Ғазони қандай қайта қуриш мумкин?

- Author, Пол Адамс
- Role, Би-би-сининг дипломатик мухбири
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
Ҳали ҳам беқарор бўлган оташкесим шароитида ғазоликлар ўз ҳаётларини тиклаш учун дастлабки эҳтиёткор қадамларини қўймоқдалар.
Булдозерлар йўлларни тозалаяпти, уруш вайроналари юк машиналарига ортилаяпти. Йўлнинг икки томонида бетону буралган металл уюмлари – бир пайтлар гавжум бўлган маҳаллалар қолдиқлари ётибди.
Ғазо шаҳрининг баъзи қисмларини умуман таниб бўлмайди.
"Бу менинг уйим эди", – дейди Абу Ияд Ҳамдуна. У бир пайтлар Ғазо шаҳрининг энг гавжум маҳаллаларидан бири бўлган Шайх Радвандаги бетон ва пўлат уюмига ишора қилади.
"Шу ерда эди. Лекин энди уй ҳам йўқ."
Абу Ияд 63 ёшда.
Агар Ғазо қачонлардир кулдан яна қайта тикланса, буни кўришга умри етишига ишонмайди.
"Бу тезликда, менимча, 10 йил керак бўлади."
У чарчаган ва тақдирга тан бергандек кўринади. "Биз ўлиб кетамиз... қайта қурилишни кўрмай ўтиб кетамиз."

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Яқин атрофда 43 ёшли Ниҳад ал-Мадҳун ва унинг жияни Саид бир пайтлар уй бўлган вайроналарни титкилашади.
Бино ҳар лаҳза қулаб тушиши мумкин, аммо бу уларни тўхтата олмайди – улар эски ғишт блокларини йиғиб, эски қизил дивандаги қалин чангни тозалайдилар.
"Вайроналарни тозалашнинг ўзига беш йилдан кўпроқ вақт кетиши мумкин, – дейди у. – Кутамиз. Бошқа чорамиз йўқ."
Вазифанинг кўлами ҳайратланарли. БМТ зарар миқдорини 70 миллиард доллар деб баҳолайди.
БМТнинг сунъий йўлдош маркази Unosat маълумотларига кўра, 300 мингга яқин уй ва квартиралар шикастланган ёки вайрон қилинган.
Ғазо сектори портламаган хавфли бомбалар ва остида инсон жасадлари қолган 60 миллион тонна вайронага тўла.

Жами сўнгги икки йил ичида Ғазода 68 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, дейди Ғазонинг Ҳамас бошқарувидаги соғликни сақлаш вазирлиги.
Унинг маълумотлари БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тан олинган.
Бундай вайронагарчиликлар ичида ишни нимадан бошлашни билиш қийин.
Ғоялар етарли, узоқ пойтахтларда ўтирган, пул ва ҳокимият эгалари ўйлаб топган улкан лойиҳалар ҳам бор.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўз фикрини билдирди.
Аммо биз суҳбатлашган ғазоликлар чет элда тузилган режаларга шубҳа билан қарайдилар ва уларнинг ҳам ўз тасаввурлари бор. Демак, Ғазонинг келажагини шакллантириш учун кураш бошланмоқда.
Савол шуки, ким устун келади?
Трампнинг риверасидан Қақнус режасигача
Ғазо шаҳрининг Ҳамас томонидан тайинланган ҳокими Яҳё ас-Сарраж фосфорли камзул кийиб, кўчаларда вайроналарни кўздан кечираяпти.
У аллақачон дўконлар ва ресторанлар очила бошлади дейди.
"Албатта, бу жуда камтарона, – дейди у, – лекин улар яшашни истайдилар ва яшашга ҳақлилар."
Бундай вайронагарчилик Ғазога бегона эмас, деб қўшиб қўяди у, 2023 йил 7 октябрда Ҳамас Исроилга уюштирган даҳшатли ҳужумлардан кейин бошланган урушдан олдинги бир неча можароларни эслаб.
"Кўплаб халқаро, маҳаллий, минтақавий режалар ҳақида эшитдик. [Аммо] бизнинг ўз режамиз бор.
Биз уни Ғазо Қақнуси деб атаймиз."
Бу уруш пайтида пайдо бўлган биринчи маҳаллий Фаластин режаси – у ҳақдаги компютерда яратилган видеода вайрон бўлган жамоалар гўё сеҳрли тарзда замонавий маҳаллаларга айлантирилганини кўриш мумкин.
"Биз бўшлиқни тўлдиришни хоҳладик," дейди Жаҳон Банкининг собиқ менежери, урушдан кейинги Ироқ каби можароли ҳудудларда 30 йиллик тажрибага эга Яра Салим.
"Мамлакатингиз ҳақида ўз тасаввурингиз бўлмай туриб, чет элликларнинг қайта қуриш режалари тепадан туширилиши мумкин эмас."
Баъзилари чет элда яшаётган 700 га яқин тикланиш бўйича фаластинлик мутахассислардан иборат кенг коалициянинг 13 ойлик меҳнатидан кейин феврал ойида Қақнус режаси эълон қилинди.
У Ғазо секторидаги меъмор ва муҳандисларнинг билим ва тажрибасига ҳам асосланган. Ғояни ривожлантиришга босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Бирзеит Университети талабалари ҳам жалб қилинганлар.
Муниципалитетлар устидан сиёсий назоратга эга Ҳамас бунга аралашмаган.
Бугунги кунда Қақнус режаси муаллифлари унинг тақдири ўз қўлларидан чиқиб кетганини, Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги рақобатчи кучлар Ғазо келажагини назорат қилиш учун курашаётганини билишади.
Қақнус режаси Президент Трамп томонидан феврал ойида Оқ Уйда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашуви чоғида биринчи марта айтилган мунозарали таклиф – "Ғазо ривераси"дан кескин фарқ қилади.

Сурат манбаси, Phoenix
Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида сунъий интеллект ёрдамида яратилган бир видеони қайта жойлаштирди. Унда у, Нетаняҳу ва миллиардер тадбиркор Илон Маскнинг Дубай услубидаги фантазияси акс этган эди.
Гарчи видео аниқ ҳазил бўлса-да, Президент Трамп аллақачон АҚШнинг Ғазога "узоқ муддат эгалик қилиши" ҳақида гапирган эди.
Унинг куёви Жаред Кушнер ўтган йили Ҳарвард университети тингловчиларига шундай деган эди:

Сурат манбаси, Getty Images
"Агар одамлар ҳаётий шарт-шароитни яратишга эътибор қаратса, Ғазонинг соҳилбўйи ҳудудлари жуда қимматли мулк бўлиши мумкин."
Трампнинг октябр ойида келишилган оташкесим бўйича 20 бандли таклифида "Ғазони қайта қуриш ва ривожлантириш учун Трамп иқтисодий ривожланиш режаси" ва бошқарувни назорат қилиш учун халқаро "Тинчлик кенгаши"ни ташкил этиш назарда тутилган.
Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блернинг ушбу кенгашга раҳбарлик қилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар бор.
Юқори технологияли, сунъий интеллектдан қувватланган "ақлли шаҳарлар"
Бироқ Трампнинг "Ғазо ривераси" – келажакдаги Ғазонинг ягона ёрқин тасвири эмас.
Август ойида The Washington Post газетаси эълон қилган махфий ҳужжатда 10 йил давомида АҚШ васийлигида бўладиган юқори технологияли Ғазо сектори ҳақида шунга ўхшаш ғоя илгари сурилган.
"GREAT" (Gaza Reconstitution, Economic Acceleration and Transformation Trust – Ғазони қайта тиклаш, иқтисодий жадаллаштириш ва трансформация трести) деб номланган режа исроиллик ва америкалик маслаҳатчилар томонидан ва Тони Блернинг Глобал ўзгаришлар институти аъзолари иштирокида ишлаб чиқилгани айтилган.
Режада бир қатор "замонавий ва сунъий интеллектдан қувватланадиган ақлли шаҳарлар" яратиш кўзда тутилган бўлиб, "Ғазодаги давомий қўзғолонлар"нинг асосий сабаби сифатида шаҳар дизайнининг номукаммаллиги кўрсатилган.

Сурат манбаси, Great

Сурат манбаси, Great
"Вайрон қилинган Эрон проксисидан фаровон Иброҳимий иттифоқчига" номли сарлавҳа остидаги режа, Трампнинг биринчи президентлик муддатида имзоланган Абраҳам битимларига ишора қилади. Унда қайта тикланган Ғазо кенг кўламли минтақавий тинчлик ташаббусининг бир қисми бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Режада "ихтиёрий кўчиш" ғоясига ҳам эътибор қаратилган. Унга кўра, Ғазо аҳолисининг тўртдан бир қисми 5000 доллар миқдорида кўчириш тўлови олади ва хорижда субсидияланган ижара ҳақи эвазига яшайди.
Буларнинг барчаси Ғазонинг мавжуд инфратузилмасини сақлаш ва имкон қадар ҳудуднинг ижтимоий ва географик тузилишини тиклашга қаратилган "Қақнус" режасидан кескин фарқ қилади.

Сурат манбаси, .
"Бу каби деярли хаёлий режалар ташвишланарли фалокатли капитализмга йўл очаяпти," дейди Фаластин иқтисодий сиёсат тадқиқот институти мустақил таҳлил маркази бош директори Ража Холидий.
"Давлат қандай Ғазони қуришни, қачон қуришни ва бу қанчага тушишини режалаштириш имкониятига эга.
Бу Фаластиннинг ўз режаси бўлиши керак – биз четда қолиб кетишимиздан хавотирдаман."

Сурат манбаси, Reuters
АҚШнинг RAND ноҳукумат таҳлил маркази катта илмий ходими, Ғазони қайта тиклаш бўйича батафсил тадқиқот ҳаммуаллифи Шелли Калбертсон ҳам Ғазо секторини Дубайнинг янги версиясига айлантиришларини кутиб турган оппоқ қоғоз деб ҳисобламаслик кераклигини таъкидлайди.
"Бу ерда минг йиллик тарихга эга шаҳарлар, бой мерос бор, – дейди у. – Ҳаммасини йўқ қилиб, бошидан бошлаш яхши амалиёт эмас. Аксинча, мавжуд нарсаларни ҳисобга олиб қуриш керак."
"Ғазонинг қалби ва руҳи"
Булар ягона режалар эмас. Миср томонидан ишлаб чиқилган ва март ойида Қоҳирада бўлиб ўтган саммитда Араб давлатлари лигаси шошилинч қабул қилган яна бир режа Ғазони беш йил ичида қайта қуришни назарда тутади.
"Қақнус" режаси каби, бу режада ҳам "эгалик ҳиссини шакллантириш ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун" ғазоликларни ҳар бир босқичга жалб қилиш муҳимлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, Президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин Маъмурияти (ФМ) Ғазо сектори бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқмоқда. Бу Ғазо ва ишғол остидаги Ғарбий Соҳилни келажакдаги Фаластин давлатида қайта бирлаштириш бўйича кенгроқ режанинг бир қисмидир.
Рамаллоҳдаги офисида ФМ режалаштириш вазири Эстефан Салама менга қандай режа қабул қилинишидан қатъи назар, келажакда Ғазонинг қиёфаси ўзгаришини, аммо баъзи нарсалар ўзгармай қолиши кераклигини айтди.

"Ғазо аҳолисининг 70 фоизи фаластинлик қочқинлар эканини унутманг, – дейди у. – Биз қочқин ўзлигини сақлаб қолишимиз керак. Ғазонинг жони ва руҳини асрашимиз лозим."
Салама учун бу Ғазонинг урушдан олдинги қочқинлар лагерларини қайта тиклашни англатади. Бу лагерларда 1948-1949 йилларда Исроил давлати ташкил этилган чоғда, уруш вақтларида қочган ёки ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилган фаластинликларнинг юз минглаб авлодлари яшаб келмоқда.
Вақт ўтиши билан лагерлар 1950-йиллардаги брезент чодирлар ва тунука кулбалардан дунёдаги зич гавжум жамоаларга айланди.

Сурат манбаси, Reuters
Фаластин Маъмурияти режасидан кўзланган мақсад, кулбаларни қайта тиклаш эмас, балки аҳил жамоаларни тиклашдир.
"Биз Жабалияни аввалги жойида қайта қуришни хоҳлаймиз," дейди Салама, бир вақтлар 100 000 дан ортиқ одам яшаган ва ҳозирда асосан вайрон бўлган энг катта лагерни назарда тутиб.
Аммо ҳозирча Фаластин Маъмурияти Ғазони эмас, фақат Ғарбий Соҳилни назорат қила олади.
Трампнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасига кўра, Тинчлик кенгаши "Фаластин маъмурияти ислоҳотлар дастурини якунлагунча" Ғазони қайта қуриш билан шуғулланади.
Секин, машаққатли жараён
Қайта қуриш, эҳтимол, Шелли Калбертсон "босқичма-босқич шаҳарлаштириш" деб атаган секин ва машаққатли жараён бўлиши мумкин.
"Зарарланган, аммо яроқли ҳудудларда яшаш ва шу ерда туриб қайта қуриш, бизнингча, жамоаларни сақлаб қолиш ва одамларга қайтаришнинг асосий йўли бўлади," дейди у.
[Аммо] баъзи жойлар шунчалик вайрон бўлган, шикастланган ва хавфлики, уларни тўсиқ билан ўраш, бутунлай бузиб ташлаш ва қайта қуриш керак.
"Бу беш йиллик тикланиш эмас, балки ўн йиллаб давом этиши мумкин."

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Фаластин маъмуриятининг режалаштириш вазири муддат қисқароқ бўлишини, бироқ сиёсий ва хавфсизлик чоралари йўлга солинмагунча, чегаралар очилмагунча (қурилиш материалларини олиб киришга рухсат берилиши учун) ва маблағ ажратилмагунча ҳеч нарса бошланмаслигини таъкидлайди.
Лекин муаммо шундаки, халқаро ҳомийлар Ғазони қайта қуриш учун зарур ўнлаб миллиард долларни ваъда қилиши учун тикланиш режаси борасида келишув бўлиши лозим.
Миср қайта қуриш бўйича саммит ўтказишни режалаштирмоқда, бироқ унинг санаси ҳали белгиланмаган. Энг эҳтимолий молиялаштирувчилар – Саудия Арабистони ва БАА. Улар яна бир уруш бўлиб, қилган сармоялари ҳавога совурилмаслигига кафолат исташади.
Аммо сиёсий тўсиқлар жуда катта. Исроилнинг ҳозирги ҳукумати Саудия Арабистони ҳам талаб қилаётган Фаластин давлатини ташкил этиш режасига қатъий қарши чиқмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил илгари турли мамлакатлардан келган инвесторлар ва қурувчилар Исроил Мудофа кучлари назорати остидаги ҳудудларда қайта қуриш ишларини бошлашига қарши эмаслигини айтган эди.
Яқинда Исроилга ташрифи чоғида Жаред Кушнер Исроил ҳарбий назорати остида бўлган ҳудудда "янги Ғазо" қурилиши ҳақида гапириб, Ҳамас назоратидаги ҳудудларга қайта қуриш учун маблағ йўналтирилмаслигини айтди.
Бироқ Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш режими қил устида турганда, Исроил билан Ҳамас ҳали ҳам вақти-вақти билан бир-бирига зарба бераётганда, жиддий ҳаракатлар бўлиши қийин.
Ғазо шаҳрининг Шайх Радван маҳалласидаги вайронага қайтган Абу Ияд Ҳамдунани эса бошқа нарса кўпроқ ташвишга солаяпти.
"Қайта қуриш? – хитоб қилади у. – Сув-чи?"
Уруш пайтидаги бешта мажбурий кўчишдан сўнг, Абу Ияд шунчаки ўз жойида қолишни, топган ҳар қандай бошпанада яшашни ёки ўзи учун бошпана қуришни хоҳлайди.
У Қақнуснинг қайта туғилишини ёки умуман Ғазо риверасининг пайдо бўлишини кутиб ўтирмоқчи эмас.
"Мана, чодир тикяпмиз, – дейди у. – Биз ҳали яшай олмаётган уйимиз ёнида чодир тикиб ўтирибмиз."
Мақоладаги биринчи сурат муаллифлик ҳуқуқи: Bloomberg/Reuters/ Phoenix. Суратда вайрон бўлган Ғазо бинолари ва сунъий идрокдан фойдаланиб ясалган Қақнус режаси. Президент Трамп














