллий аҳолини ўз қуролли ёки ёрдамчи кучларига ихтиёрий қўшилишга ундайдиган "босим ёки тарғибот" ўтказиши тақиқланади.
2023 йили Халқаро жиноят суди Президент Путинга нисбатан, жумладан, болаларни ноқонуний депортация қилгани учун ҳам ҳибсга олиш ордери чиқарди. Путин ва унинг маъмурияти бу айбловларни рад этмоқда.
Россия Украинага қарши уруш олиб бориш орқали фақат ерга даъво қилмаяпти – у ерда яшаётган инсонларга, улар қай даражада ёш бўлишидан қатъи назар, ўз муҳрини босишга уринаётир.












