Эрон ядровий иншоотлари портлатилса, радиация Ўзбекистонга борадими?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроил Эроннинг ядровий инфратизилмасига ҳужумлар қиляпти. Унинг асосий нишони – уранни бойитувчи ерости иншоотлар.

Халқаро атом энергияси агентлиги (XAЭА)га кўра, Эрон марказидаги Натанз иншоотига кўп шикаст етган.

Яна бир иншоот, Фордо, тоғлар остида чуқур жойлашган. Бу каби ерости корхонага зарба бериш учун "бункерни портлатувчи" бомбалар керак.

Бундай бомбалар фақат АҚШда бор.

Хўш, Фордони портлатиш қандай хавфларни келтириб чиқариши мумкин?

XAЭА Эрон ядровий иншоотларига қилинган ҳужумларни "ўта хавотирли" дея тасвирлади.

Душанба куни унинг директори Рафаэл Гросси ҳарбий амалиётларнинг кучайиши радиациянинг чиқишига етаклаши, ҳамда бу инсонлар ва табиатга жиддий зарар етказишидан огоҳлантирди.

Радиация бўйича хавотирлар нафақат Эрон, балки унга яқин Марказий Осиё давлатлари аҳолиси орасида ҳам юзага келган. Бу каби хавотирлар ижтимоий тармоқларда ўзбек фойдаланувчилари орасида ҳам янграмоқда.

Хўш, Эрондаги ядровий иншоотлар портлатилиши ортидан чиққан радиациядан қўшни ва яқин давлатлар аҳолиси зарар кўриши мумкинми?

Уранни бойитувчи иншоотлар изотопнинг муайян тури бўлмиш уранни катта миқдорда ғамлашга ихтисослашган.

"Уранни ердан қазиб олганингизда, у икки шаклда бўлади: унинг 99,3 фоизи уран-238 бўлади. Қолган 0,7 фоизи эса уран-235. Ўша иккинчиси, яъни уран-235 ядровий реакторларни ишлатиш учун зарур уран туридир", - деб тушунтиради Британия миллий физика лабораториясидан Профессор Падди Реган.

Энергия ловиллаши

Ядровий бойитиш жараёни уран-235 миқдорини оширишни англатади.

Буни қилиш учун центрифуга номли тез айланувчи қурилмаларга уран газ шаклида солинади.

Уран-238 уран-235дан оғирроқ бўлгани учун, айланиш жараёнида иккови бир-биридан ажралади. Уранни бойитиш учун бу жараён қайта-қайта такрорланади.

Атом станцияларида энергия ишлаб чиқарувчи ядровий реакция учун одатда бу бойитилган ураннинг 3-5 фоизи керак бўлади.

"Лекин, агар мақсадингиз ядровий қурол яратиш бўлса, унда сизга анча кўпроқ миқдорда уран-235 керак бўлади. Тахминан 90%", - дейди Профессор Реган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Хуллас, уран қанча бойитилган бўлса, ўша атомлар бир-биридан ажралганида келиб чиқадиган энергия ловиллаши ҳам шунча каттароқ бўлади.

XAЭАга кўра, Эроннинг урани ҳозирда 60%га бойитилган. Демак, у ядровий қурол, яъни атом бомбасини яратиш учун зарур бўладиган концентрацияга яқин қолган.

Лекин, тўғри ғамланган бойитилган уран омборларига ракета билан урилса, бу Фукушима ёки Чернобил атом станцияларидаги каби ҳалокатни келтириб чиқармайди.

"Яхшилаб бойитилган уран бойитилмаган урандан тахминан уч баравар радиактивроқ. Лекин, аслида, каттароқ манзарага қаралса, ураннинг икки тури ҳам жуда радиактив эмас. Улар йирик радиация муаммосини келтириб чиқармайди", - дейди Чернобил фалокатини тадқиқ қилган Портсмут университети профессори Жим Смит.

"Кўпроқ хавотирга соладигани "парчаланувчи моддалар". Уран реакторга ёки бомбага киритилганда, у ана шу моддаларга ажралади. Булар сирасига радиактив цезий, радиактив стронций, радиактив йод киради. Уларнинг атроф-муҳитни заҳарлаш хавфи каттароқ", - дея қўшимча қилади у.

Аммо, уранни бойитиш заводларида ядровий реакция қилинмаяпти, ва ракета урилганда юз берадиган портлаш ҳам ундай реакцияни келтириб чиқармайди, чунки у ерда радиактив "парчаланувчи моддалар" бўлмайди, дейди Профессор Смит.

Унга кўра, ракета зарбаси шунчаки уранни сочиб юборади.

Ҳудуди чекланган таҳдид

Натанз иншоотига Исроил бомба ташлаши ортидан XAЭА у ерда радиактив заҳарланиш юз берганини аниқлади, аммо ташкилотга кўра, атрофдаги радиация даражаси ўзгаришсиз, нормал даражада қолди.

"Ураннинг радиацияси унча узоққа ёйилмайди. Аммо, унга яқин яшовчи аҳоли соғлигига хавф туғдириши мумкин", - дейди Бристол университетидаги минералогия ва радиактив чиқиндилар бошқаруви бўлими раиси Профессор Клейр Коркхилл.

"Инсон танасига етказиладиган заҳарланишга келсак, уни ҳаводан ё бошқа йўл билан қабул қилиш хавфли. Чунки уран заррачалари ўпкаларингиз ёки ошқозонингиздаги ҳужайраларга ўрнашиб олади, ва секин-аста радиактив чириш юз беради ва шикаст етади", - дейди у.

Радиациядан ташқари, атрофдаги аҳоли кимёвий моддалардан ҳам заҳарланиши мумкин.

"Агар фалокат юз берса ва центрифугаларда сақланувчи "уран гексафториди" номли газ сизиб чиқса, бу жуда катта кимёвий фалокатни келтириб чиқара олади", - дейди Бангор университетининг ядровий моддалар бўйича олими Профессор Симон Миддлсбург.

"Агар уран гексафториди ҳаводаги намлик билан аралашса, у жуда-жуда кучли кислотага айлана олади ва бу кучли емириш қобилиятига эга бўлади", - дейди у.

Лекин, унинг айтишича, бу одатда маҳаллий ҳудуд билан чекланади ва йирик табиий офатни келтириб чиқармайди.

XAЭА ўзининг Ҳодиса ва тезкор ёрдам маркази Эрон ядровий иншоотлари аҳволи ва улардаги радиация даражасини тинимсиз текшириб бораётгани билдирди.