Узоқ йиллик қамоқ ё ўлим билан юзма-юз: Тайланд 40 уйғурни нега Хитойга топширди?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тайланд ҳукумати камида 40 нафар уйғур Хитойга депортация қилинганини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари улар Хитойда қийноқлар ва ҳатто ўлимга юз тутишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб Тайланд ҳукуматини уйғурларни Хитойга бермасликка чақирганди.

Бу уйғурлар гуруҳи Тайланддаги ҳибсхонада 10 йил ушлаб турилишлари ортидан пайшанба куни Хитойнинг Шинжон вилоятига учирилган.

Хитой ўзининг асосан мусулмон этник гуруҳлар яшовчи Шинжон ҳудудида уйғурларга қарши инсониятга қарши жиноятлар ва эҳтимолий геноцидни амалга оширишда айбланган. Пекин бу айбларни рад этади.

Тайланд охирги марта уйғурларни Хитойга 2015 йилда депортация қилган эди.

АҚШ ва БМТ томонидан жиддий хавотирлар изҳор қилиниши ортидан, бу сафарги депортация сир тутилаётганди.

Тайланд матбуоти хабар қилишича, деразалари қора пластик билан тўсилган бир неча юк машиналари Бангкокдаги бош иммиграция ҳибсхонасидан пайшанба тонгида чиқиб кетди.

Бир неча соат ўтиб, Flightrader24 парвозларни кузатиш сайтида кўринишича, China Southern Airlines авиакомпаниясининг режаланмаган парвози Бангкокдан учиб, Шинжонга қўнди. Неча одам депортация қилингани ҳозирча номаълум.

Тайланд мудофаа вазирининг Рейтерсга айтишича, Пекин бу уйғурларга яхши муносабатда бўлишини кафолатлаган.

Хитой ҳукумати Тайланддан 40 хитойлик ноқонуний мигрантлар қайтарилганини тасдиқлади, аммо улар уйғур ё уйғур эмасликларини аниқлаштиришдан бош тортди.

"Репатриация Хитой ва Тайланднинг қонунлари, халқаро қонунлар ва халқаро тажрибага мос равишда амалга оширилди", дейилди Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Хитой давлат матбуотига кўра, ушбу гуруҳ жиноий гуруҳлар "жодусига учраган" ва ўз мамлакатларини ташлаб чиққач Тайландда қолиб кетганлар.

Тайланд Бош вазири Пхетхонгтхан Чинават журналистлар саволларига жавоб бераётганида, аввалига депортация амалга оширилганини тасдиқламади.

"Ҳар қайси давлатда амаллар қонун тамойиллари, халқаро жараёнлар ва инсон ҳуқуқларига мос бўлиши керак", - деди Чинават хоним.

Депортация қилинган уйғурлар гуруҳи 2014 йилда Шинжондаги босимлардан қочгач Тайланд чегарасида ҳибсга олинган 300 уйғурларнинг охиргилари экани ишонилади.

Уларнинг кўплари уйғурларга одатда бошпана берадиган Туркияга юборилган, бошқалари эса 2015 йилда Хитойга қайтарилганди. Уларнинг қайтарилиши ўшанда ҳукуматлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қаттиқ қораланган.

"Тайланд ҳукумати нима қиляпти?", деб сўради пайшанба куни мухолифатдаги депутат Каннави Суебсанг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

"Уйғурлар қувғинга солиниш учун депортация қилинмасликлари керак. Улар 11 йил тутқунликда бўлишди. Биз уларнинг инсон ҳуқуқларини узоқ вақт топтадик", - деди у.

Уйғурлар сақланган ҳибсхона гигиена қоидаларига риоя қилмагани ва тутқунларга тўла экани хабар қилинган. Уларга Тайландга визасиз киришдан бошқа ҳеч қандай жиноий абловлар қўйилмаган. Улардан беш нафари шу миграция қамоқхонасида оламдан ўтган.

"Авторитар қўшни билан ҳамкорлик"

Пайшанба кунги баёнотида Human Rights Watch депортация қилинган уйғурлар энди қийноқлар, йўқолиб қолиш ёки узоқ муддатли қамоқ жазоларига юз тутишларини айтди.

"Тайланднинг уйғур маҳбусларни Хитойга қайтариши Тайланднинг ички ва халқаро қонунлардаги мажбуриятларига буткул зиддир. Кеча (чоршанба)гача Тайланд расмийлари, хусусан ўз иттифоқчилари ва БМТ расмийларига, бу одамлар қайтарилмайди дея бир неча бор очиқ кафолатлар беришди", - деди Human Rights Watch Осиё директори Элейн Пэрсон.

Asia Human Rights and Labour Advocates (Осиё инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳимоячилари) ташкилоти директори Фил Робертсон Тайланд ҳукумати "чегара оша репрессиялар ва авторитар қўшнилар билан ҳамкорлик"ка келганда, бу депортациялар билан ўз обрўсини "буткул вайрон" қилганини айтди.

Халқаро Амнести ташкилоти депортацияни "тасаввур қилмас даражада шафқатсиз" дея тасвирлади.

АҚШ Конгрессидаги Хитой қўмитаси чоршанба куни чиқарган баёнотида депортациялар "Тайланд қироллигининг халқаро қонунлардаги мажбуриятларига очиқчасига хилоф" эканидан огоҳлантирди.

БМТ бу вазиятдан "чуқур таассуфда" эканини айтди.

Би-би-си билан суҳбатда ўз исми сир қолишини сўраган минтақадаги уйғур фаол бу йил Тайланд ва Хитой ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 50 йиллигини нишонлашга тайёрланишаётгани ва бу депортация Тайланд номидан Хитойга ўзига хос "совға" эканини айтди.

Хитойнинг Шинжон уйғур автоном ҳудуди дея расман номланган ҳудудда асосан мусулмонлардан ташкил топган 12 миллион уйғур аҳоли яшайди.

Охирги йилларда Хитой ҳукуматининг Шинжондаги озчилик аҳоли таркибини ўзгартириш мақсадида хан хитойликларни оммавий рақишда Шинжонга кўчиргани кузатилди. Ҳозирда Шинжондаги аҳолининг ярмидан камида уйғурлардир.

Хитой мусулмон уламоларни нишонга олиш ва Шинжонда диний турмуш тарзини ман қилиш, ҳамда масжидлар ва минораларни бузишда айбланган.