Туркия: Минглаб одамлар намойишларга чиқишмоқда. Гап Имомўғлидами ёки Эрдўғанда - Видео

    • Author, Жеймс Грегори
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Туркия бўйлаб ўн минглаб одамлар Истанбул мэри Акрам Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши норозилик билдирмоқда – у Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг асосий сиёсий рақиби ҳисобланади.

Намойишчилар кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқлар билан нишонга олиниб, яқин ўн йилда кўрилмаган тартибсизликка айланди.

Туркия ҳал қилувчи паллада турибдими ёки мухолифат энди нима қилмоқчи - видеомизни томоша қилинг:

Норозилик намойишларига нима сабаб бўлди?

19 март куни Истанбулда Акрам Имомўғлининг ҳибсга олиниши норозилик намойишларини келтириб чиқарди.

Бу воқеа Имомўғлининг дунёвий Республика халқ партияси (CHP)дан президентлик сайловига номзод сифатида сайланишидан р неча кун олдин содир бўлди. Якшанба куни у қамоқхонада бўлган ҳолда рамзий овоз бериш натижасида 2028 йилги сайлов учун партия номзоди сифатида тасдиқланди.

Прокурорлар Имомўғлини коррупцияда айбламоқда, у эса бу айбловларни рад этмоқда. Тергов доирасида 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Якшанба куни у расман ҳибсга олиниб, унга "жиноий ташкилот тузиш ва бошқариш, пора олиш, товламачилик, шахсий маълумотларни ноқонуний ёзиб олиш ва тендерни сохталаштириш" айбловлари қўйилди. Шунингдек, у Истанбул мэри лавозимидан четлаштирилди.

Унинг CHP партияси бу ҳибсни "кейинги президентимизга қарши тўнтариш" деб баҳолади ва тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирди.

Истанбулдаги бир неча университет талабалари "Биз қўрқмаймиз, жим турмаймиз, бўйсунмаймиз" деб шиорлар айтиб намойиш ўтказди – бу Туркияда мухолифатчилари орасида машҳур бўлган шиордир.

Дастлаб, Истанбул каби 16 миллион аҳолига эга шаҳар учун намойишлар нисбатан кичик миқёсда бўлди.

Бироқ, бу намойишлар кейинчалик Туркиянинг бошқа ўнлаб шаҳарларига тарқалди ва охирги ўн йил ичида кузатилмаган даражага етди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Намойишлар асосан тинч ўтмоқда, лекин полиция томонидан сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.

Сўнгги ойларда мухолифатчи сиёсатчилар, журналистлар ва санъат аҳлига қарши катта миқёсда босимлар ўтказилаётганди.

Айрим намойишчилар бу норозиликлар нафақат Имомўғлини ҳимоя қилиш, балки Туркиянинг тобора автократик тузумга оғиши, иқтисод ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳам кўтаришини таъкидлашмоқда.

Кимлар намойиш ўтказмоқда?

Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши чиқаётганларнинг кўпчилиги университет талабаларидир.

Чоршанба куни Истанбул университети олдида талабалар йиғилиб, полиция тўсиғини бузиб ўтишга муваффақ бўлди ва шаҳар мэрияси жойлашган Сарчане ҳудудига йўл олди.

Пайшанба куни ҳам Истанбулдаги бир неча университет шаҳарчаларида намойишлар ўтказилди ва кейинчалик кўчаларга тарқалди.

Туркия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишлар бошланганидан бери 1,100 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Шунингдек, Истанбул ва Измирда намойишларни ёритган камида 10 нафар журналист полиция томонидан ҳибсга олинди.

Якшанба куни CHP партиядан президентлик номзоди учун овоз бериш жараёнини давом эттирди. Тарафдорлар рамзий овоз беришда Имомўғлига овоз бердилар.

Истанбул шаҳар мэрияси олдида овоз берган 29 ёшли Ферҳат AFP агентлигига шундай деди:

"Ҳар сафар Эрдоғанга кучли рақиб чиқса, уни қамашади. Туркияда ҳозир диктатура ҳукм суряпти, бошқа ҳеч нарса йўқ".

70 ёшли Шукру Илкер эса намойишчилар полиция билан тўқнашишни хоҳламаётганини, фақат сайланган номзодни ҳимоя қилиш учун чиққанини таъкидлади.

63 ёшли дорихоначи Айтен Октай эса:

"Туркия уйғонди. Биз ҳуқуқларимизни охиригача ҳимоя қиламиз," – деди.

Туркия ҳукумати қандай жавоб қайтармоқда?

Президент Режеп Таййип Эрдоған намойишларни қоралаб, ҳукумат "вандализм" ёки "кўча терроризми" олдида таслим бўлмаслигини айтди.

"Жамоат тартибини бузишга йўл қўймаймиз," – деди у.

Турк ҳукумати оммавий йиғилишларни таъқиқлади, лекин бу намойишчиларни тўхтата олмади.

Эрдоған ва унинг маъмурияти Имомўғлининг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, Туркия суд тизими мустақил эканини айтмоқда.

Туркия президенти CHP коррупция айбловларига аниқ жавоб бермаганини ва партия раҳбари Ўзгур Ўзелни кўчаларда тартибсизлик чиқаришда айблади.

Душанба куни Европа Комиссияси Туркияни "Европа Кенгаши аъзоси ва ЕИга номзод давлат сифатида демократик қадриятларга риоя қилишга" чақирди.

Эрдоған қачондан бери ҳокимиятда?

Эрдоған 22 йилдан буён ҳокимиятда бўлиб, Туркиянинг Исломга мойил Адолат ва тараққиёт партияси (АКП) асосчиси сифатида бош вазир ва президент лавозимларини эгаллаб келмоқда.

Конституцияга кўра, у конституцияни ўзгартирмаса, 2028 йилги сайловда номзод бўла олмайди.

2016 йилда Эрдоған ва унинг ҳукумати Истанбул ва Анқарада 256 киши ҳалок бўлган давлат тўнтаришига уринишдан омон қолган.

Тарафдорлари уни йиллар давомида иқтисодий ўсишни таъминлаган етакчи деб билади. Аммо танқидчилари уни мухолифатга тоқатсиз ва мустабид ҳоким деб ҳисоблайди.