Путин яна Сурияга киришга уринмоқда: Дамашқ бундан манфаатдорми?

Путин ва аш-Шараа

Сурат манбаси, Sergei Bobylev/POOL/TASS

Сурат тагсўзи, Путин ва аш-Шараа
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шараа чоршанба куни расмий ташриф билан Москвага келди. Россияга илк бор ташрифида у Кремлда Президент Владимир Путин билан учрашди.

Музокаралар икки ярим соат давом этди, деб хабар беради "ТАСС". Кремль сайти фақат учрашув очилиши ҳақидаги хабарни чоп этди, ОАВ эса Путин ва аш-Шараа кейин нималарни муҳокама қилгани ҳақида хабар бермади.

Москва йиллар давомида қўллаб-қувватлаган президент Башар ал-Ассадни ҳокимиятдан ағдарган қуролли мухолифатнинг собиқ етакчиси билан музокараларда Путиннинг маслаҳатчилари, мудофаа вазири Андрей Белоусов ва ГРУ раҳбари Игор Костюков иштирок этди.

Россия президенти учрашув бошида таъкидлаганидек, Москва ҳар доим "Сурия халқи манфаатлари"ни ҳисобга олган. "Россияга хуш келибсиз!" дея Путин Суриянинг янги раҳбарини қутлади. Аш-Шараа бунга жавобан икки мамлакат "ҳақиқатан ҳам узоқ йиллик тарихий алоқаларга эга" ва ҳозир "дунё янги Сурия билан танишмоқда", деди. У Москва ва Дамашқ ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилди: "Биз мураккаб муносабатларимизни тиклашга ҳаракат қиламиз".

Путиннинг аш-Шараа билан учрашуви олдидан Суриянинг Ал Ҳадат телеканали ва Рейтерс агентлиги муваққат президент Россиядан сурияликларга қарши жиноятлар учун Ассадни экстрадиция қилишни расман сўрамоқчи экани ҳақида хабар берди. Рейтерс хабарига кўра, кун тартибида Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Тартусдаги база ва Хмеймимдаги авиабазада қолишлари масаласи ҳам бор эди.

Хабарларга кўра, аш-Шараа Ассаднинг Сурияга қайтариб берилишини истайди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Хабарларга кўра, аш-Шараа Ассаднинг Сурияга қайтариб берилишини истайди.

"Шубҳасиз, президент билан суҳбат чоғида [ҳаво базаси мавзуси] у ёки бу тарзда кўтарилади", деди музокаралар олдидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Рейтерс хабарига кўра, аш-Шараа иқтисодий имтиёзлар, жумладан, имтиёзли шартларда буғдой етказиб беришни қайта тиклаш ва уруш натижасида етказилган зарарни қоплашни ҳам истайди. У Москванинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор, чунки Исроилнинг Сурия жанубида кенгроқ демилитаризация ҳудудини ташкил этиш ҳақидаги талабларига қаршилик кўрсатиш ниятида.

Агентлик манбаларидан бирига кўра, Сурия раҳбари Исроилнинг кейинги босқинига қарши кафил сифатида Россия ҳарбий полициясини қайта жойлаштириш масаласини ҳам кўтариши мумкин.

Ҳарбий базаларнинг келажаги

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Аш-Шараа Россия ва кўплаб Ғарб давлатлари томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилган "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) исломий гуруҳининг раҳбари сифатида Сурия ҳукуматига келди.

ҲТШ 2024 йил декабрида президент Ассадни ағдариб, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритди. Армия кам қаршилик кўрсатди, Ассад ва унинг оиласи Суриядан қочиб, Россиядан бошпана олди.

Ассад режими қулаганидан кўп ўтмай, Россия Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартира бошлагани, Тартусдан транспорт воситалари ва контейнерларни олиб чиқиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳарбий техниканинг фаол қатнови Хмеймимда ҳам қайд этилган. 1970 йилларда Совет Иттифоқи томонидан қурилган, кейин эса 2012 йилда Россия томонидан кенгайтирилган ва модернизация қилинган Тартус порти сўнгги йилларда Россия учун ёқилғи қуйиш, етказиб бериш ва кемаларни таъмирлашни таъминловчи Ўрта ер денгизидаги асосий база бўлиб келган.

Хмеймим авиабазаси 2015 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.У ердан Россия учоқлари Ассад режимига мухолифларга зарбалар берган. Ассаднинг қулаши Россиянинг Суриядаги ҳозирлигини шубҳа остига қўйди.

Ассадни экстрадиция қилиш талаби

ash-Sharaa
Reuters
Suriyadagi qurollar to‘liq Rossiyada ishlab chiqilgan. Hamda, oziq-ovqat va energiya ta’minoti bo‘yicha Suriya ko‘p yillardan beri Rossiyaga tayanib kelgan ko‘plab kelishuvlar bor.
Ahmad ash-Sharaa
Suriya muvaqqat prezidenti (bbc.com/uzbek)

Суриянинг собиқ президенти Башар ал-Ассад мамлакатни тарк этиб, Россиядан сиёсий бошпана олди. Россия матбуотига кўра, Ассадлар оиласи ҳозир Москвада яшириниб яшамоқда.

Россия ўз хорижий иттифоқчилари муаммога дуч келса, уларни ҳимоя қила олиши билан фахрланади ва Асадни Дамашққа экстрадиция қилишга рози бўлмаса керак, деб ёзади Рейтерс.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни Россия Ассадга бошпана берганини, чунки унинг ҳаёти таҳдид остида эканини айтди. Апрель ойида аш-Шараа New York Times газетасига Россия Суриядаги янги ҳукуматнинг Ассадни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини рад этганини айтганди. ОАВ хабарларига кўра, Дамашқ бу талабни январь ойидаёқ Москвага юборган. Ўшанда Сурия муваққат президенти Дамашқ Россия билан муносабатларни узиш ниятида эмаслигини айтган эди.

"Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Суриядаги қуроллар тўлиқ Россияда ишлаб чиқилган. Ҳамда, озиқ-овқат ва энергия таъминоти бўйича Сурия кўп йиллардан бери Россияга таяниб келган кўплаб келишувлар мавжуд", - деб айтганди аш-Шараа.