Афғонистон: эркакча кийинадиган онахон, бачапўшлик анъанаси ва 6-синфдан юқори бўлган қизлар қачон ўқишга қўйилади? - видео

Эркакча кийинадиган Афғон аёли Толибондан нима истамоқда?
Етмиш ёшни қаршилаган Ҳукмина Афғонистоннинг Хўст вилояти Танай туманида яшайди. Кекса ёшига қарамай, у ҳали ҳамон фаол.
"Отамнинг ўнга яқин фарзандлари вафот этган. Мен қурол ушлашни ўрганиб, пичоқ кўтариб юрардим. Молу қўйларни боқардим. Кейинчалик Пули Хумри бозоридан менга милтиқ сотиб олиб беришди", дейди у.
Ҳукмина бир умр Танай туманининг Гурбаз саҳросида яшаган. Отасининг фарзанди кам бўлгани сабаб у отасига дастёр бўлишни истади. Эндиликда унинг ўзи ёрдамга муҳтож.
Урф-одатларга биноан эркаклар бажарадиган кўплаб оғир ишларни ўзи қилишга мажбур бўлган Ҳукмина, бошқа Афғонлар сингари аёллар ёрдам учун бегоналарга қарам бўлиб қолишидан ҳавотирлик билдиради. "Ватанимизда аёл докторлар бўлганида, ҳорижий давларга бориб даволанишнинг кераги бўлмас эди", дейди у.

Ўғил бола кўринишидаги Афғонистон қизлари
BBC Жаҳон ҳизмати, Афғонистонда йиллар оша давом этиб келаётган, бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган, бачапўш анъанасини мунтаззам ёритиб келади. Бу анъана ижтимоий ва иқтисодий босим, ўғил фарзандга бўлган эҳтиёж туфайли кўплаб оилалар қизларини ўғил сифатида тарбиялашга мажбур бўлгани оқибатида келиб чиққан.
2021 йилдан кейинги кескин чекловлар қизларнинг таълими, ишлаши ва эркин ҳаракатини яна чеклаб қўйгани сабабли, айрим оилалар бачапўшга қайтаётгани ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари хабар бермоқда. Фаоллар руҳий босим йиллар давомида ўғил сифатида яшаб, бирдан қиз ролига қайтишга мажбурлик ҳам 2025 йилда янада мураккаблашгани ҳақида айтишади.

Психологлар, бугунги кунда бачапўш қизлар болалик хотираларининг йўқолиши, мустақилликдан бирдан воз кечишга мажбурлик каби руҳий босимлар остида қолишини айтишади.
Бироқ айрим собиқ бачапўш қизларга кўра, айнан шу тажриба уларга жасорат, мустақиллик ва етакчилик қобилиятини берган. Мутаххасислар бу қобилиятлар қизларда икки қарама-қарши ҳис-туйғу уйғотишини айтишади.
Шундай экан, йиллар оша келаётган савол бугун ҳам жавобсиз қолмоқда: қачон Афғон қизлари эркинлик ва ҳурматга ўғил болалардек, ўз қиёфасини яширмасдан, ҳаққоний равишда эга бўлишади?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳукминанинг Афғонистонда қизлар таълимига қўшган ҳиссаси
Ҳукмина Толибон ҳукуматини Ислом дини доирасида қизлар учун мактабларни очишга чақиради. "Уларга айтадиганим шуки Ислом дини бундай эмас. Афғонистонда Ислом талабларини ҳеч ким бузмаган. Орамиздан Малаладек мард аёллар чиққан. Шундай қаҳрамонлар, докторлар ўзимиздан чиқса, улар саъй-ҳаракати билан биз четга қарам бўлмаймиз. Ўзгаларга қулликдан қутиламиз. Шундай экан, қизларимизга мактабни очиб беришсин. Ўз ҳижобида, исломий кийимида, бурқа киядими, ёки ҳижобми, муллаларга қандай кийим ёқса қизларимиз кийсин ва мактаб ўқисин", дея суҳбатни якунлайди у.
Mullalarga qanday kiyim yoqsa qizlarimiz kiyisin va maktabda o‘qisin
"Ҳаёт йўли машаққатли бўлишига қарамай, Ҳукмина ўзига тегишли бўлган ер майдонидан мактаб учун жой ажратди", дейди BBC Афғон ҳизмати мухбири Спин Танай.
"У ерининг бир қисмини ўғил болалар мактаби учун, бошқа қисмини қиз болалар мактаби учун тақдим этди.
Афғонистонда Ҳукминага ўхшаган таълим олишни, ёрқин ҳаёт кечиришни истайдиган ҳотин-қизлар кўп, лекин афсуски уларнинг овозини ҳеч ким эшитишни хоҳламаяпти".

Тўрт йиллик сукут: Афғонистон қизлари келажакдан узилиб қолмоқда
Афғонистон қизлари учун таълим олиш ҳуқуқи йил сайин қўлдан кетиб, оқибатлари энди яшириб бўлмас даражага етган.
UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел 2025 йил 17 сентабр куни Ню-Йоркдан қилган баёнотида жумладан шундай деган эди: "6-синфдан юқори бўлган Афғонистон қизлари ўқишга қўйилмаганига тўрт йил бўлди."
Халқаро ташкилотларга кўра, 2025 йил охирига келиб 2.2 миллиондан ортиқ қиз таълимдан четда қолади, бу йил қўшни давлатлардан 2 миллион афғонистонликлар қайтиб келгани сабаб бу рақам янада кўпаймоқда.
Яқинда содир бўлган ва 1172 нафар болани ҳаётдан олиб кетган ҳалокатли зилзила эса малакали аёл шифокорлар ва ижтимоий ходимларга бўлган эҳтиёж қанчалик катта эканини яна бир бор кўрсатди. Қизлар ўқимаса, бундай касблар ва бошқалари йўқолиб кетиши мумкин.

Сурат манбаси, Screenshot
Бу йилнинг 26 март куни БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA) қизларнинг ўрта мактабга боришига қўйилган тақиқ кетма-кет тўртинчи йилга киргани муносабати билан чуқур ҳавотир билдирди.
БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбаева янги ўқув йили ҳам яна "қизларнинг синф хоналаридаги ачинарли ҳолат, яни уларнинг йўқлиги билан бошланди" дея таъкидлади.
UNICEF маълумотларига кўра, ҳозиргача 2.2 миллион қиз таълимдан маҳрум бўлган, шундан 400 минг нафари 2025 йилга тўғри келади.
Агар тақиқ 2030 йилгача давом этса, 4 миллиондан ортиқ қизнинг келажаги издан чиқади. UNAMAга кўра бу тақиқ Афғонистон ривожланишини орқага тортмоқда ва мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада йироқлаштирмоқда.
Afg‘oniston qizlari nafaqat darsdan, balki ijtimoiy muloqot, shaxsiy rivojlanish, o‘z kelajagini shakllantirish imkonidan mahrum bo‘lmoqda
БМТ агентликларининг баёноти шуни кўрсатадики, бу фақат таълим муаммоси эмас балки инсонпарварлик, иқтисодий ва ижтимоий инқирознинг чуқурлашган кўринишидир.
Кетрин Рассел Афғонистон қизлари нафақат дарсдан, балки "ижтимоий мулоқот, шахсий ривожланиш, ўз келажагини шакллантириш имконидан" маҳрум бўлаётганини айтди. UNICEF ходимлари эса уйга қамалиб қолган қизлар орасида руҳий тушкунлик, эрта турмуш ва юқори туғилиш кўрсаткичлари ортиб бораётганини қайд этмоқда.

Сурат манбаси, Screenshot
БМТ агентликларининг таъкидлашича ҳеч бир жамият ўз фарзандларининг ярмини сукутга маҳкум қилган ҳолда ривожлана олмайди.
Рассел айтганидек, қизларнинг таълимдан маҳрум қилиниши "бизнинг давримиздаги энг катта адолатсизликлардан биридир". Халқаро ташкилотлар тақиқ дарҳол бекор қилиниши керак дейишмоқда.












